Осиё Кубоги баҳслари стартидан олдин турли хил хорижий сайтлар турнир, шунингдек турнирда порлаши кутилаётган футболчилар ҳақида маълумотлар чоп этишмоқда.
Associated Press агентлиги Осиё Кубоги "B" гуруҳида иштирок этадиган терма жамоаларнинг етакчи футболчилари ҳақида маъқола чоп этди. Унда ушбу гуруҳ баҳсларида порлаши кутилаётган ва ўйинларини томоша қилиш тавсия этилган футболчилар ҳақида сўз боради.
Ушбу футболчилар ҳақида маъқолани қуйида ўқишингиз мумкин.
Хитой
Женг Жи - 34 ёш, ярим ҳимоячи. ("Гуанчжоу Эвергранд")
Хитой терма жамоаси сардори Англияда тўп сурган кам сонли хитойлик футболчилардан биридир. 2013 йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган футболчи Англиянинг "Чарльтон", шунингдек Шотландиянинг кўп карра чемпиони - "Селтик" сафида ўйнаган. Айни дамда "Гуанчжоу" сафида ўйнаётган ярим ҳимоячи ўтган мавсумда Осиё Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди.
Гао Лин - 28 ёш, ҳужумчи. ("Гуанчжоу Эвергранд").
Ажойиб техникага эга ҳужумчи рақиб ҳимоячилари учун ҳақиқий бош оғриқ туғдира олади. Хитой Суперлигасида гол уриш бўйича айни пайтда тенгсиз бўлиб турибди.
Жанг Линпенг - 25 ёш, ҳимоячи ("Гуанчжоу Эвергранд").
Чаққон ва абжир ҳимоячи рақиб ҳужумчилари билан яккама-якка курашларда ажойиб ўйин кўрсатади. Осиё Кубогидан сўнг уни Европа майдонларида кўриб қолиш имконият йўқ эмас.
Ўзбекистон
Сервер Жепаров - 32 ёш, ярим ҳимоячи (эркин агент).
Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси креативлик ва ўйинни кўра олиш борасида ҳамон энг кучли ўйинчилардан. Шунингдек, футболчи ажойиб соч турмаги билан ажралиб туради.
Одил Аҳмедов - 27 ёш, ярим ҳимоячи ("Краснодар").
Ажойиб ва мобил ярим ҳимоячи лозим бўлса ҳимояда ҳам жамоасига ёрдам бера олади. Шунингдек ажойиб зарбага эга футболчига бир пайтлар "Арсенал" қизиқиш билдирган эди.
Виталий Денисов - 27 ёш, ҳимоячи ("Локомотив" Москва).
Москванинг "Локомотив" клуби чап қанот ҳимоячиси аллақачон Россия Премьер-Лигасининг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бирига айланишга улгурди.
Саудия Арабистони
Носсир Ал Шамрони - 30 ёш, ҳужумчи ("Ал Ҳилол").
Осиёнинг 2014 йилдаги энг яхши ўйинчиси айни дамда ажойиб спорт формасида. Осиё Чемпионлар Лигаси финалида рақиби юзига тупурган ва четлатилган бўлса ҳам, Осиё Кубогида жамоасининг энг асосий ҳужумчиси бўлишига шубҳа йўқ.
Салим Ал Давсари - 23 ёш, ярим ҳимоячи ("Ал Ҳилол").
Ғарбий Осиё минтақасида тўп сурувчи энг иқтидорли ва энг кучли ярим ҳимоячилардан бири. Жамоаси ўйини қовушмай турган бир пайтда ўйинни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ўйинчилар тоифасига киради.
КХДР
Жонг Ил Кван - 22 ёш, ҳужумчи ("Римёнгсу").
Осиёнинг 2010 йилдаги энг яхши ёш ўйинчиси майдонда рақиб ҳимоячиларига тиниб бермайдиган тезкор ва чаққон ҳужумчи ҳужумчи. Осиё Кубоги - 2014 мусобақаси тўпурари.
Пак Сонг Чол - 27 ёш, ярим ҳимоячи ("Римёнгсу").
Терма жамоа плеймейкери тўпни деярли хатосиз жамоадошларига етказиб бера олади. Ҳужум бошлаш қобилиятига эга футболчи. 2010 йилги Жаҳон чемпионати иштирокчиси.