Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Асқар Толибжонов: «Камида тўрт йил аввалги натижа такрорланиши керак»

Баҳо:
+ | -

2014 йилги футбол мавсумини таҳлил қилар эканмиз, унинг турли таассуротлар билан ёдда қолганлиги яққол кўринади. Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати чоғи терма жамоамизнинг аламли тарзда мундиалдан қолиб кетганлигини эслаб, кўнглимиз яхшигина ғашланди. Яхшиям, Равшан Эрматов ва унинг бригадаси бор экан, қайта азобланган кўнгилларга малҳам босилди. Эрматовнинг жами 9та учрашувни бошқариб, рекорд қайд этгани ҳолда, мундиаллар тарихидан жой олгани кайфиятимизни нисбатан кўтарди. Мураббийлар ўртасида қўлма-қўл бўлган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионатида ярим финалга чиқолмай, мундиал чиптасини бой бергани таъбимизни яна хира қилди. Кейин ёшларимизнинг ЖЧ-2015 йўлланмасини қўлга киритишганини кўргач, ўзимизга келиб олдик. Кузнинг сўнгги кунлари ҳам бир текис ўтмади. ОФК томонидан Равшан Эрматовнинг ҳақли равишда 5-бор қитъамизнинг энг яхши ҳаками, дея тан олинганидан мамнуният ҳиссини туйдик. Лекин бу кутилган хушхабар эди. Атиги битта номинацияси билан чекланиб қолганимиз эса чатоқ... ОЧЛ-2015 учун бизга «3Қ1» кўринишида ўрин ажратилгани эса, ҳозирча сўнгги ёқимли янгилик бўлиб турибди. Умид қиламизки, 9 январь куни Австралияда старт оладиган Осиё кубоги-2015да хушхабарлар давом этади. Ҳозир эса эътиборингизга ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов билан мавсум якунлари ва янги йил режалари хусусида уюштирилган экслюзив суҳбатни ҳавола қиламиз.

- Бу йил терма жамоаларимиз турли даражадаги мусобақаларда иштирок этишди, - дея сўз бошлади ТЖМ раҳбари. - Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари Осиё чемпионатида қатнашишди. Афсуски, ўсмирларимиз ўз зиммаларига юклатилган вазифани уддалай олишмади. Ёшларимиз эса қитъа чемпионатида кучли тўртликка кириб, келаси йили Янги Зеландияда ўтказиладиган жаҳон чемпио­нати чиптасини қўлга киритишди. U-16 ва U-19 тоифасидаги қизлар терма жамоамиз Осиё чемпионати саралашида ўйнашди. Ногирон-ампутантлар термаси олис Мексика заминида уюуштирилган мундиалда қатнашиб қайтди. Футзал терма жамоамиз Осиё чемпионатида бронза медалига эга бўлди. Куни кеча Тошкентда айнан футзал бўйича нуфузли мусобақа юқори савияда ташкил этилди. Янги тузилган U-12  терма жамоамизнинг экспериментал таркиби Малайзиядаги халқаро турнирда иштирок этди. Бу мисоллар терма жамоаларимиз йилни дарҳаққиқат, сермаҳсул ўтказишганидан дарак. Ҳозир мавсум якунларини сарҳисоб қилиш баробарида 2015 йили жамоаларимиз олдида турган мусобақаларда иштирокни таъминлаш бўйича ҳам ҳаракатларни бошладик. Биринчи навбатда, асосий эътибор миллий жамоамизнинг Осиё кубоги-2015га тайёргарлиги ва унда муносиб иштирок этишига қаратилади. 4 йилликнинг нуфузли мусобақасига олдиндан белгиланган режа асосида тайёргарлик кўриляпти. Мана бугун (суҳбат 14 декабрь куни уюштирилган) терма жамоамиз Дубай йиғинини якунлаб, БААдан қайтиб келди. ЎФФ президенти Мираброр Усмонов йил бошида ТЖМга барча ёш тоифасидаги жамоаларимизнинг халқаро мусобақалардаги иштирокларини таъминлаш бўйича топшириқ берган. Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, бош мураббийлар сўрашган талаблар йил давомида қондириб борилди. Тўғри, олдиндан белгиланган баъзи режаларимиз амалга ошмаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Лекин бизга дахлсиз сабаблар билан шундай бўлди. Масалан, 10 декабрь кунига белгиланган Қувайт термасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилмади. Қувайт футбол федерацияси 5 декабрь куни расмий мактуб билан чиқиб, аввалдан тасдиқланган куни терма жамоа ўртоқлик ўйини ўтказолмаслигини маълум қилди. Қувайтликлар ўйинни 19 декабрга кўчиришни сўрашди. Лекин иш режамизни олдиндан тузиб олганимиз учун рад жавобини бердик. Ўзи аслида ўйинни 5 декабргача ўтказиб олишни сўраб мурожаат қилганимизда, 10-санани танлашганди. Бир эмас, икки марта хат билан чиқишди. Энди бундай ҳолатлар нафақат футбол, балки исталган спорт турида ҳам кузатилади...

- Маҳаллий «Ал-Шааб» клуби билан назорат ўйини ташкил этилиши ҳақида гап-сўз чиққанди, лекин бу ҳам амалга ошмади.

- Бундай ўйин режамизда йўқ эди. Агар терма жамоа мураббийлари учрашувга эҳтиёж сезишганда, уни ташкил этиб берардик. Лекин мураббийларимиз асосий урғуни Фаластин билан ўйинга қаратишни лозим кўришгани боис, бу мавзуга қайтмадик. Олдинда жамоамизнинг ҳал қилувчи йиғини турибди. 17-29 декабрь оралиғида айнан Дубай шаҳрида ташкил этиладиган йиғинда таркиб анча ўзгаради. Машғулотларга Виталий Денисов, Одил Аҳмедов каби етакчи легионерларимиз қўшилишади. Ироқ ва Иордания термаларига қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказилади. Айнан шу йиғинда Авс­тралияга борадиган якуний таркиб аниқланади. Режага кўра, 2 январь куни Сидней шаҳрига жўнаб кетамиз. 7 январгача ўша ерда тайёргарликни давом эттирамиз ва шу санадан жамоамиз ОФК ихтиёрига ўтади. Мухлисларнинг хабарлари бор, гуруҳ босқичидаги ўйинларимиз 10, 14 ва 18 январь кунларига белгиланган. Шу билан бир қаторда Шуҳрат Мақсудов мураббийлик қилаётган терма (U-23) жамоамизнинг Осиё чемпионати саралаш босқичига муносиб тайёргарлик кўриши учун ҳам зарур шароитлар яратиб беришни мақсад қилганмиз. Ёшларимиз январь ойида халқаро турнирда иштирок этишади. Февраль ойида Тошкентда йиғин ва унинг доирасида 3та халқаро ўртоқлик учрашуви ташкил этишни режалаштирганмиз. Ёмғир ва қор ёғиб турса, йиғинни хорижга кўчиришимиз ҳам мумкин. Бундан таш­қари, Туркия ва БААда ўтадиган мини-халқаро турнирларга таклиф олганмиз. Хабарингиз бор, Мақсудов шогирдлари март ойида Бангладеш мезбонлик қиладиган саралаш босқичида қатнашадилар. Осиё чемпионати финал босқичи 2016 йилнинг март ойида Қатарда ўтади. Маълумки, бу қитъа чемпионати Олимпиада-2016га тўғридан-тўғри саралаш вазифасини ўтаб беради. Келаси йилнинг май ойида Янги Зеландияда ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган ёшлар терма жамоа­мизнинг ҳам режалари тайин. Равшан Ҳайдаров 24-28 декабрь кунлари ўз шогирдларини Тошкентда йиғади. Янги йилгача қисқа муддатли ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этилади. Жаҳон чемпионатигача ҳар ойда йиғилиш режага киритилган. Тошкентда ҳам 2та халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказилиши кўзда тутилган. Мураббийлар штабига селекция ишларини янада кучайтириш вазифасини юкладик. Февраль ойида ЖЧ-2015га қуръа ташланади. 10 февраль кунги маросимда биздан икки вакил қатнашади. Ҳозир ҳужжатларни тайёрлашяпти. Яна бир маълумот, келаси йили 1997 ва 2000 йилларда туғилган футболчилардан иборат терма жамоаларимиз Осиё чемпионати саралаш баҳсларида қатнашишади. Йил охиригача шу икки жамоага бош мураббий ва ёрдамчилар та-йинланади.U-19 қизлар терма жамоаси эса келаси йили Осиё чемпионатида иштирок этади. 23-25 декабрь кунлари 16 ёшли қизларимиз Баҳрайнда бўладиган саралаш босқичига боришади. Умуман, барча йўналишдаги жамоаларимизнинг 2015 йилги мавсум учун иш режалари тайёрлаб қў­йилган.

- 17 декабрдан бошланадиган Дубай йиғинида Қувайт билан учрашув ҳолатининг қайта такрорланмаслиги учун зарур чора-тадбирлар кўриб қўйилдими?

- Биз икки федерацияга ҳам мактуб билан чиқдик. Ироқликлар  ҳам, иорданияликлар ҳам аввалдан белгиланган ўйинлар ўтказилишини тасдиқлашди. Бу учрашувлар ФИФА сайтида ҳам ўз аксини топган. Ўйлайманки, муаммо туғилмайди.

- 4 йил аввал Қатар-2011да кучли тўртликка кирган эдик. Бу сафар чорак финалдаёқ Жанубий Корея ёки Австралия билан тўқнаш келиб қолишимиз мумкинлиги мухлисларни хавотирга соляпти. Умуман, жамоамиз олдига аниқ вазифа қўйилдими?

- Албатта. Лекин биринчи галда, гуруҳ босқичини ўйлашимиз керак. Чорак финалга чиқиш учун гуруҳдаги 3та ўйинда ижобий натижа қайд этиш лозим. Камида 4 йил аввалги натижани такрорлаш керак. Австралияга жўнаб кетиш олдидан ЎФФда йиғилиш бўлади. Федерация раҳбари ўтказадиган ушбу йиғилишда жамоамиз олдига аниқ вазифалар қўйилади.

- Осиё кубогида Ватан шаъни учун майдонга тушилади. Лекин профессионал спортда рағбат тушунчаси ҳам бор. Бу ҳақда ҳам ўйлаяпсизларми?

- Шу кунгача халқаро миқёсда натижа қайд этишган барча жамоаларимиз ҳукуматимиз, шунингдек, ЎФФ раҳбарияти томонидан муносиб тарзда рағбатлантириб келинган. Спортчиларимиз пул мукофотларидан ташқари, турли Давлат унвонларига ҳам муносиб кўрилишган. Бир қатор мураббийларимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози унвони билан мукофотланишди. Албатта, миллий жамоамиз  Осиё кубогида юқори ўринларни эгалласа, мукофотдан бебаҳра қолмайди. Ўзи энг катта мукофот - бу халқнинг олқиши. Қолаверса, айрим футболчиларимиз Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирокдан сўнг ўз клубларини ўзгартиришлари мумкин. Шундай экан, ўйинчиларимиз икки ҳисса куч ва ғайрат билан ҳаракатланишади.

- Аксарият жамоаларимиз мураббийлари билан имзоланган шартномалар 31 декабрь куни якунланади. Миллий жамоа мураббийлари билан келишув муддати қачон тугайди?

- Осиё чемпионати якунланиши билан миллий жамоа мураббийларининг шартномалари ниҳоясига етади. Табиийки, натижага қараб, шартномани узайтириш ёки бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади.

- Мураббийлар штабига Александр Волков ҳам қўшилди. Бу Миржалол Қосимовнинг танловими?

- Худди шундай. Миржалол ёрдамчилари орасида Волковни кўришни истади. Бу истакни ҳам қондирдик. Ҳозир унга Мақсудов, Ашурматов, Волков ва дарвозабонлар мураббийи Пётр Гизимчук ёрдам беришяпти. Бош мураббий сўраган барча талаблар бажарилди. Ҳамма шароит бор, фақат натижа кўрсатиш керак.

- Ногирон-ампутантлар ўртасида 3 карра жаҳон чемпиони ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоасининг олис Мексикага бориб, чорак финалда мағлубиятга учраганини ТМЖ қандай қабул қилди?

- Мураббийлар штабидан жаҳон чемпионатидаги иштирок бўйича ҳали ҳисобот қабул қилмадик. Оғзаки гаплашдик, у ердаги шароит, ўйинлар ҳақида қисқача ахборот беришди. Буни ҳали чуқур таҳлил қиламиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ампутантларимизга қойил қолишимиз керак. Улар 3 карра жаҳон чемпиони бўлиб, кучли ва матонатли эканликларини исботлашган. Барибир, Мексикага бориб, у ерда Ўзбекистон футболини намоён қилганликларининг ўзи катта иш.  Мураббийларимизнинг сўзларига қараганда, йигитларимиз бу сафар ҳам чемпион бўлишга қодир эдилар. Лекин ҳар доим ҳам ўйлаган нарсангиз амалга ошавермайди. Қисқаси, ТЖМ натижани борича қабул қилди. Ҳозирги таркиб бир неча йиллардан бери деярли ўзгаришсиз ўйнаб келяпти. Шуни инобатга олган ҳолда, энди жамоа таркибини ёшартириш вазифасини қўямиз. 

- Декабрнинг сўнгги кунлари ва январь ойи бошида Осиё кубогидаги рақибларимиз ўртоқлик ўйинлари ўтказишади. Терма жамоамиз бош мураббийида 3 нафар ёрдамчи бор. Уларни ўйинларга «айғоқчилик» учун юбориш масаласи ҳам кўриб чиқиляптими?

- Бахтиёр Ашурматов Саудия Арабистони иштирокидаги 2та ўйинни кўриб келди. Миржалол Қосимовнинг ўзи ҳам бевосита кореяликлар ўйинини кузатди. Бундан ташқари, ТЖМ махсус ишчи гуруҳ ҳам рақиблар ҳақидаги сўнгги маълумотларни йиғиб, мураббийлар штабига тақдим этяпти.

- Юқорида таъкидланганидек, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган Олимпиада ўйин­ларига саралаш босқичи вазифасини ўтайдиган Осиё чемпионати мезбонлиги Қатарга топширилди. Аслида Ўзбекистон ҳам даъвогарлар орасида эди. Хўш, қайси критериялар бўйича мезбонликни қўлга киритолмадик?

- ОФКнинг махсус комиссияси биз таклиф қилган стадионлар, меҳмонхоналар билан яқиндан танишиб кетди. Лекин аниқ қайси критериялар бўйича талабга жавоб бермаганимизни билмадим. Бу ҳақда ҳеч бир даъвогар давлатга ахборот берилмайди. Қатар номзодини муносиб кўришган экан, демак, бунинг учун етарлича асос бўлган. Аммо биз курашишда давом этамиз. Ўзбекистонга катта мусобақани олиб келишни мақсад қилганмиз. Бу борада кенг қамровда иш олиб бориляпти. Ўйлашимча, барча шароитлар етарли. Шу йилнинг ўзида жаҳон талабларига жавоб берадиган стадионлар бунёд этилди. Умид қиламанки, қитъа ва жаҳон миқёсидаги йирик мусобақаларга ҳали албатта, мезбонлик қиламиз.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:57, 17.12.2014.
Ўқилди: 6661 марта.
Фикрлар: 39 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.