"Рома" бош мураббийи Руди Гарсия жамоасининг ЕЧЛ доирасидаги "Бавария"га қарши ўйиндаги мағлубият (0:2) тўғрисида ўз ижобий фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бавария"нинг қай даражада кучли эканини биламиз, лекин бугун биз ўйинга тўғри тактик ва психологик йўлни танлай олдик. Иккита гол ўтказиб юборишимиз жуда ачинарли, чунки рақибда у қадар ҳам кўп вазиятлар бўлмаганди. Бизнинг гол уришимизга эса жаҳоннинг энг яхши дарвозабони ҳалақит қилди. Ўйин худди мен кутгандек ўтди. Мағлубиятга қарамай ўз шогирдларимнинг ўйинидан қониқдим. Худди шу ўйин суратини сақлаб қолсак, кейинги учрашувда албатта ўзимизни кўрсатамиз", - деди Гарсия итальян телевидениясига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 4 учрашувдан сўнг "Рома" "Е" гуруҳида 4 очко билан иккинчи ўринда турибди. Россиянинг ЦСКА клубида ҳам шунча очко бор.
"Агар аввалроқ кимдир менга "Бавария" билан иккита ўйиндан кейин ҳам иккинчи ўринда қоласизлар, деса жуда ҳам хурсанд бўлардим. Энди ҳаммаси ўз қўлимизда. Фақатгина иккита ўйин қолди. Бизда кейинги босқичга чиқиш учун имконият бор ва айнан мана шу имконият энг асосийсидир", - дея қўшимча қилди француз мутахассиси.