"Металлург" - "Бухоро" ўйини бўйича ўз хулосасини берган Европадаги таҳлил компанияси бизга Олий лиганинг яна бир ўйини бўйича ўзининг хулосасини тақдим этди. Дунёнинг турли букмекерлик идоралари билан ҳамкорлик қилувчи мазкур кампания таҳлилига кўра, Олий лиганинг 19-тури доирасида Зоминда бўлиб ўтган "Сўғдиёна" - "Навбаҳор" ўйини келишилган бўлган.
Дастлаб компания хулосаси билан таништириб ўтамиз.
"Ўзбекистон Олий лигаси.
"Сўғдиёна" (Жиззах) - "Навбаҳор" (Наманган)
Натижа - 5:4 (биринчи бўлим - 3:2)
Мазкур ўйин давомида Осиёдаги букмекерлик идоралари томонидан жонли ставкалар қабул қилиш жараёнида жуда шубҳали ставкалар қабул қилинган. Масалан, ўйиннинг 69-дақиқаси ўтиб бораётганида (3:3), 188bet букмекерлик идораси "Навбаҳор"га 0,25та гол устунлик бериб, "Сўғдиёна"нинг ғалабаси учун 1,11 коэффициент берган.
(Гап шундаки, Осиёдаги букмекерлик идораларида Asian Handicap деб номланган тизим амалда бўлиб, унга кўра дуранг учун ставка қабул қилмайди, фақат ғалаба учун тикиш лозим. Агар ўйин дуранг билан якунланган тақдирда ҳам "Навбаҳор" ғалаба қозонган ҳисобланади — 3:3,25. - Stadion.uz изоҳи)
Таклиф қилинган 1,11 коэффициент эса минимал бўлиб, одатда бундай ҳолатларда таклиф қилинадиган ставкалардан анча кам (одатда 1,72). Шунга қарамай, барча пул тикувчилар ишонч билан "Сўғдиёна"нинг ғалабасига ставкалар тикишган. Бундай ҳолат ҳалол ва қонуний ўтган ўйинларда аввал кузатилмаганди.
Бундан ташқари, ўйинда камида 9та гол урилишига тикилган ставкалар ҳам катта шубҳа уйғотди. Ушбу баҳс Осиёнинг барча букмекерлик идораларида катта шубҳа туғдиргани боис, ўйин барча идоралар рўйхатидан дарҳол олиб ташланди. Бу ҳолат эса букмекерлик компаниялари ушбу ўйинга шубҳа билан қарашганидан далолат беради ва улар мазкур ўйин учун масъулиятни ўз зиммаларига олишни исташмади. Энг катта шубҳа уйғотган ҳолат ўз тасдиғини топди ва 91-дақиқада Илҳом Комилов "Сўғдиёна"нинг ғалаба тўпини киритди.
Шунингдек, "Навбаҳор"нинг ушбу мавсумдаги яна иккита ўйини жиддий шубҳа остига олинган. Таҳлил компанияси ишонч билан айта оладики, "Навбаҳор" мазкур ўйиндан молиявий фойда топиш мақсадида "Сўғдиёна"га ютқазиб берган".
Бу компания хулосаси. Бугун сайтимизга ушбу ўйинда киритилган голларнинг видеолавҳасини қўйдик. Кўрган бўлсангиз керак.
Ҳозирда ЎФФ "Металлург" - "Бухоро" (4:3) ўйинини ўрганаётганидан хабаримиз бор. Умид қиламиз, "Сўғдиёна" - "Навбаҳор" (5:4) ўйинини ҳам ЎФФ жиддий ўрганиб чиқади.