Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«Оқ бўрилар»нинг кейинги қурбони — Жанубий Корея...

Баҳо:
+ | -

Ҳамма вақтлар, бош жамоамиз иштирокидаги баҳсларга футболга унчалик қизиқмайдиганлар ҳам бефарқ бўлишмаган. Хар доим Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар биз учун ҳаяжонли бўлиб келган. Ундан ташқари «Барселона» ёки «Реал» клублари тўқнашуви арафасида ўзгача ҳаяжон бўлади. Агар «Классико»да сиз севган жамоа мағлуб бўлса, ҳафа бўлишингиз табиий. Эртаси куни бир-икки танишдан озгина, хар-хил «гап» эшитиб оласиз, натижадан ранжисиз, лекин тез орада ҳаммаси унут бўлади. Чунки у бошқа миллат клуби...

Бироқ миллий терма жамоа мағлубиятини қабул қилиш хар қандай ишқибоз учун қийин кечади. Шунинг учун хар қандай вазиятда ҳам бош жамоамиз ютқазишини хоҳламаймиз. Доим ўйин олдидан юрак ҳовучлаб ўтирамиз. ТВда миллий терма жамоамизни бир қатор саф бўлиб майдонга чиқиб келаётган тасвирни кўрсатганда мухлис аҳли қандай гўзал, ҳаяжонли туйғуларни ҳис қилишини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўша лаҳзада сизга ёқмайдиган шарҳловчининг овози ҳам ширали эшитилиб кетади.

Ҳа, айнан Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўйин олдидан бизда шундай кучли ҳаяжон турди. Тўғриси, охирги марта қачон термамиз ўйини олдидан бундай хавотирга тушиб, ташвишланганими эслолмайман. Хайрият, ҳаммаси ортда қолди... Муҳими, биз чорак финалдамиз! Арабларга қарши ўйинда Қосимов кема рулини бошқа капитанга топширди. Ўша капитан эса ёмғирли, катта тўфонли денгиздан кемани соғ-омон олиб чиқиб кетди. Унга раҳмат!

МТЖмизнинг собиқ устози Вадим Абрамовнинг устун тарафини нимада эканлигини биласизми? Абрамов жаноблари таваккалчи мураббий эди. Муҳим ўйинларда ҳам қўрқмасдан, истаган, ҳеч ким танимайдиган, билмайдиган, тажрибаси унча юқори бўлмаган, бироқ истеъдодли йигитларни майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилишига имкон яратиб берарди ва якунда уларни мураббийнинг бу ишончи оқларди. Бу Абрамовнинг ёшлар билан ишлаши ҳақидаги фикр эди. Қатар-2011да Абрамов Одил Аҳмедовга шундай деганди: «Одил, истайсанми сени дунёдаги энг яхши марказий ҳимоячига айлантираман». Тўғри, кейинчалик Одилни бошқа марказий ҳимояда кўрмадик, лекин ўшанда Вадим Абрамовнинг кутилмаган қарорлари, ўзига хос тактикалари нафақат бизни лол қолдирар, балки рақибларни ҳам довдиратиб қўярди. Энди фикрларимни умумийлаштираман, Вадим Абрамов ўзгаришларни севарди!

Ҳа, ниҳоят биз ҳам учинчи турга келиб Миржалол Қосимовдан кутилмаган қарорларни, ўзгаришлар қаршиладик. Араб футболчиларига қарши баҳсда умуман ўзгача МТЖ майдонда ҳаракат қилди ва улар биз истаган натижани ортиғи билан кўрсатиб беришди. Бундан мамнунмиз. Энди буёғига ҳам шундай руҳда давом этиш керак. Ортга қараш ярамайди. Олдимизни Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири Жанубий Корея турибди. Биз бу терма жамоанинг ўйинларини мусобақа давомида кузатдик. Ҳақиқат ҳам кучли жамоа. Ҳаттоки, кореяликлар ирода кўрсатиб, мусобақанинг расмий мезбонларини ҳам гуруҳнинг тахтига ўтиришига йўл қўйишмади. Хуллас, улар ҳақида фикримиз ижобий. Бироқ МТЖмизни улардан кам жойини кўрмаяпман. Жанубий Корея гуруҳнинг дастлабки икки баҳсини қийинчилик билан ютиб олди ва омади келиб Австралияни сўнгги турда таслим этишди. Лекин биз кўрдикки, кореяликларнинг ҳам нозик томонлари бор. Ундан аввал устун тарафлари ҳақида гапирсам: бўлажак рақибларимизнинг таркибида тажрибали, узоқ вақтдан бери терма жамоада ўйнаб келаётган, халқаро тажрибага эга бўлган футболчилар бор ва таркибнинг аксарияти Европа футболи ҳавосидан баҳра олишган. Бу терма жамоа немис клубларини ҳам эслатиб юборади. Рақибларимиз ҳужумни узоқ-узоқ чўзиб ўтиришни хушламайдилар. Умумий қилиб айтганда, ўта тезкор терма жамоа!

Нозик тарафи: Жанубий Корея ҳужумни тез амалга оширади, бироқ ҳимояга кеч қайтишади ва қанот ҳимоячилари гарчи олдинги чизиқда яхши ҳаракат қилишса ҳам ўз зонасидаги вазифани ўта аъло даражада уддалайди дейиш қийин. Ҳа, сиз англадингиз. Уларни қарши ҳужум тутишимиз мумкин. Лекин Ўзбекистон қарши ҳужум пойлайдиган жамоа эмас. Қарши ҳужумни доимий равишда, 90 дақиқа иккинчи рақамли жамоа бўлиб ўйнайдиганлар пойлайди. Демоқчи бўлганим, ўйин давомида уларни шу тарафдан сиқувга олсак ҳам бўлади. Ҳар ҳолда МТЖмиз араблар билан ўйинда қарши ҳужумда нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйди. Жанубий Корея билан бизни ўта жиддий ўйин кутяпти. Бу биз учун мусобақадаги биринчи финал десак ҳам бўлаверади. Кореяликлар билан баҳсда рақибга кучли прессинг қўллаш керак. Рақибни тўп билан истаган ишини қилишга йўл қўймаслик лозим. Агар улар тўпга эгалик қилиб, ўз тактикаларни амалда қўллашса, бизникиларга қийин бўлади. Шунинг учун уларга тўп бермасак, марра бизники. Ўша машҳур Хосеп Гвардиоланинг тактикалари таркибидан ўрин олган усул ҳам шунга ўхшаш. Испаниялик мутахассиснинг жамоаси рақибга ўз ҳимоясидан ҳам чиқишга йўл қўйишмасди ва тўпга эгалик қилиш борасида яққол устунлик қилишарди. Ўзи аслида Ўзбекистон терма жамоаси ўз ўйинини кўрсатсин, бас, бу турнирдаги хар қандай рақибга қарши баҳсда натижага эришимиз мумкин. Бўлди. Бошқа гап сўз бўлиши мумкин эмас.

Кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Миржалол Қосимов ана энди иккинчи ва учинчи турда ўйнаган таркибни чорак финалда жипслантирган ҳолда туширса ҳам нотўғри вариат бўлмасди. Ўзбекистоннинг ўйин услуби Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Санжар Турсунов ва Азиз Ҳайдаров каби ўйинчилар атрофида шакллантирилган. Ўз навбатида Жепаровнинг учинчи турда ўйнамагани барибир арабларни чалғитиб, кимдан кўпроқ хавф кутишни билмай қолишди. Ҳар ҳолда Сардор Рашидовдан бундай ўйинни нафақат араблар, балки биз ҳам кутмагандик. Якунда “Бунёдкор” футболчиси ўйин тақдирини ҳал этди. Миржалол Қосимов кейинги босқичдаги баҳсда ҳам шундай қилсинки, рақиблар кимдан кўпроқ хавфсирашни билмай қолишсин. Бизга қариялардан иборат жанговор таркиб керак эмас. Майли, номлари ўқилганда унчалик даражада жарангламасин, лекин майдонга чиққанда кутилмаган воқеаларни ташкил этишсин. Сардор Рашидовдан кутганмидингиз бундай муваффақиятли ўйинни? Ҳа, кутгандингиз. Тўғри, у истеъдодли йигит. Лекин, келинг тан олинг, Рашидовдан бунчалик самарали ўйин кутилмаганди. Бу ҳақиқатга яқин фикр. Марказий ҳимояда Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов ва Виталий Денисовлардан бўлажак учрашувда ҳақиқий жанг қилишлари талаб қилинади. Ўнг қанотда энди ким ўйнайди деган савол туғулади. Шораҳмедов ёки Муҳаммадиев ? Фикримча, Акмални кореяликлар билан алоҳида “муомаласи” бор. Бу ҳолат ҳам Акмал Шораҳмедовни рақибга қарши бошқача спорт кайфиятида ўйнашига сабаб бўлиши мумкин. Қосимов буни инобатга олади деб умид қиламиз.

Энди эса рақиб ҳақида фикримизни давом эттирамиз. Яхши биласизки, Жанубий Корея терма жамоаси билан ўзига хос ҳисоб-китобимиз бор. Қосимовга гуруҳдаги охирги ўйиндан кейин ўтказилган матмуот анжуманида буни эслатишди ва бош мураббий ўзбекистонликларни мундиалсиз қолдирлардан ўч олишини айтиб ўтди. Хуллас, кореяликларни мағлуб этишимиз учун бизга далда бўладиган сабаблар етарлича топилади. Етар энди шу кунгача сабр қилганимиз. Ғалаба қозониш вақти келди. Бизнинг вақтимиз келди. Агар Жанубий Кореяни чорак финалда мағлуб этиб, кейинги босқичга йўл олсак, ишонаверинг, финални кўзлаб қўйишингиз мумкин...

Бу каминанинг ўйин олдидан умумий фикрлари эди. Майли, кимлар биландир ўйин ҳақида узоқ-узоқ муҳокама қилманг. Фақат ичингизда, юракдан чиқариб Яратгандан миллат шаънини ҳимоя қилаётган йигитларимизга омад тиланг ва уларга ишонинг.

Олға йигитлар! Ватан учун олға!!!

Ҳожиакбар Жабборов
“Рухсор” телерадиоканали (Фарғона)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:10, 21.01.2015.
Ўқилди: 15245 марта.
Фикрлар: 241 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.