Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Битта чипта тарихи

Баҳо:
+ | -2

Ўзбекистон терма жамоаси мухлислар клуби раҳбари Абдураҳмон Фозилов кўп ўлкаларда бўлган. Аммо унинг сўнгги саёҳати олдингиларидан анча фарқланади. Абдураҳмон бу сафар Бразилияда ўтган жаҳон чемпионати финалини бевосита стадионда кузатди. Аслида бу саёҳат ҳақида мухлислар клуби раҳбари юртимизга қайтгани ҳамоно суҳбатлашишни мақсад қилган эдик. Аммо Таиландда ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва Австралияда бўладиган Осиё кубогига кўрилаётган тайёргарлик туфайли мулоқотни бироз ортга сурдик. Насиб қилган экан, ўтган ҳафта Абдураҳмон Фозилов билан ниҳоят, тўлақонли интервью ташкил қилдик.

АВСТРАЛИЯ САФАРИ

- Австралияга қилинадиган сафар бўйича ташкилий ишлар билан банд эдим, - дейди таҳририятимизга кириб келган Абдураҳмон Фозилов. - Шундай бўлса ҳам, интервью ҳақидаги илтимосингизга йўқ, деёлмадим. Бу сафарги Осиё кубоги қитъадан ташқарида ўтказилиши туфайли олдиндан бориб, барча ташкилий ишларни йўлга қўйиб келмасам бўлмайди. Мухлислар у ерга боргач, овора-сарсон юрмасликлари лозим, ахир. Шу сабабли вақт­лироқ бориб, барчасини тахт қилиб келмоқчиман. Насиб этса, эртага йўлга чиқаман (суҳбат ўтган ҳафта бўлиб ўтган - муал.)

- Бунча эрта? Январда бўладиган мусобақага сал кейинроқ ҳозирлик кўриш мумкин эмасми?

- Агар Осиё кубоги қитъанинг ўзида ўтказилганида, сиз айтгандек, йўл тутсак бўларди. Аммо Австралиядаги шарт-шароитлар бироз бошқача. Мухлислар бизга ишониб у ерга боришгач, кичик кўнгилсизликка учрашса ҳам, клубимиз учун минус ҳисобланади. Мана шундай нохушликлар олдини олиш учун ҳам, олдиндан тадорик кўрган маъқул.

 

КОНКАКАФ ПРЕЗИДЕНТИ ЧИПТАСИ

- Тушунарли. Аслида биз суҳбатни Бразилия сафари ҳақида бошламоқчи эдик. Келинг, аввал шу хусусда тўхталсак...

- Ҳамма билади жаҳон чемпионати 4 йилда бир марта ташкиллаштирилади. Боз устига, бу гал мусобақага Бразилия мезбонлик қилди. Бразилия терма жамоаси иштирокидаги ўйинни ўша мамлакатда туриб кузатишни анчадан буён орзу қилиб юрган эдим. Шу сабабли ҳамма ишларни йиғиштириб, океан ортига йўл олдим. Аммо аксига олиб, жаҳон чемпионати финалига чипта тополмадим. Ярим финал ўйинлари чиптаси кўп муаммо туғдирмади, аммо финал... Шундай бўлса-да, таваккал қилиб йўлга тушдим. Тўғрисини айтсам, Бразилия анча қашшоқ ўлка экан. У ерга саёҳат қилиш ҳам анча хавфли. Рио-де-Жанейро, Сан-Паулу каби шаҳарларда бўлдим. Шаҳар маркази анча кўркам, аммо бироз четга чиқсангиз, харобалар орасига тушиб қоласиз. Ярим финал ўйинларига олган чиптани планшетимнинг ғилофига кўринадиган қилиб солиб қўйган эканман, маҳаллий аҳоли вакилларидан бири дарҳол яширишни маслаҳат берди: «Бу ерлар жуда хавфли, мана шу чипта учун ҳам сизни бир балога гирифтор этишлари мумкин». Кўрганларим асносида ўша маслаҳатга қулоқ солишни маъқул топдим. Бразилияда мен дуч келган энг қизиқ ҳолат эса финал ўйини билан боғлиқ. Аслида у ерга фақат ярим финал ўйинларини томоша қилиш учун боргандим. Финалга чипта топишнинг имкони топилмади. Аммо таваккал қилиб, финал ўйини бўладиган куни ҳам стадионга бордим. Унинг атрофи бир неча ҳалқа билан ўраб олинган экан. Аввал полиция назоратидан ўтасиз, сўнгра шаҳар хавф­сизлиги бўлими, ундан сўнг арена маъмурияти томонидан қўйилган яна бир назорат ҳалқаси... Уларнинг барчасида чипта сўрашади. Агар чиптангизни кўрсатолмасангиз, гапингизга қулоқ ҳам солишмайди, бир четга суриб қўйишади. Ишонасизми, қўлимда чипта йўқ, лекин шу ҳалқаларнинг барчасидан ўтдим. Аммо... Сўнгги ҳалқа чиптадаги штрих-кодни текширадиган, компьютерлаштирилган назорат йўлаги экан. Бу ердан энди ҳеч қанақасига ўтиб бўлмасди. Инсон фактори роль ўйнаган жойда менинг илтимосларим, турли сабаб ва баҳоналарим иш бергандир, аммо компьютерни алдаш мумкинми? Бу ёғига нима қилишни билмай, бир четга ўтиб кузата бошладим. У ерга келаётган одамларни кўрсангиз, ҳайрон қоласиз. Энг ёмони - қалбаки чипталар жуда кўп чиқди. Компьютер қалбакисини аниқлаб бергач, атрофда турган барваста, гавдали қўриқчилар дарҳол омадсиз мухлисни судраб, четга олиб чиқиб ташлаш­япти. Ўша ерда россиялик сайёҳларни ҳам учратдим. Чипталари қалбаки чиққанидан уларнинг фиғони фалакда эди. Сайёҳлик агентлигидан олинган бу чипталар туфайли жиғибийрон бўлган рус сайёҳларига қараб, беихтиёр ўйлаб қолдим: «Бу ўйинга кира олармиканман?» Ўша ерда анча турдим: оз эмас-кўп эмас 5 соатча. Қисқаси, аҳволни кузатдим. Чиптаси қалбаки чиққан аргентиналик чолга роса раҳмим келди. У бир четга ўтиб шундай йиғлардики, ўша вақт  қўлимда чипта бўлганида, бериб юборардим. Бечора чол невараси билан келган экан, хўрлиги келиб йиғларди. Қарангки, Бразилияда ҳам ўзимизнинг ўзбекларга ўхшаган кўнгли юмшоқ, савобталаб инсонлар топиларкан. Ичкаридан қўриқчилар бошлиғи чиқди ва чол билан бироз испанча сўзлашгач, уни ичкарига олиб кириб кетди. Ҳартугул инсофи бор экан... Мен эса анча тушкунликка тушиб қолгандим. Қани эди ортиқча чиптаси бор одам келиб қолсаю, уни менга сотса. Афсуски, мен турган жой назорат ҳалқасининг сўнггиси бўлиб, у ерга қадар чипта сотувчилари етиб келмасдилар. Аммо... Шу вақт мўъжиза рўй берди. Мутасаддилар учун мўлжалланган алоҳида йўлакдан яхши кийиниб олган бир инсон кириб келди ва ўзини кутиб турган 3-4 инсон билан кўришгач, уларга чипта тарқатди ва ортиб қолган 1тасини сумкасига солиб қўйди. Буни кўргач, ўз-ўзидан ҳаракатга тушиб қолдим. Ўша вазиятда қандай қилиб унинг олдига борганим ва «Жаноб, ортиқча чиптангиз бўлса, менга сотинг», деганимни ўзим ҳам билмайман. Бу гапни эшитгач, у аввал ҳайрон қолди, сўнгра бошдан-оёқ қараб, «Қаердансиз?» деб сўради. «Ўзбекистон», - дея жавоб бердим. У киши бундан бироз ўйланиб қолди ва яна сўради: «Чипта нима учун керак?». Табиийки, «Ўйинга тушмоқчиман, олиб-сотиш ниятим йўқ. Мана ярим финал ўйинларига олган чипталаримни ҳам ўзим билан олиб юрибман», - дедим. Жавобим уни қаноатлантирди, шекилли, яна менга бошдан-оёқ разм солди ва кутганимдек сумкасидаги эмас, балки қўлидаги чиптани менга узатди: «Олинг!» Бироз каловланиб қолдим, дарҳол чўнтак ковлашга тушдим. Ке­йин «No», - деган сўзни эшитдим. Шундан сўнг ҳалиги киши чиптани менга тут­қазганча стадион ичига кириб кетди. Мен ҳатто раҳмат айтишга ҳам улгурмадим. Кутилмаган бахтдан шошиб қолгандим. Дарҳол назорат жойига юрдим. Ич-ичимдан омадим келганига ишонолмасдим. Бундай бўлиши мумкин эмас, ахир жаҳон чемпионати финали ҳақида кетяпти! Ким ҳам менга чипта берарди? Балки сохтадир! Аммо қаранг­ки, компьютер чиптамдаги штрих-кодни дарҳол тасдиқлади ва яшил чироқ ёниб, ичкарига киритадиган турникет очилди. Менга омадли инсон эканимни кўп бора айтишганди. Ўша ерда бу гапга ўзим ҳам ишониб кетдим. Ҳа, омадли эканман. Шу тариқа мўъжизамикан ёки омад туфайли жаҳон чемпионати финалига ҳам кирдим. Яна ҳақиқий нархи 1000 доллар, қўлда эса 5, ҳатто 10 мингга чиқиб кетган чиптани мутлақо текинга олдим. Шу билан бирга яхшилик қилган инсон кимлигини билишга ҳам қизиқардим. ФИФА чиқарган ҳар бир чиптага эгасининг номи ҳам ёзилади. Ўша чипта кимнинг номига олинганига қарадим, Жеффри Деон Уэбб. Интернетга кириб ўша номни қидирувга бердим. Ё тавба, айтсам ишонмайсиз - менга чипта берган одам КОНКАКАФ президенти Жеффри Деон Уэбб экан...

 

АЭРОПОРТДАГИ УЧРАШУВ ЁХУД НИҚОБ ТАҚҚАН ЭРМАТОВ

- Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этдилар. ЖЧ вақтида уларни кўрмадингизми?

- Кўрдим, албатта. Аммо тасодифан, унда ҳам қайтиш олдидан. Финал ўйини тугагани ҳамоно аэропортга йўл олдим. Чунки 2 соатдан сўнг учиб кетишим керак эди, шу сабабли ҳатто байрам ва тақдирлаш маросимини ҳам кўролмадим. Аэропортда тумонат одам, ҳамма қайтишга тутинган. Расмиятчиликларни ўрнига қўйгач, бир четга ўтиб, парвозни кутишга шайландим. Шу вақт кимдир ортимдан чақирди: «Абдураҳмон ака!» Дарҳол ўгирилдим, Бразилияда мени ким ҳам танирди, дерсиз? Кепка кийган, тим қора кўзойнак таққан икки киши мен томон келаётганини кўргач, ҳайронлигим яна-да ошди. Фақат яқинроқ келишгач, уларни танидим. Шунча издиҳом ичида англаб олиш қийин эди. Мен томон келаётганлар ҳамюртларимиз Равшан Эрматов ва Абдулҳамидулло Расулов экан. Ҳакамларимиз одамлар таниб қолмасликлари учун шундай кийиниб олгандилар, чоғи. Улар билан анча ҳазиллашиб, кулишдик. Мен эса шу билан бирга анча фахрландим ҳам. Илгари дунё даражасидаги юлдузлар одамлардан бекиниб, турлича кийиниб юришганини кўп кўрардик, эшитардик. Мана энди дунё даражасидаги юлдузлар ўзбеклар орасидан ҳам чиқибди. Бундан ким ҳам фахрланмайди, дейсиз? Умуман, охирги йилларда хорижда Ўзбекистон тез танилиб бормоқда. Бундан 5 йил илгари ҳам Ўзбекистондан келганимизни айт­сак, хорижликлар елка қисиб, «Покис­тон?» дея қайта сўрашарди. Бундан жаҳлим чиқарди, дарҳол интернетни очиб, харитадан Ўзбекистонни кўрсатишга тутинардим. Ҳозир эса бунга кўп ҳам ҳожат йўқ. Юртимиз қўлга киритаётган ютуқлар бутун дунёда тилга тушиб улгурган. Бунинг самарасини хорижга чиққач тезда англаб етиш мумкин. Етказганига шукр!

 

КЕЛГУСИ САФАРЛАР

- Яқин вақтлар ичида терма жамоаларимиз турли мусобақаларда иштирок этишади. Уларга мухлислар клуби ташрифи қандай бўлади?

- Бу борада катта ҳажмда иш олиб бормоқдамиз. Австралия сафари ҳақида юқорида гапирдим. Шунингдек, сентябрь ойида Таиландда ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Бу мусобақа биз учун катта аҳамиятга эга, чунки унда жаҳон чемпионати йўлланмалари тақдири ҳал қилинади. Шу сабаб, унда футболчиларимизни бевосита қўллаб-қувватлашимиз шарт!

- Сентябрь ойига белгиланган Осиё ўйинлари ҳам бор...

- Ҳа. Бу мусобақанинг аҳамияти катта, унда терма жамоамиз 20 йил олдинги муваффақиятни такрорлашни мақсад қилган. Ёмон томони, бу икки мусобақа бир вақтга тўғри келиб қолмоқда, шу сабаб, бўлинишга мажбурмиз. Аммо мухлислар клуби бунинг йўлини ҳам топди. Жанубий Кореяда минглаб ҳамюртларимиз меҳнат қиладилар. Биз улардан алоҳида фан-клуб ташкил қилмоқдамиз. Ҳозирга келиб бу иш якунланиш арафасида. Барчаси режа асосида кетмоқда. Насиб қилса, Кореядаги юртдошларимиз ташкил этган клуб футболчилар ва бошқа спортчиларимизни қўллаб-қувватлаб туради. Мен эса Таиланддаги мусобақа якунига етгани ҳамоно Инчхонга йўл оламан. Гуруҳдаги сўнгги тур ўйинига етиб борсам керак ва мухлислар клуби бошқарувини ўз қўлимга оламан. У ёғига нимчорак, чорак, ярим финал ва финал ўйинларидан умидимиз жуда катта. Ахир терма жамоамиз Осиё ўйинларида ғолиб чиқишни мақсад қилган...

- Инчхонда Осиё ўйинлари, Таиландда ёшлар, Мьянмада эса ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати, Австралияда қитъа кубоги. Бу мусобақаларга боришни истаган мухлислар кимга мурожаат қилишлари мумкин?

- Агарда терма жамоамизни бевосита қўллаб-қувватлашни истайдиган мухлислар бўлсалар, бемалол менга 99890 175 90 01 рақами орқали қўн­ғироқ қилишлари мумкин. Биз мухлисларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:13, 06.08.2014.
Ўқилди: 8340 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.