Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Юрий Саркисян: "Ўйинчиларга ҳар доим бир гапни айтаман - олдин футбол, кейин оила"

Баҳо:
+ | -

Юрий Вазгенович Саркисян айни вақтда “Бунёдкор”да маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда. “Нефтчи”нинг афсонавий устози жамоадан кетганига анча фурсат бўлиб қолди. Аммо фарғоналик мухлислар Юрий Вазгеновични ҳамон қаттиқ ҳурмат қиладилар. Қуйидаги суҳбат айнан “Нефтчи” мухлислари илтимосига кўра амалга оширилди.

- Юрий Вазгенович, аввало суҳбатимизни “Бунёдкор”даги фаолиятингиз ҳақида бошласак. Жамоадаги ишлар қандай кечмоқда?

- Ҳаммаси жойида, 12-декабрдан йиғин бошлаганмиз. Йиғин якунига етиб қолди. Энди қисқа муддатли таътилга чиқамиз. Янги йилдан сўнг машғулотларни ҳорижда давом эттирамиз. Аввал БААга сафар қилинади. Бу сафар давомида 4 та назорат ўйини ўтказилиши режалаштирилган. Сўнгра Туркияда йиғин давом эттирилади. Бу йиғинлар давомида жамоамиз тайёргарлигини юқори даражага чиқариб олишимиз керак. Чунки бизни ОЧЛ саралашида ўта муҳим учрашув кутиб турибди. Жамоамиз олдига қўйилган бирламчи вазифа – ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритиш.

- Чемпионлар лигасидаги рақиб “Ал Жазира” ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда кучли жамоа. Яқинда клуб директори Бахтиёр Бобоев ва бош мураббий Сергей Лушан “Ал Жазира”нинг ўйинини стадионда кузатиб қайтишди. Уларнинг таассуроти анча юқори. Бу жамоа катта куч ва салоҳиятга эга. Қандай қилиб бўлмасин уни мағлуб этиш шарт.

- Юрий Вазгенович, “Бунёдкор”даги вазифангиз айнан нималардан иборат эканини бизга маълум қила оласизми?

- Албатта. Мен маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Зиммамга юклатилган вазифа – жамоа ўйинлари ва машғулотларини четдан туриб кузатиш. Бу кузатувлар натижасини бош мураббий Сергей Лушан билан ўзаро суҳбатда маълум қиламан. Мен мураббийлик иши қай даражада оғир эканини яхши биламан, шу сабабли Лушаннинг ишига бемаврид аралашавермайман. Фақат унинг ўзи сўраган вақтда ёрдам беришим мумкин. Аммо барибир якуний қарорни бош мураббий чиқаради. Сергей Лушан – жуда интилувчан мураббий. У келажакда катта ютуқларга эришишига ишонаман. У лозим топганда мендан маслаҳат сўрайди. Мен эса унга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- Яқинда “Бунёдкор” атрофида турли гап-сўзлар пайдо бўлди. Собиқ легионерлар Сергей Симоненко ва Олександр Пишур клуб шаънига нисбатан ҳар-хил фикрлар билдирди. Бу ҳақида нима дея оласиз?

- Нима ҳам дердим, ер юзида қанча одам бўлса, шунча табиат бор. Ҳар бир одам ўз ўй-ҳаёлига эга. Инсон энг аввало ўзини ва ўзгаларни ҳурмат қилиши керак. Футбол шундай нарсаки, унинг ўз қонун-қоидалари бор ва унга кирган киши албатта бўйсуниши шарт. Агарда ўз қоидаларингни яратиб олсанг ва ўша асосда иш юритсанг, футбол сени бир четга суриб қўяди. Симоненко ва Пишур айнан шундай қилмоқчи бўлдилар ва охир-оқибат жамоадан четга чиқиб қолдилар. Мен уларга ўз вақтида кўп маслаҳат бердим. Афсуски айтганларимга амал қилмадилар. Мен 26 йил давомида “Нефтчи”ни бошқардим. Жамоада ҳар доим Лобановскийнинг бир ўгитига амал қилардик: “тартиб ҳатто савиядан ҳам устун келади”. “Нефтчи”да ҳар доим тартиб бўларди. Натижада жамоада ким ўйнамасин, доим яхши натижага эришганмиз. Биз учун номларнинг қизиғи йўқ эди, энг муҳими – интизом бўлиши шарт эди. Футбол тартибни суядиган спорт. Мен ўйинчиларга ҳар доим бир гапни айтаман – олдин футбол, кейин оила. Чунки футбол –даромад манбаи. Оилани таъминлаш учун эса, даромад яхши бўлиши керак. Агар оила билан ўралашиб қолсанг, қандай қилиб футболдан четга чиқиб қолганингни ўзинг ҳам сезмай қоласан. Футболчи бўламан деган инсон унга борини бағишлаши лозим.

- Келгуси фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз? Ҳар ҳолда узоқ йиллар давомида бош мураббийлик лавозимида фаолият юритгансиз.

- Мен фақат бугун ҳақида фикр юритишим мумкин. Эртага нима бўлишини эса, ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳали бўлмаган нарсалар ҳақида гапиришни истамайман. Ҳозир “Бунёдкор”да фаолият юритмоқдаман ва бундан беҳад хурсандман. “Бунёдкор” менга оғир кунда далда бўлди, тушкунликда қолган вақтимда жамоага таклиф қилди. Бунинг учун клуб раҳбариятидан жуда миннатдорман. Мен энг аввало жамоага фойдам тегишини жуда истаган бўлардим. Қолганини эса вақт кўрсатади.

- Фарғонада ҳозирга қадар мухлисларингиз кўп топилади. Аслида бу интервьюни ташкил қилишни ҳам улар сўрагандилар...

- Фарғоналик мухлислардан жуда миннатдорман. Илгари, “Нефтчи” бош мураббийи бўлиб юрганимда мудом иш билан банд эдим ва мухлислар билан мулоқот қилишга кўп вақт топа олмасдим. Клубдан кетгач асл мухлис қандай бўлишини билдим. Улар мени ҳар доим қўллаб-қувватлашди. Очиғи, бунчалик бўлади, деб ўйламагандим. Мени нафақат Фарғонада, балки бутун Ўзбекистонда ҳурмат қилишаркан, бунга гувоҳ бўлдим. Улардан беадад миннатдорман. Ҳозир ҳам қаерда бўлмай, танишади, кўнгил сўрашади, бирга суратга тушишни илтимос қилишади. Бир мураббий учун бундан ортиқ яна нима керак? Уларнинг барчасидан, айниқса фарғоналик мухлислардан жуда миннатдорман. Қилган хизматларимни бунчалик ардоқлашларидан бошим осмонга етди. “Нефтчи” туфайли кўп яхши кунларни кўрдим, Осиёга танилдим. Умид қиламанки, бу мухлислар билан яна кўп яхши кунларда бирга бўламиз.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди,
"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 14:48, 04.01.2015.
Ўқилди: 5256 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.