"Ливерпуль" ушбу мавсумдаги муваффақиятсиз иштирокни давом эттирмоқда. Брендан Роджерс шогирдлари мағлубиятли ўйинлар сериясини 3тага етказишди. Ўтган йили кумуш медалларни қўлга киритган жамоа бугун турнир жадвали қуйида бораётган "Кристал Пэлас" меҳмони бўлди ва аламли мағлубиятга учради.
Ваҳоланки, ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ "Ливерпуль" ҳисобни очишга муваффақ бўлганди. Балотеллининг ўрнини эгаллаган Рики Ламберт Лаллана томонидан узатилган тўпни қабул қилиб, бирга бир вазиятда дарвозани ишғол қилди.
Мерсисайдликлар мудофаада ишончли ўйнай олишмади ва бўлим ўрталарига келиб ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юбордилар. Боллази тўпни эгаллаб олди ва бироз олдинга интилиб, 25 метрлардан зарба берди. Тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Барчадан аввал тўпга етиб келган Хейл дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлимда Роджерс шогирдлари катта куч билан олдинга интилишди, кўп ҳужум ташкил қилишди. Аммо ўйин тақдири қандайдир 3 дақиқада ҳал бўлди. Яна ўша Боллазининг индивидуал маҳорати эвазига голли вазият юзага келтирилди ва Жо Ледли имкониятни ҳавога совурмади. Майл Единакнинг жаримадан урган голи эса турнинг энг чиройли голи бўлди десак ҳам бўлади. Якуний ҳисоб - 3:1.
АПЛ, 12-тур
Кристал Пэлас – Ливерпуль 3:1 (1:1)
Голлар: 0:1 – 2 Ламберт, 1:1 – 17 Гэйл, 2:1 – 78 Ледли, 3:1 – 81 Единак.
"Кристал Пэлас": Сперони, Дэнн, Уорд, Келли, Дилэйни (Хангеланд, 36), Болази (Бэннан, 86), Единак, Панчон (Макартур, 76), Ледли, Гэйл, Шамах.
"Ливерпуль": Миньоле, Манкильо, Ловрен, Шкртел, Жонсон, Стерлинг, Аллен (Эмре Жан, 74), Лаллана (Борини, 72), Коутиньо, Жеррард, Ламберт.
Огоҳлантиришлар: Шкртел (53), Манкильо (61), Хангеланд (84).