2012 йил ёзида Invisible Dog сайти «Келишилган ўйинлар» сарлавҳаси остида суриштирув маълумотларини чоп этди. Мақолада, Сингапурда жойлашган ва бутун дунёда келишилган ўйинларни ташкил қилишда иштирок этган трансмиллий синдикат ҳақида маълумотлар берилди.
Жиноий синдикат аъзолари бир неча йиллар давомида, ўзлари ташкил қилган “келишилган ўйинлар”га тотализаторда катта пулларни тикиб, мўмай даромад олишган. Улардан бири, ҳозирги кунда ҳибсда сақланаётган Уилсон Раж Перумал ўз хотираларини қоғозга тушириб, италиялик журналистлар Алессандро Риги ва Эммануэле Пиано ҳамкорлигида “Келишув қироллари” номи остида китоб чоп этишга муваффақ бўлди. Қизиғи шундаки, китобда 1994 йили Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинлари финали - Хитой - Ўзбекистон ўйини ҳам эслаб ўтилган. Қуйида Перумалнинг шу ўйин ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз:
“Тотализатор ўйинларида обрў - асосий валюта. Осиёда шундай ишлашади. Европада обрў ҳеч нарса эмас. Ҳатто Рим Папасидан ҳам пулни олдиндан талаб қилишади. Осиёда тотализатор ишончга асосланган. Агар сенда 1000 долларлик ишонч бўлса, демак сенга 1000 долларни ишонишади. Агар 50 минг тикмоқчи бўлсанг, пулни агентга кўрсатишинг шарт. Тўловлар ҳам шундай. Ютиб олган пулингни эртагаёқ беришлари шарт, акс ҳолда обрўга путур етади. Обрў - ҳамма нарса...
1994 йилги Осиё ўйинларини финали, Хитой ва Ўзбекистон ўйинидан олдин таниш букмекерга телефон қилдим. Финалда Хитой фаворит саналаётган эди.
- Фора қандай?
- Хитойга тикаман ва ярим гол фора бераман.
- Мен ҳам Хитойга тикаман, савдолашамиз.
- Уилсон, шошма, кўрсатмаларимни кут. Яхши хабарлар чиқиб қолиши мумкин. Сенга хабар қиламан.
- Хўп.
Бир соатдан кейин телефон жиринглади. Букмекер шивирлади:
- Пул сеники, билганингни қил, лекин маслаҳатим Хитойга пул тикма.
- Хўп. Сен айтганча бўлақолсин, Ўзбекистонга 50 минг доллар тикаман.
Эрталаб бошқа букмекерга телефон қилдим. Ставкаларни оширмоқчи эдим.
- Кимга тикасан?
- Ўзбекистонга, фора бир гол - деб жавоб берди у.
Кеча Хитой фаворит эди, эрталабгача ҳамма нарса бирдан ўзгарди, бу эса келишилган ўйиннинг аниқ белгиси.
- Мен ҳам Ўзбекистонга 30 минг тикаман - дедим.
Кутилганидек Ўзбекистон 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди”.