"Реал" клуби ва Испания терма жамоаси дарвозабони Икер Касильяс Германияга қарши ўртоқлик учрашуви олдидан ҳали миллий жамоадаги фаолиятини якунлаш ниятида эмаслигини таъкидлаб ўтди.
"Мураббий хоҳлаётган экан ва юқори даражада ўйин кўрсатишда давом этар эканман, Испания терма жамоасида ҳам ўйнайвераман. Терма жамоадан чақириқ олиб туришга умид қилишим учун "Реал"да ўйнашим жуда муҳим, охирги вақтларда эса клубдаги фаолиятимда кўтарилиш ва пасайишлар рўй берди, шунинг учун терма жамоа ҳам менга жуда зарур. Миллий жамоадаги каби таркибида рақобат кучли бўлган клубимда ҳам ҳар куни тер тўкишда давом этаман", - деди Касильяс.
Эслатиб ўтамиз, Испания терма жамоасининг Германияга қарши ўртоқлик ўйини 18 ноябрь куни Виго шаҳрида бўлиб ўтади.