«Севилья» ҳужумчиси Карлос Бакка ёзги трансфер муддати ёпилгунга қадар Англия чемпионатига кўчиб ўтиши мумкин.
27 ёшли колумбиялик футболчини «Арсенал» ўз сафига қўшиб олиш борасида испанияликларга таклиф юборади, дея хабар беради Goal.com.
Манбага кўра, Бакканинг шахсий шартномасида футболчининг трансфер нархи 35 миллион евро сифатида кўрсатилган, аммо «Севилья» уни 16 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр.
«Арсенал» Лоик Ремини қўлга кирита олмаганидан кейин (футболчи «Челси»га ўтди) Баккага эътиборини қаратди.
Эслатиб ўтамиз, Карлос Бакка бир йил аввал 7 миллион евро эвазига "Брюгге"дан андалусияликлар сафига қўшилганди.