Франциянинг Париж шаҳрида Таэквондо WTF бўйича "Париж Оупен" мусобақаси бошланди. Кеча бир нечта вазн тоифаларида баҳслар бўлиб ўтди. Қувонарли томони, дастлабки кун натижалари бўйича ўзбекистонликлар 2та олтин ва битта бронза медалларини қўлга киритишди.
Аёллар ўртасида энг оғир вазн (+73 кг.)да иштирок этган Наталья Маматова бронза медалига сазовор бўлди. Ҳамюртимиз чорак финалда германиялик Леоние Мартинни мағлуб этиб, ярим финалда мисрлик Моҳир Менатуллоҳга ютқазди.
Эркаклар ўртасида 74 кг.гача бўлган вазнда иштирок этган Никита Рафалович олтин медални қўлга киритди. У финалгача франциялик, бразилиялик, италиялик ва яна франциялик спортчиларни мағлуб этди. Ҳали қилувчи баҳсда эса Никита норвегиялик Жон Аспни мағлуб этилди. Эслатиб ўтамиз, Никита Рафалович Инчеондаги Осиё Ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлганди.
Эркаклар ўртасида 87 кг.гача бўлган вазнда Жасур Бойқўзиев ҳам мусобақа ғолибига айланди. У финалга қадар Франция, Испания ва Германия вакилларини турнирдан чиқариб юборди. У финалда франциялик Н'Диайе билан баҳслашди ва 13-4 ҳисобида ғалаба қозонди. Хабарингиз бор, Жасур Бойқўзиев Осиё Ўйинлари чемпионлигини қўлга киритиб, яқинда Манчестер шаҳрида бўлиб ўтган гран-при мусобақасида кумуш медалга эга бўлганди.
Эркаклар ўртасида 80 кг.гача бўлган вазнда қатнашган Максим Рафалович дастлабки босқичда ғалаба қозониб, иккинчи жангда ютқазиб қўди.
Бугун спортчиларимиздан Дмитрий Шокин, Мирзонозим Шаропов, Умида Абдуллаева ва Дилобар Сайдуллаева ўз вазнларда баҳсларга киришадилар.