Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Европага футбол қайтмоқда... «Реал» анъанани буза оладими?

Баҳо:
+ | -

Мана, танаффус тугаб, биз кутган онлар яқинлашди. Миллий чемпионатларда навбатдаги мавсум старт олмоқда. Ҳатто Францияда биринчи тур ўйинлари ҳам якунланди. Қолган чемпионатлар ҳам янги футбол спектаклига тайёр. Биз эса мухлислар нигоҳидаги энг кучли клублар бу сафар нималарга қодир бўлиши ҳақида мулоҳаза юритамиз.

ЕЧЛ АНЪАНАСИ БУЗИЛАДИМИ?
Шу вақтга қадар ҳали ҳеч бир клуб УЕФА Чемпионлар лигаси бош совринини кетма-кет икки бор қўлга кирита олгани йўқ. Кўпчилик “Бавария”дан ана шу натижани кутганди, лекин Мадриднинг “Реал” жамоаси “немис машинаси”ни ярим финалда тўхтатди. Энди эса “қироллик клуби”нинг ашаддий ишқибозлари “Реал”дан ўзига хос дублни кутишяпти.

Тони Кроос, Хамес Родригес, Кейлор Навас — жаҳон чемпионатида ўзини кўрсата олган бу уч футболчи Мадридга бежиз келгани йўқ. Карло Анчелотти навбатдаги чемпионликни қўлга киритиш учун муносиб пойдевор ҳозирламоқда. Таъкидлаш керак, агар “Реал” бирорта кучли футболчисини сотиб юбормаса, жамоанинг ҳозирги таркибидан иккита кучли клуб тузса бўлади. Дарвоза чизиғининг Навас билан бойитилгани сўнгги пайтларда ишончсиз ўйин кўрсатаётган Касильясни муносиб посбон билан алмаштириш имконини берди. Тони Кроос ва Хамес Родригес эса ярим ҳимоя чизиғини янада кучайтиришади. Бу жуда муҳим, чунки “Реал” тезкор футбол кўрсатади, шу боис тўпнинг ҳимоядан ҳужумга тезроқ етказилиши учун ярим ҳимоя мукаммал бўлиши керак. Умуман олганда, таркибни назарда тутиб айтадиган бўлсак, “Реал” Европада тенгсиз бўлиш учун катта имкониятга эга. Ахир Родригес, Роналду ва Бейл учлигидан мухлислар ҳар қандай ғалабани кутишга ҳақли.

АПЛ ЯНАДА КЕСКИНЛАШАДИ
Ўтган мавсумда Дэвид Мойеснинг “шарофати” билан кучли клублардан бири чемпионлик учун курашдан осонликча чиқиб кетганди. Бу эса чемпионатдаги шиддатга ҳам таъсир қилганди. Бироқ бу сафар Луи ван Гал “Манчестер Юнайтед”ни яна рақобат майдонига қайтарди. Ҳа, “қизил иблислар” футболчилари бу мураббий тимсолида ғалабалар сари етаклайдиган инсонни кўра олишди ва “МЮ” ҳали уйғоқлигини исботлашга киришишди. Биз бежизга бундай деяётганимиз йўқ, чунки “Реал”, “Рома”, “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити”ни таслим этган ван Гал шогирдлари “Манчестер Юнайтед” бу сафар кескин ўзгарганини кўрсатиб беришди. Тўғри, юқоридаги натижалар ўртоқлик ўйинида қўлга киритилган, дейишингиз мумкин. Лекин Мойес бошқарган “Манчестер Юнайтед” ҳатто ўртоқлик ўйинларида ҳам юқоридаги каби натижаларни қайд эта олмасди. Демак, “МЮ” АПЛда тенгсиз эканлигини исботлаш учун енг шимаргани ҳақиқат.

АПЛнинг яна бир кучайган клуби — “Арсенал”. Англия суперкубогида “Манчестер Сити”ни йирик ҳисобда мағлуб этган Арсен Венгер шогирдлари бу сафар ҳам стартни яхши оладиган кўринади. Фақат мавсум ўрталарига бориб шиддат сусайиб қолмаса бўлгани. Бир томондан, “Барселона”дан чилилик ҳужумчи — Алексис Санчеснинг сотиб олиниши Венгернинг бу сафарги нияти анча жиддий эканлигини кўрсатди. Тўғри, франциялик мутахассис Ўзилни харид қилганида ҳам жиддий ният қилганди, фақат жароҳатлар ва Месутнинг нурсиз ўйини барчасини чиппакка чиқарганди. Бу сафар ана шу омадсизлик “Арсенал”ни тарк этса бўлгани. Яна бир гап, Тео Уолкотт жароҳатидан қутулиб, сафга қайтишга яқин. У эса “Арсенал”нинг ўйинини кучайтира олади.

Фабрегас ва Диего Костани мақташдан чарчамаётган Жозе Моуринью бу галги мавсумдан кўп нарсалар кутмоқда. Ўтган сафар “Челси” чемпионликка даъвогарлик қилмайди, дея қатъий таъкидлаган португалиялик мутахассис энди бу фикрини кескин ўзгартиргани аниқ. Фақат бир фикрни таъкидлаш керак, “Атлетико”дан “зарядлайдиган асбоб”лар харид қилган Лондон клуби бу “асбоб”ларни бир кунига ярата олса бўлгани. Агар Диего Коста ёки Фабрегаснинг ўйини қовушмаса, Жозе мавсум охирида бу ўйинчиларга худди Давид Луиз каби таъриф бериши ва уларни бошқа жамоага кузатиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Дортмунднинг “Боруссия” клубини йирик — 4:0 ҳисобида таслим этган “Ливерпуль” рақобатчиларининг кўнглига ғулғула солиб қўйгани аниқ. Айниқса, Суарес кетганидан кейин “мерсисайдликлар”нинг кучсизланиб қолишини кутганлар адашганларини тушуниб етишди. Аммо шу ўринда “Ливерпуль” “МЮ”га мағлуб бўлганини ҳам унутмаслик керак. Хуллас, бу клубнинг ҳақиқий кучини премьер-лига кўрсатиб беради.

“БАРСЕЛОНА” КЕСКИН ЎЗГАРАДИ
“Ливерпул”дан Луис Суаресни сотиб олиб, яхшигина харидга қўл урган “Барселона” ўтган мавсумдаги омадсизликдан етарлича хулоса чиқарган кўринади. Чунки энди каталонияликларнинг нафақат таркиби, балки ўйин услуби ҳам ўзгариши кутилмоқда. Жамоани қабул қилиб олган Луис Энрике таркибга бир қатор тезкор футболчиларни қўшиб олди. Умуман, Энрикенинг услуби тезкор ўйин кўрсатиш. Фақат бир жиҳат бор, яъни “Барселона” азалий услубидан тўлиқ воз кеча олармикин? Агар буни уддаласа, рақибларини анча шошириб қўя олади. Чунки ҳозирда аксарият клублар “Барселона”нинг бир хил ўйинига ўрганиб бўлишди. Ҳатто сиз ҳам “Барселона”ни тезкор услубда тасаввур қила оласизми?

“Барселона” кўплаб голлар уриши шарт. Чунки Месси гол уришни хуш кўради, Суарес ҳам рақиб дарвозасини нишонга олиш учун майдонга тушади, Неймарнинг бу борадаги иқтидорига-ку гап бўлиши мумкин эмас. Демак, “Барселона” яхшигина кучайган “Реал”нинг йўлига тўсиқ бўла олади.

Фикримиз якунида ЕЧЛга бироз тўхталсак. Бу сафар чемпионликка даъвогар жамоалар сони ортади. Бу сафар “Бавария” ёки “Реал”га осон бўлмайди. Чунки биз билган кучли жамоалар Европанинг энг нуфузли мусобақасига қайтди. Ишонч билан айта оламизки, бу сафар миллий чемпионатларда ҳам, халқаро мусобақаларда ҳам шиддатли тўқнашувларнинг гувоҳига айланамиз.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:17, 14.08.2014.
Ўқилди: 13934 марта.
Фикрлар: 33 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.