Шанба куни Англия Премьер-лигасининг 10-тури доирасидаги "Бёрнли"га қарши ўйин "Арсенал" вингери Тео Уолкотт учун шу йилнинг январидан буён ўтказилган илк расмий учрашув бўлди. "Тўпчилар" бош мураббийи Арсен Венгер эса 25 ёшли футболчининг сафга қайтиши муносабати билан таркибдаги рақобат хусусида интервью берди.
"Албатта, Уолкоттнинг сафимизга қайтгани бизнинг янада кучлироқ бўлганимизни англатади. Теонинг ўзи учун ҳам ҳамма уни қўллаб-қувватлаётганини кўриш жуда ажойиб бўлса керак. Ғалаба қозонишимиз деярли аниқ бўлгач, унга ўйнаш учун 12-13 дақиқа вақт берганим яхши бўлди.
Лукас Подольски ҳам иккита гол уриши мумкин эди. У ҳужумларимизда фаол қатнашди. Агар Ўзил, Уилшир ва Жиру каби ҳужумкор ўйинчиларимиз ҳам сафга қайтишини ҳисобга олсак, олд чизиғимизда рақобат кучли бўлиши тайин", дейди Венгер.