Аҳрол Иноятов Ўзбекистон Футбол Федерациясининг футболдаги ҳалолликка жавобгар масъул котиби этиб тайинланди. Иноятовнинг асосий вазифаси Ўзбекистон футболидаги ўйинларнинг натижасига сунъий таъсир ўтказадиган шахс ёки гуруҳларга қарши курашиш, уларни фош этиш ва жазолашдан иборат бўлади.
«Федерация қошидаги экспертлар комиссияси шубҳали ўйинни ипидан игнасигача ўрганиб чиқади, учрашув видетасмасини кўриб чиқиб, якуний хулосани бевосита ЎФФ Ижроия Қўмитасига тақдим этади. Учрашув натижасига таъсир қилинганлиги шубҳа остига олинган ўйинларга алоқадор бўлган ҳар бир шахс, назоратчи ва ҳакамлардан тортиб, мураббий ва футболчилар билан гаплашилади ва тегишли чоралар кўрилади», - дейди Иноятов.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмоновнинг топшириғи билан Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси келаси мавсумдан бошлаб ФИФА ва ОФК томонидан тавсия этилган «Ҳалол футболни ҳимоя қилиш» декларациясини қабул қилади. Учрашув натижаси келишилган деб шубҳа остига олинган барча ўйинлар ЎФФ қошидаги экспертлар комиссияси томонидан таъқиб қилинади.
«Ўзбекистон Футбол Федерацияси янги йилдан ФИФА ва ОФК томонидан тасдиқланган «Ҳалол футболни ҳимоя қилиш декларацияси»ни қабул қилади. Мазкур декларацияга Ўзбекистон Профессионал Лигасида рўйхатдан ўтган ҳар бир назоратчи, ҳакамлар, клублар, клублар аъзолари имзо чекадилар. Декларацияни имзолаш орқали ПФЛда рўйхатдан ўтган ҳар бир расмий шахс келишилган ўйинларга қарши курашишда иштирок этишга рози бўлади. Бу эса келишилган ўйинларга қарши курашиш йўлидаги муҳим қадамдир. Учрашув натижасига таъсир кўрсатилган ўйинларда иштирок этгани далиллар билан исботланган ҳар қандай клуб, бунга алоқадор бўлган ҳар қандай мураббийу футболчи, албатта, жазоланади», - дейди Аҳрол Иноятов.
Айни пайтда матбуотда пайдо бўлган шубҳали учрашувлар билан боғлиқ иш дафтарлари очилган бўлиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган. Октябрь ойида Ахрол Иноятов билан матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган.