Осиё Ўйинларида аёллар еттикурашида олтин тур баҳслари ўтказилди. Атлетлар найза улоқтириш машқини бажаришди.
Ҳамюртимиз Екатерина Воронина найзани бир уринишнинг ўзида салкам 50 метр масофага улоқтириб, 851 баллни қўлга киритди. Умумий ҳисобда пешқадам бўлиб турган хитойлик Чинг Линг Ванг эса найза улоқтиришда 37,12 метр натижа қайд этди ва ўз ҳисобига 612 баллни қўшди. Натижада Воронина 215 баллик тафовутни нафақат йўққа чиқарди, балки асосий рақибдан 24 баллга ўтиб кетиб, пешқадамликни ўз қўлига олди!
Яна бир ҳамюртимиз Юлия Тарасова эса найза улоқтириш машқида 2-ўринни олди. У 42,47 метр натижа қайд этиб, 715 балл жамғарди. Юлия хитойлик спортчига яқинлашди, аммо ҳозирча учинчи ўринда қолмоқда.
Бугун тушдан кейин спортчилар сўнгги йўналишда баҳслашадилар. 800 метр масофага югуриш машқи медаллар тақдирини ҳал қилади.
Олтита баҳсдан кейин умумий натижалар
1. Чинг Линг Ванг (Хитой) — 5081 балл
2. Екатерина Воронина (Ўзбекистон) — 5105 балл
3. Юлия Тарасова (Ўзбекистон) — 4965 балл
4. Котчакорн Хамруеангсри (Таиланд) — 4461 балл
5. Сусмита Сингҳа Рой (Ҳиндистон) — 4410 балл
6. Свапна Барман (Ҳиндистон) — 4461 балл
7. Ю Тинг Хуанг (Хитой Тайпейи) — 4338 балл
8. Йеон Чжин Чжеонг (Жанубий Корея) — 4236 балл
9. Сепида Тавакколий Ник (Эрон) — 4302 балл
10. Чиа Линг Чу (Хитой Тайпейи) — 4234 балл
11. Кристина Пронженко — 3647 балл