Осиё кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичининг 3-турида миллий терма жамоамиз Саудия Арабистонига қарши ҳал қилувчи учрашувда муҳим ғалабага эришди ва чорак финалга йўл олди.
Учрашувнинг 2-дақиқасида футболчиларимиз чап қанотда рақибни хато қилишга мажбур қилишди ва Сардор чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб, чап оёқда зарба берди! Тўп дарвозабоннинг оёқлари орасида ўтиб, тўрга бориб тушди - 1:0.
Шундан сўнг вакиллармиз фаол ўйинда давом эттирдилар. Муҳаммадиев ўнг қанотда Одил билан девор ўйнаб, жарима майдончасига кириб борди. Ҳимоячининг устидан тўпни олиб ўтиб, кучли зарба йўллади! Тўп дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетди. Агар гол бўлганда мусобақани безайдиган гол бўлар эди.
Гол ва Муҳаммадиевнинг зарбаси саудиялик футболчи ва мухлисларни қўрқитиб юборгани аниқ. Аммо биринчи бўлим ўрталарига келиб, футболчиларимиз рақибнинг бемалол ҳаракат қилишларига йўл қўйиб беришди. Тўп оширишларда хатоларга йўл қўя бошладик. Жамшид Искандеровнинг ўйинларида бироз ҳаяжон сезилди. Биринчи бўлимнинг ўп назорати статистикаси ҳам бироз рақиб ҳисобига - 58% га 42%.
Иккинчи бўлим эса саудияликларнинг фаол ўйинлари билан бошланди. Футболчиларимиз эса бироз ўзларини йўқотиб қўйишгандек. Анча муддат футболчиларимиз иккитадан ортиқ аниқ пас узата олмадилар. Саудияликлар кетма-кет ҳужум уюштира бошладилар.
Ана шунда ҳужумлар ўз самарсини берди. 58-дақиқада чап қанотдан жарима майдончамиз ичига ҳаволатиб узатилган тўп учун курашда Денисовни рақибига қўполлик қилди деган Бенжамин Уильямс дарвозамизга пенальти белгилади. Пенльтини Ал Саҳлавий дарвозамизга жойлади. Шундан сўнг кўпчилигимиз ёмон хаёлларга борганимиз ани. Аммо футболчилармиз қийналиб бўлсада, иложини топишди. 71-дақиқада Шавкат Муллажоновнинг ўнг қанотда жарима майдонига узатган тўпини заҳирадан тушган Воҳид Шодиев боши билан саудияликлар дарвозасига жойлади.
Ўйиннинг асосий вақти тугашига 10 дақиқа қолганда футболчиларимиз амалда ҳаммасини ҳал қилишди. Жасур Ҳасанов чап қанотда ўзига қулай узатилга тўпни қабул қилиб жарима майдонига яқинлашаётган Сардор Рашидовни кўрди ва унга ажойиб равишда тўп узатди. Сардор ҳимоясида бироз чаққонлик қилиб тўпни эгаллаб олди ва аниқ зарбаси билан дарвозабони ҳам доғда қолдирди.
Шундай қилиб терма жамоамиз футболчилари бизларни хурсанд қилди. Энди чорак финалда Жанубий Корея терма жамоасига қарши ўйинда ҳам янада кучлироқ, янада ақллироқ ўйин кутиб қоламиз.
Ўзбекистон - Саудия Арабистони 3:1 (1:0, 2:1)
Голлар: 1:0 - 2 Рашидов, 1:1 - 60, пенальти Ал Саҳлавий, 2:1 - 71 Шодиев, 3:1 - 79 Рашидов.
Ўзбекистон - Нестеров, Муҳаммадиев (Шораҳмедов, 86), Исмоилов, Муллажонов, Денисов, Аҳмедов, Ҳайдаров, Искандеров (Шодиев, 66), Ҳасанов, Насимов, Рашидов (Турсунов, 90).
Саудия Арабистони - Абдулла, Аль-Шаҳроний, Ҳавсавий, Хавсавий, Ҳаририй (Ал Жассим, 75), Ал Зорий (Ал Шаҳрий, 84), Ал Досарий, Ал Фараж, Ал Обид (Ал Муваллад, 90), Ал Савлавий, Ҳаззозий
Огоҳлантиришлар: Муҳаммадиев (54), Исмоилов (58), Денисов (59), Ал Зорий (62), Ал Савлавий (68), Шодиев (78), Сайфиев (79), Хавсавий (90).