Ўзбекистон кубоги финал учрашувидан сўнг бош мураббийлар матбуот анжманида иштирок этишди. Унда дастлаб “Бунёдкор” бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этди.
“Бизда энди-энди коллектив йиғилмоқда. Яъни ўз тарбияланувчиларимиз ҳисобига клубни шакллантиряпмиз. Катта маблағ эвазига футбол мактабимиз барпо этилган. Энди улар асосий таркибда ўйнайдиган ёшга етишди. Мана бу йил илк "қалдирғочлар" футбол мактабимизни тамомлашди.
Кубок билан "Локомотив"ни табриклайман. Улар ҳақли ғалабага эришишди. Ўйин биринчи голгача кечди.
Комилов, Ўринбоев ва Ҳамдамов — яхши йигитлар. Улар бугун ҳам ўйинга яхши қўшилишди. Улардан умидим катта. Бундан кейин “Бунёдкор” таркибининг 70 фоизини ўз тарбияланувчилари ҳисобига тўлдирамиз. Ишонаман, келаси йил биз янада кучли бўламиз.
Биз 90 дақиқа ҳужумга ўйнай олмасдик. Шу боис атайин ҳимояда ўйнадик. Мен келаси йил яна 6 нафар тарбияланувчимизни асосий таркибга жалб этаман. Кўп мураббийлар ёшларни таркибга қўшишга қўрқишади. Мен ҳеч нарсадан хайиқмайман. Шу боис таркибга ёшларни қўшавераман. Ёшларни ривожлантириш учун ПФЛ регламентига бироз ўзгартириш киритиш керак. Ана шунда ҳақиқий талантлар этишиб чиқади” — дейди Сергей Лушан.