БАА миллий терма жамоаси сўнгги 4та ўртоқлик ўйинида дуранг натижа қайд этди. Уларнинг Норвегия, Парагвай ва Австралияга қарши ўйинларида ҳисоб очилмаган бўлса, Литва билан баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Амирлик термаси бош мураббийи Маҳди Али бундан тушкунликка тушаётгани йўқ ва у бугун шогирдларининг Ўзбекистон дарвозасига гол уришига ишонмоқда.
"Австралияга қарши ўйинда гол уриш учун 2та яхши имкониятга эга бўлдик. Гол ура олмаганимиз эса бошқа масала. Шогирдларим Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасини ишғол қила олишади, деган умиддаман.
Иккинчи томондан сўнгги икки ой давомида 4та яхши жамоаларга қарши ўйинларда ютқазмадик. Бу ҳам ижобий ҳолат. Биз бу ўйинлардан ўзимизга керакли фойдани олдик", - дейди Маҳди Али.
БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари Осиё кубоги-2015 саралаш босқичида бир гуруҳда иштирок этишди. БААдаги ўйинда мезбонлар ғалаба қозонишган бўлса (2:1), Тошкентда дуранг натижа қайд этилганди (1:1). Икки йил аввал ўтказилган ушбу жамоалар ўртасидаги ўртоқлик ўйини 2:2 ҳисоби билан тугаган. Ўзбекистон терма жамоаси БААга қарши бу галги баҳс олдида Қатарга 0:3 ҳисобида ютқазган бўлса, Баҳрайн билан дуранг ўйнади (0:0).
Маҳди Али Ўзбекистонга қарши ўйинда айрим комбинацияларни синовдан ўтказиб, баъзи футболчиларга ўйин амалиётини беришни мақсад қилганини таъкидлаб ўтди. БАА терма жамоаси 13-26 ноябрь кунлари ўтказиладиган Форс Кўрфази кубоги олдидан яна 2 ҳафталик йиғин ўтказади.
"Миллий чемпионатимиз туфайли Австралия ва Ўзбекистонга қарши ўйинларга тайёргарлик кўриш учун бор-йўғи 3 кунга эга бўлдик. Биз Форс кўрфазининг амалдаги чемпиони бўлишимизга қарамай, ўйинимизни янада кучайтиришимиз керак. Табиийки, бизга нисбатан босим бўлади, аммо футболчилар бундай босимни кўтаришга ўрганишди", - дейди БАА бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, БАА ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини бугун соат 19:30 (Тошкент вақти билан)да бошланади.