Бу йил ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган Тошкентнинг “Оқ-тепа” жамоаси якунда кўзлаган мақсадига эриша олмади. Бунга бир қатор сабабларни кўрсатиш мумкин. Аммо бу бошқа масала. Олий лигада иштирокчилар сони кўпайтирилгач, бундан бир ойлар муқаддам ПФЛга расмий хат билан чиққан клуб раҳбари Ғанишер ака Шоғуломов билан ҳам суҳбатлашдик.
- Ғанишер Исломович, олий лигада жамоалар сони 16тага етказилганига қандай муносабатдасиз?
- Жуда тўғри қарор деб биламан. Чунки ҳар қандай мамлакат бир жамоанинг бутун мавсумдаги ўйинлари сони 50тадан кўп бўлиши керак. Тўғри, олий лигада иштирокчилар сони кўпайтирилгани билан бизда ўйинлар сони 50тага етмайди, аммо кўпайгани барибир яхши. Биз айнан шу жиҳатларни ҳам инобатга олган ҳолда ПФЛга расмий хат билан чиққандик. Унда олий лига иштирокчилари сонини кўпайтирилишини сўрагандик. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Қатнашадиганлар кўп бўлгани яхши, аммо шунга монанд медаллар учун курашадиганлар ҳам кўпроқ бўлиши зарур. Ҳеч бўлмаганда 6та. Биласизми, ПФЛни қарорини ҳурмат қиламан ва қўшиламан, фақат жамоалар 16тага етказилганига, қолганига эмас. “Шўртан” молиявий томондан бақувват, бу томондан муаммога дуч келмайди, бироқ қолганлар ҳақида ундай деб бўлмайди. Уларни келаси мавсум ҳам ЎФФ президентининг бундай совғасидан унумли фойдаланмасдан олий лигадан тушиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун клубларни олий лигада қолиб қолиниши тўғри қарор бўлди, дея олмайман. Чемпионатимизга жамоалар билан бир қаторда янги қон керак. Янги қонни янги клубларгина олиб кириши мумкин. Шундагина қандайдир ўзгаришларга гувоҳ бўламиз.
- “Сўғдиёна”, “Андижон” биринчи лига вакиллари “Обод” ва “Оқ-тепа” билан ўтиш ўйинларини ўтказмаётгани бироз ғалати эмасми?
- Бироз эмас, анчагина ғалати. Бу ерда спорт принциплари бузилаётганини барча кўриб турибди. ОАВ тинмай ёзаётгани ҳам шу билан боғлиқ. Майли, ўтиш ўйинлари регламентда йўқдир, майли, “Сўғдиёна” билан “Андижон”ни олий лигада қолишини хоҳлашаётгандир, шундай бўлса-да, принцип учун ўтиш ўйинларини ташкил қилишса бўлмасмиди? Бутун дунёда юқори лигада аутсайдер бўлган жамоа лига билан хайрлашадику?!
- Айтганча, ПФЛ ҳали расман “Сўғдиёна” билан “Андижон”ни олий лигада қолганини тасдиқлагани йўқ. Шундай экан, клуб ўтиш турнири ўтказиш бўйича ПФЛга хат билан чиқса бўлмайдими?
- Биз аввалги хатимиздаёқ ўтиш ўйинлари ташкил қилиш ҳақида ёзганмиз. Буни қайтаришнинг ҳожати йўқ. Демак, улар буни хоҳламадими, ортиқча асаббузарлик керак эмас.
- Балки ПФЛ “Оқ-тепа”ни олий лигада қатнашишга тайёр эмас, деб ўйлаётгандир?
- Биз уч йил олдин олий лигага чиқишга тайёр бўлганмиз. Буни улар ҳам жуда яхши билади. Мана ўз базамизга эга бўлдик. Бу ерда барча шароитлар бор. Кечирасизку, олий лиганинг ҳам айрим клубларида бундай шароит топилмайди. Дарвоқе, ёзда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш учун пойтахт вилоятининг тоғли ҳудудида ҳам шароитлар яратиб олганмиз. Клубни молиявий томондан доимий равишда таъминлаб турадиган заводимиз ишлаб турибди. Асосийси, айрим жамоаларга ўхшаб давлат ажратадиган маблағ ҳисобига кун кўрмаймиз. Энди айтингчи, қандай қилиб “Оқ-тепа” олий лигада қатнашишга тайёр эмас?
- Шундай дейсиз-ку, лекин стадион муаммоси бор.
- Дунёнинг қайси машҳур клубларининг ўзига тегишли стадиони бор? Деярли барча жамоалар ё шаҳар ҳокимиятига қарашли ёки қайсидир ташкилотнинг ҳисобида турадиган стадионларда тўп суради. Улар билан узоқ йиллик ижара шартномалари эгалиги туфайли бизга клубнинг хусусий стадиони каби кўринади. Ваҳоланки, аслида ундай эмас. Оддий мисол, Милан шаҳридаги “Сан Сиро” стадиони. Унда “Интер” ва “Милан” клублари уй учрашувларини ўтказади. Стадион эса, шаҳар ҳокимиятига тегишли. Тўғри, уларда хусусий база, машғулот майдонлари бор, аммо катта стадионлар бошқа масала. “Оқ-тепа”га келсак, агар олий лигада қатнашганимизда шаҳардаги қайсидир ўйингоҳни ижарага олиб ўйнайверардик. Бу бизни олий лигага тайёр эмас, дейишга сабаб бўла олмайди.
- ПФЛнинг ушбу қарорини қандай қабул қилдингиз?
- Очиғи, ҳайратда қолдим. Яна бир бор, ПФЛга биринчи лигани керак ёки керак эмаслигини билиб олдим. Битта ҳақиқат шуки, ПФЛнинг ўзига ҳам биринчи лига унча қизиқ эмас экан. Биласизми, агар ўтиш ўйинлари ўтказиладиган бўлса, “Сўғдиёна” ва “Андижон”га осон бўлмайди. “Обод” ва “Оқ-тепа” уларни ютиб қўйиш эҳтимоли жуда юқори. Шахсан мен бунга ишонаман.
- Жамоа энди рақобатчилар бўлмаганида олий лигага чиқишга ҳаракат қилиб кўрадими?
- Биз ўзимизни тайёр деб билганимиздан бери олий лигага чиқиш ҳақида ўйлаяпмиз. Жумладан, кейинги йил ҳам шундай бўлади.