Кеча Осиё ўйинларининг футбол мусобақаси бошланганидан хабарингиз бор. "А" гуруҳи лидерларидан бўлган мезбон Жанубий Корея терма жамоаси илк турда Малайзияни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу гуруҳда дастлабки икки ўринни олган жамоалар кейинги босқичда Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этадиган "B" гуруҳи ғолибларига рўбарў келишади. Қуръа ташланган вақтдан бери Корея терма жамоасию корейс ОАВларида тинмай таъкидланаётган гап кечаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида яна кўтарилди. Мусобақа ғолиблигини кўзлаётган корейслар имкон қадар кучли рақибларни четлаб ўтишни исташяпти. Бош мураббий Ли Кванг Жонг:
"Биз 17 сентябрь куни асосой рақибимиз Саудия Арабистонини мағлуб этишимиз шарт", - дея сўз бошлади. "Араблар билан ўйин ҳам худди Малайзия билан ўйиндагидек бўлиши табиий ҳол. Улар ҳам малайзияликлар каби ҳимояга ётиб олишлари эҳтимоли йўқ эмас. Биз бунга яхши чора топишимиз лозим".
Корейслар бош мураббийи Саудия Арабистони ҳимоя қўрғонини яксон қилишда бўйдор хужумчи Ким Шин Укнинг маҳоратига ишонмоқда: "Шогирдларим стандарт вазиятларда Ким Шин Укнинг бошига тўп оширишлари керак. Ишонаманки, 196смлик Ким Шин Ук уёғини яхши эплайди. Мен "B" гуруҳида Ўзбекистон 1-ўринни олишига юз фоиз аминман. Биз узоққа боришимиз учун тўппончамиздаги ўқларни асрашимиз керак. Ўзбекистон билан рақиб тушсак катта куч йўқотишимиз тайин".
Шунингдек, 1-турда Малайзия дарбозасини ишғол қилган ва мураббий ишонч билдираётган кей-лига тўпурари Ким Шин Ук ҳам иштаҳаси карнайлигини яширмаяпти. Жумладан, у корейс матбуотига шундай деди: "Биз ЖЧдаги муваффақиятсизликдан кейин ғалабаларга ташнамиз. Биз Саудия Арабистонини бемалол енга оламиз. Бунга ишончим комил".
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея -Саудия Арабистони ўйини 17 сентябр куни Ансандаги "Wa stadium " ўйингоҳида бўлиб ўтади.
Отабeк Йўлдошeв
Жанубий Корeя, Инчeон