Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Бунёдкор»: Ўринбосарларни тайёрлаш – диққат марказида

Баҳо:
+ | -

Юртимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилинган 2014 йил ортда қолмоқда.

“Бунёдкор” ФК Биринчи вице-президенти – Бош директори Бахтиёр Бобоевга мурожаат этиб, ортда қолаётган йил давомида болалар-ўсмирлар ва футбол мактаби ривожи йўлида олиб борилган ишлар юзасидан маълумот беришини сўрадик. Эътиборингизга, “Бунёдкор” рахбарининг ўринбосарларни нафақат клуб учун, балки турли ёшдаги терма жамоаларга тайёрлаш борасидаги фикрларини ҳавола этамиз.

- Аввало шуни айтиб ўтишим керакки, бизнинг жамоа ўзбек футболининг бир бўлаги ҳисобланади. Ва олдимиздаги вазифа ҳам худди бошқа жамоалардаги ҳамкасбларимиз сингари терма жамоаларимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қила оладиган иқтидорли футболчиларни тарбиялашдан иборат. Ўтиб бораётган йил давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Мьянма мамлакатида ўтган Осиё чемпионатидаги муваффақиятли иштирокидан ва 2015 йилда Янги Зеландияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилганлигидан жуда-жуда хурсанд бўлдик. Ёшларимизнинг ғалабаларига ҳисса қўшган футболчиларнинг саккиз нафари – Акрамжон Комилов, Рустам Ашурматов, Миржамол Қосимов, Хуршид Ғиёсов, Сардорбек Азимов, Дилшод Ҳамроев, Достонбек Ҳамдамов ва Забихилло Ўринбоев айнан “Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари эканлигидан фаҳрланамиз. Забихилло мусобақа давомида киритган ўзининг бешта голи билан энг яхши тўпурар унвонини қўлга киритди. Ўринбоев мамлакатимизда болалар футболи ривожи тизимининг яққол тимсоли ҳисобланади. Янги Зеландиядаги мундиал футболчимиз учун учинчи жаҳон чемпионатига айланиши мумкин. Тарбияланувчимиз бунгача Мексика-2011 ва Туркия-2013 мусобақаларида ҳам иштирок этган эди.

“Бунёдкор” футбол мактаби ташкил этилганига у қадар кўп вақт бўлгани йўқ. Футбол мактабимизни ривожлантириш дастури асосида мутахассисларимиз Республикамизнинг турли жойларида қатор мусобақалар уюштиришди. Учрашувларни скаутларимиз диққат билан кузатиб боришиб, иқтидори юқори бўлган турли ёшдаги футболчиларни академиямизда ўқишни давом эттиришга таклиф этдик. Юртимизнинг турли чеккалардаги болаларнинг футболга меҳрини оширишда айнан “Бунёдкор” ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Тошкентда ўтказилган қўшимча ўқув-машғулот йиғинларидан кейин келажаги порлоқ футболчилар танлаб олинди ва уларга қулай шароитлар яратилди. Болалар бизнинг мактабимизда нафақат футбол билан шуғулланиш имкониятига, балки юртимизда ва хорижда ташкил этилаётган қатор мусобақаларда иштирок этишмоқди.

Давлатимиз рахбарларининг ғамхўрлиги натижасида бизнинг футбол мактабимизда замонавий талабларга жавоб берадиган барча шароитлар яратилган. Табиий ва суъний қопламали ажойиб майдонлар, тренажёр залилари, ёпиқ манеж, бассейн, зарур жиҳозлар билан таъминланган ўқув хоналари, замонавий тиббий марказ, ошхона, шунингдек дам олиш ва бошқа хизматлар учун мўлжалланган хоналар футболчилар ҳамда мураббийларимиз учун хизмат қилмоқда.

2014 йилда илк маротаба “Соғлом бола йили”га бағишлаб, 2000 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида “Бунёдкор Кубоги” мусобақаси ташкил этдик ва унда мутахассисларимиз иқтидорли футболчиларни кузатиб боришди. Ўзида ёрқин таассурот қолдирган футболчилар алоҳида қайд этилган ва уларни мунтазам кузатув остига олганмиз. Мусобақа совриндорлари “Бунёдкор”нинг асосий стадионида ташкил этилган ва тантанали муҳитда мамлакатимизнинг таниқли футболчилари томонидан тақдирландилар. Турнирни анъанавий тарзда ўтказишга келишиб олганмиз. Мусобақа географиясини янада кенгайтириб, иқтидорларни янада кўпроқ излаб топишга ҳаракат қиламиз.

Ҳар йили “Бунёдкор” футбол мактабида шуғулланаётган футболчиларнинг сони ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Ҳозирга келиб тарбияланувчиларимиз сони 520 нафарни ташкил этмоқда.

Шу билан биргаликда бизнинг клубда футболни янада тарғиб қилиш, унга бўлган қизиқишни ошириш ва миллионлар ўйини билан бевосита шуғулланувчилар сонини янада оширишга оид шижоат мавжуд. Бу ўз навбатида соғлом турмуш тарзини яратиш ва ёш авлодни муносиб шакллантириш учун хизмат қилади. Бу жиҳатларни амалда бажариш юзасидан мақсад ва вазифалар белгилаб олиниб, алоҳида йўналишлар бўйича беш йиллик махсус дастур ишлаб чиқилган.

Футбол мактабимиз вазифаси юқори таснифли, рақобатбардош ва кейинчалик Ўзбекистон терма (ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий) жамоаларида тўп тепадиган футболчиларни тарбиялашдан иборат. Мактабимиз футболчилари ғолиблик руҳида тарбия топишлари ва мамлакатнинг ҳақиқий ватанпарвар инсони ҳислатларига эга бўлиши керак.

Мактабнинг асосий иш тамойиллари қуйидагилардан иборат:
- тайёрлов жараёнининг барча босқичларида бепул таҳсил олиш;
- ҳар бир футболчига алоҳида ёндашув;
- Болалар билан ишлаш учун “Бунёдкор” ФКнинг собиқ футболчилари ва хорижлик юқори мамакали мутахассисларни жалб этиш;
- машғулотлар жараёнида ўзимизнинг, юртимизнинг ва хорижнинг мамакали мутахассислари ишлаб чиққан замонавий илмий-услубий дастурлардан фойдаланиш;
- мунтазам равишда мураббийларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, семинарлар ташкил этиш, амалиётга юбориш ва лицензиялаштиришни таъминлаш;
- “Бунёдкор”нинг асосий жамоасига футболчи етказиб берган мураббийларни рағбатлантириш;
- Республикамиз вилоятларида ва хорижда ташкил этиладиган мусобақаларга тарбияланувчиларимизни юборишни таъминлаш ва кучли жамоаларга қарши учрашувлар ташкил этиш орқали уларнинг тажрибасини ошириш.

Қайд этиш керакки, футбол мактабимиз тарбияланувчилари охирги йилда Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларидаги мусобақаларда, шунингдек юртимизда ташкил этилган қатор турнирларда ғолиб чиқдилар ва совриндорлар қаторидан жой олдилар.

Устиворлик вазифаси сифатида футболчиларни индвидуал сифатларини ошириш ва уларни муносиб тарбиялашга қаратилган. Айниқса, футболчилар ўзларидан талаб этилган техник кўрсаткичларни юқори тезлик пайтида, рақиб билан бўладиган якка курашларда намойиш эта олишлари даркор. Биз мухлисларни стадионга қайтариш ва уларга завқли футбол таклиф этиш учун ҳужумкор ўйин намойиш этадиган янги авлодни тайёрлаяпмиз. Футбол мактабимизда таҳсил олаётган футболчиларнинг техник, жисмоний ва руҳий даражаси олий лига талаби доирасида бўлишини керак.

Мураббийлар штаби мунтазам равишда тарбияланувчиларимизнинг ҳаракатларини кузатиб боришади. Бу йилги Ўзбекистон чемпионати ва кубоги учрашувларда асосий жамоа сафида бир қатор тарбияланувчиларимизнинг тўп тепишгани бежизга эмас. Шунингдек, қитъамизнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли турнири – Осиё Чемпионлар лигаси мусобақасида ҳам баъзи ўсмирларимиз майдонга тушиш имкониятига эга бўлишди. Забихилло Ўринбоев, Достонбек Ҳамдамов, Акрамжон Комилов ва Темур Аюпов сингари ёшлар ўз ҳисобларига гол ёздириб қўйишни уддасидан чиқдилар. Ўйлашимча, ёшларимизнинг олий лигада орттириб бораётган тажрибалари уларнинг терма жамоаларимиз сафидаги халқаро учрашувларида асқотмоқда.

Футбол мактабимизда йўлга қўйилган иш жараёнининг нақадар тўғри эканлиги натижасида “Бунёдкор” тўққиз нафарлаб етакчиларини терма жамоаларга юборган пайтларда ҳам жангавор таркибни сақлаб қола олди.

Биз эртанги кунимизга ишонч билан қараймиз. “Бунёдкор” футбол мактаби эса асосий жамоамизга, шунингдек Ўзбекистон термаларига иқтидорли футболчиларни тарбиялаб беришда давом этади.

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ёзиб олди.

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 20:39, 30.12.2014.
Ўқилди: 3532 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.