“Барселона” жамоаси раҳбарияти аъзоларидан бири жамоада рўй бераётган муҳит ҳақида испан нашрларидан бирига маълум қилган. sport.es нашрида маълумот берган шахс ўзинининг кимлигини махфий қолдиришни сўраган.
У Лионель Месси ва бош мураббий ўртасидаги муносабатларда ростдан ҳам таранглик юзага келганини ва жамоа ички муҳити бузилганини тасдиқлаган ҳамда аргентиналик футболчи жамоа президенти Жозеп Бартомеудан Луис Энрикени ишдан бўшатишни талаб қилгани рост эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Испания чемпионатининг ўтган турида “Реал Сосьедад”га қарши ўйинда мураббий Мессини захирада қолдирган ҳамда жамоа 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Шундан кейин, аргентиналик юлдузнинг жаҳли чиқиб, мураббийни “ўзгартиришга қарор қилди”. Бу мақсадини амалга ошириш учун у аввалига ўзининг “Челси” жамоасига ўтиб кетиши мумкинлиги билан “қўрқитди”, кейин эса, Бартомеунинг қабулида бўлиб, унга ўз шартларини баён қилди. Ўз навбатида, жамоа раҳбарияти футболчини мураббийдан кўра қадрлироқ билиб, унинг ёнини олишга қарор қилган ва янги мураббий излашни бошлаган.
Демак, бугун “Атлетико”га қарши ўтадиган ўйин Луис Энрике мураббийлигида ўтадиган сўнгги ўйин бўлиши ҳақиқатга яқин.