Австралияда бўлиб ўтаётган Осиё кубоги мусобақасининг барча гуруҳдаги 3-тур учрашувлари бир вақтда «параллел» равишда ўтказилишидан барча мухлисларнинг хабари бўлса-да, нима сабабдан айнан 3-тур учрашувлари бир вақтда ўтказилиши ва унинг келиб чиқиш тарихи мени қизиқтириб қолганлиги туфайли «мозийга қайтиб» бир эслашни лозим топдим.
1982 йил. Испания. XII-жаҳон чемпионати.
Ушбу жаҳон чемпионатининг 2-гуруҳидан жой олган ГФР, Австрия, Чили ва Жазоир жамоалари кейинги босқичга чиқиш учун ўзаро куч синашади. Ўйинлар Хихон шаҳриниг «Estadio El Molinón» ва Овьедо шаҳрининг «Estadio Carlos Tartiere» стадионларида бўлиб ўтади.
Ўйинларга батафсил тўхталадиган бўлсак, 1-турда жаҳон чемпионатининг дебютанти Жазоир термаси кутилмаганда кимсан, «немис машинаси» бўлмиш ГФР термасини 2-1 ҳисобида мағлуб этиб «сенсация» кўрсатади. Австрия эса Чилини 1-0 ҳисобида мағлуб этишади. 2-турда ГФР термаси Чилини 4-1 ҳисобида тор-мор этади. Австрия эса Жазоир устидан 2-0 ҳисобида ғалаба қозониб гуруҳ пешқадамига айланади.
Бу гуруҳда иштирок этаётган жамоалар ўртасида қизиқ бир воқеа юза келади. 3-турни бошлаб бериш учун биринчи бўлиб майдонга Жазоир ва Чили жамоалари тушадилар. Муросасиз кечган ўйинда Жазоирликлар 3-2 ҳисобида ғалаба қозонадилар ва 4 очко йиғиб тўплар фарқи бўйича Австриядан кейин 2-ўринни банд этадилар. Чили термаси эса мусобақа билан хайрлашади.
ГФР-Австрия ўйинидан олдинги гуруҳдаги жадвалнинг кўриниши:
№ |
Жамоалар |
Ў |
Ю |
Д |
М |
Т-Н |
О |
1 |
Австрия |
2 |
2 |
0 |
0 |
3-0/+3 |
4 |
2 |
Жазоир |
3 |
2 |
0 |
1 |
5-5/0 |
4 |
3 |
ГФР |
2 |
1 |
0 |
1 |
5-3/+2 |
2 |
4 |
Чили |
3 |
0 |
0 |
3 |
3-8/-5 |
0 |
(Эслатма: Гуруҳда эришган ҳар бир ғалаба учун 2 очко, дуранг учун 1 очко, мағлубият учун 0 очко берилган. Шунингдек, ўша вақтда гуруҳдаги жамоаларнинг ўзаро ўйин натижасига қараб эмас, тўплар фарқига (+/-) қараб кейинги босқичга чиқадиган жамоа номи аниқланган).
Жазоир-Чили жамоалари ўртасидаги ўйиннинг натижасидан хабар топган ГФР ва Австрия термалари худди «ўзаро оғзаки келишгандек» майдонга тушадилар. 1-таймнинг 11-дақиқасида ГФР термаси Австрия дарвозасига гол уради. Мана шу голдан сўнг Австрия ва ГФР футболчилари тўпни бир-бирларига ошириб, умуман ҳужумга ўтишни хоҳлашмайди. Сабаби, кейинги босқичга чиқиши учун ГФРни ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қониқтириши, Австрия термасини эса йирик ҳисобда мағлуб бўлмаслиги талаб этиларди.
Шу туфайли иккала жамоанинг ўйин охиригача «антифутбол» намойиш этиши, стадионга йиғилган минглаб томошабинларнинг норозилига сабаб бўлади. Стадионда ўйинни бевосита кузатиб ўтирган Жазоир терма жамоасининг футболчилари ГФР термаси ўйинчиларига қараб у-бу нарсаларни улоқтиришар эди. Ҳаттоки немис мухлиси ўз давлатининг байроғини оловда ёндириб, ўзининг қатъий норозилигини бутун дунёга намойиш этади.
Ушбу воқеадан сўнг ФИФА мутассадилари 1986 йил Мексикада ўтган XIII-жаҳон чемпионатидан бошлаб, барча гуруҳдаги 3-тур ўйинларини бир вақтда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилади.
Абдумажид Қодиров тайёрлади.