Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Ҳақиқий истеъдод қаерда ўйнайди?

Баҳо:
+ | -

«Локомотив» - ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлишни истаётган ва бунинг учун бор кучи билан курашаётган клуб. Табиийки, шу мақсад йўлида таркибига анча кучли футболчиларни жамлаган. Улар қатори Садриддин Абдуллаев ва Фарҳод Тожиевнинг ҳам юксалиш жараёнида жамоага ёрдам беришлари кутилганди. Бу икки футболчи ҳам вақтида анча иқтидорли ва келажаги порлоқ ҳисобланарди. У ёғини сўрасангиз, 2008 йили «Пахтакор» ёшлари ўйинини томоша қилган франциялик машҳур Людовик Жюли «Сизга қайси футболчининг ҳаракати кўпроқ ёқди?» деган саволга «Фалон рақамли йигитча...», - дея жавоб берганди. Ўша вақт Жюли айнан қайси рақамни тилга олгани ёдимизда йўқ, аммо худди шу рақам остида Садриддин Абдуллаев тўп сурганини яхши эслаб қолганмиз. Ҳа, шунақа иқтидорли эди Садриддин.

Аммо шундан буён анча сувлар оқиб ўтди. Садриддин Абдуллаев ҳам, Фарҳод Тожиев ҳам бу вақт ичида «ёш ва умидли» ўйинчидан «тажрибали» футболчига айланиб бордилар. Бироқ шу ўринда бир тузатиш киритсак. Агар тажриба ёш ўтиши билан ўз-ўзидан келаверадиган «матоҳ» бўлса, унда бу футболчиларга нисбатан бемалол қўллаш мумкин. Лекин муҳим ва масъулиятли ўйинлардагина орттирадиган ҳилқат бўлса, у ҳолда Садриддин ва Фарҳодни кўп-да тажрибали сифатида таърифлашга тил бормайди. Сабабини ўзингиз яхши биласиз.

Энди бу футболчиларнинг келгуси «тажриба»ни бошқа чемпионатда орттиришларига тўғри келади. Ҳар икки футболчи ўтган ҳафта Малайзиянинг PBDKT T-Team FC клуби билан шартнома имзолади. Шундай экан, буёғига Садриддин Абдуллаев ва Фарҳод Тожиевни нафақат «тажрибали», балки легионер, деб аташга тўғри келади. Албатта, легионер - анча жаранглайдиган сўз. Аммо ҳамма гап шундаки, бу мақом қанчалик жарангламасин, улар тўп сурадиган клубнинг жарангдор эмаслиги кишини ташвишга солади. Бизга маълум тафсилотларга қараганда, PBDKT T-Team FC клуби жорий мавсум Малайзия чемпионати қуйи лигасига тушиб кетган. Ҳа, Садриддин ва Фарҳоднинг номини эслаб қолиш у ёқда турсин, айтишга ҳам тил айланмайдиган мана шундай клуб сафида, боз устига, Малайзия қуйи лигасида ўйнашларига тўғри келади. Шундай. Бизнинг футболчилар Ўзбекистон чемпио­натида ғолиб чиқишга даъвогар жамоадан кўра, Малайзия чемпионати қуйи лигасида иштирок этадиган клубда ўйнашни маъқул кўрадилар. Бунисига нима дейсиз?

Аммо бу қарор учун на Садриддин Абдуллаев ва на Фарҳод Тожиевни айблашимиз керак. Магарки, олий лигада ғолибликка даъвогар клубда эмас, Малайзия чемпионати қуйи лигасида футболчига яхшироқ маош тўланса, на чора? Футболчининг майдондаги «умри» қисқа, нари борса 15 йил. Бу вақтда етарли захира жамлаши керак. Демак, Фарҳод Тожиев ва Садриддин Абдуллаев ҳам ўз иқтидорларини истаган ерда пуллаш ҳуқуқига эгалар. Бу борада уларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Омадларини берсин.

Биз айтмоқчи гап эса, бошқаларга қаратилади. Ҳозир ҳам бир вақтлардаги Садриддин ва Фарҳод каби ёш, иқтидорли футболчилар юртимизда бир талай. Ҳарқалай, янги номларни деярли ҳар куни эшитамиз. Улар ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси сафида ўзига хос юлдуз бўлиб ҳам улгурганлар. Аммо истардикки, бу футболчилар келажакда Абдуллаев ва Тожиевдан кўра, ёрқинроқ нур сочишсин.

Биз одатда ёшларга ўрнак ўлароқ Европадаги футболчиларни кўрсатишга ўрганганмиз. Ҳатто баъзан Месси ва Роналдуни тилга олишдан ҳам тортинмаймиз. Аслида бундай гаплар ҳақиқатдан кўра, эртакка кўпроқ мойиллигини ўйламаймиз. Шу сабабли, бугун хаёлий гаплардан қочган ҳолда, ёш футболчиларга бироз бошқачароқ мурожаат қилишни маъқул кўрдик.

Месси ва Роналдуни қўйинг, мана шу ёшларимиз ўзимизнинг Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаровдан ўрнак олишса қандай бўларкин? Одил ҳақида кўп гапиришнинг кераги йўқ. Бу футболчига ўз вақтида «Ал-Гарафа» катта пул таклиф қилганди. Аммо ярим ҳимоячи «Анжи»да ижара асосида тўп суришни маъқул кўрди. Яъни у осон пулни эмас, профессионал уқувни танлади. Фақат ўзини кўрсата олгачгина махач­қалъаликлар уни сотиб олгандилар. Агар ўзини кўрсатолмаганидачи? Шунингдек, Азиз Ҳайдаров ҳам «Бунёдкор»да ўйнаб юрганида «Европадан таклиф тушса, текинга ҳам кетишга тайёр»лигини бир неча бор айтганди. Афсуски, футболчига Европадан талаб бўлмади ва у БАА чемпионатида ўйнаш билан чекланмоқда. Аммо қандай ўйнамоқда? Азиз ҳозир ўз жамоаси - «Ал-Шабаб»нинг юрагига айланиб улгурган. Унинг жамоасида қозонган ҳурматини кўрар экансиз, «Легионер бўлса, шундай бўлсин», деб юборасиз. Ёки Сервер Жепаровни олайлик. Икки марта Осиёнинг энг яхши футболчиси, деб топилган йигит буни мартаба ўрнида кўрмади, аксинча, ҳар доим ишлашда давом этди. Ҳатто қийин вазиятга тушиб қолганида ҳам тўхтагани йўқ. «Сеонгнам»ни йил бошида анча қаттиққўл мураббий бошқарди ва Серверни захира ўриндиғига ўтказиб қўйди. Аммо терма жамоамиз сардори таслим бўлмади ва асосий таркибга кириш учун курашишда давом этди. Ҳозирда у клубининг алмаштирилмас футболчиларидан бири ва яқинда Жанубий Корея кубогида ғолиб чиқди.

Истардикки, ҳозирги ёшлар мана шу футболчилардан ўрнак олсалар. Ишонамизки, агар ўз устиларида ишласалар, вақти келиб улар ҳам шундай эътирофга эришадилар. Муҳими, бунга ўзлари ишонишлари керак. Агар ишонмасалар ва ишламасалар, нари борса, Малайзия чемпионати қуйи лигасида ўйнашлари мумкин. Албатта, бу ҳам кимлар учундир ёмон натижа эмас. Аммо биз ҳақиқий истеъдодни ўз ўрнида кўришни истардик, Малайзия чемпионати қуйи лигасида эмас...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 00:19, 07.12.2014.
Ўқилди: 6693 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.