Италиянинг "Наполи" клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Рафаэль Бенитес билан амалдаги шартномани яна бир йилга узайтириш ниятида.
Клуб президенти Аурелио де Лаурентис жамоанинг ҳозирги кўрсатаётган натижаларидан қониқиш ҳосил қилмоқда ва бош мураббий билан шартномани узайтиришга қарши эмас. Мавсум аввалидаги бир қатор мағлубиятларга қарамай, "Наполи" кейинчалик ўзини ўнглаб олди ва айни дамда турнир жадвалидаги ўрнини бироз яхшилаб олди. Маълумотларга кўра, испаниялик мутахассиснинг шартномаси яна бир йилга узайтирилиши мумкин.
Томонлар янги шартнома борасида 22 декабрь куни Доха шаҳрида "Ювентус"га қарши ўтказиладиган Италия Суперкубоги ўйинидан сўнг музокара олиб боришлари кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Рафаэль Бенитес Наполига 2013 йилда бош мураббий этиб тайинланган эди. Испаниялик мутахассис бошчилигида, "Наполи" ўтган мавсум Италия Кубогини қўлга киритган. Унинг амалдаги шартномаси эса ушбу мавсум якунигача мўлжалланган.