"Барселона" бош мураббийи Луис Энрике агар якшанба куни "Атлетико"ни мағлубиятга учрата олмаса, ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга заррача парво қилмаётганини айтиб ўтди. Бироқ унинг алоҳида таъкидлашича, 44 ёшли мутахассис ўз қўл остидаги ўйинчилари ҳақиқатан ҳам унинг бошқарувига қайтмаса, атиги 7 ойлик фаолиятидан сўнг ўз хоҳиши билан истеъфога чиқишга мажбур бўлади.
"Хабарлар шу қадар кўпки, уларнинг баъзилари ўта ёмон ниятда тўқиб чиқарилган. Бироқ уларга эътибор бериб ўтирмайман. Лекин шунга кафолат беришим мумкинки, шогирдларим ортимдан эргашишни тўхтатган кун мен кетаман", - дейди Энрике.
"Ўз ишимга диққатимни қаратишда ва шижоат ила ишлашда давом этаман. Мени ҳеч нарса чалғита олмайди. Футболчилар ва техник ходимлар барчаси бир жамоа бўлиб қолаверади. Биз шунга ўрганганмиз.
Эртага биз муҳим уч очко учун майдонга тушамиз, фақат уч очко учун - ундан ортиғи эмас. Ўзимни биринчи иш кунимдагидек ҳис этяпман.
"Атлетико" заиф жамоага ўхшамайди. Улар таркибни кучайтиришган, айниқса ҳимояланиш борасида жуда яхши ўйнашади. Бизда эса бундай эмас. Бу ўйинимиз ҳам ўтган мавсумдагидек, бироқ бошқача натижа билан тугашини кутяпман.
Биз ҳам ҳужумда, ҳам ҳимояда яхши ўйнашимиз талаб этилади, сабаби бу - мураккаб ўйин", - деди "Барселона" бош мураббийи.