Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Шаҳбоз Эркинов: «Сўғдиёна» - «Навбаҳор» ўйини келишилганидан хабарим йўқ эди»

Баҳо:
+ | -1

Наманганнинг «Навбаҳор» клуби ўтган йилги мавсумни 7-ўринда якунлади. Жамоанинг ушбу натижасида маҳоратли ҳужумчи Шаҳбоз Эркиновнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У XXIII миллий чемпионатимизда 14та тўп киритиб, 2та голга ассистентлик қилиб, «голҚпас» рўйхатида ўтган йилги олий лигамиз тўпурари Артур Геворкяндан сўнг, 2-ўринни эгаллади. Хўш, Эркинов ўтган мавсумда намойиш этган ўйинидан қониқдими? У бу йил ҳам «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қиладими ёки бошқа клубдан қўним топадими? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида янги мавсумга тайёргарликни ҳам наманганликлар билан олиб бораётган Шаҳбоз Эркинов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Шаҳбоз, янги мавсумга тайёргарлик қандай кечяпти?

- Жуда яхши. Мавсумлар оралиғидаги ўқув-машғулот йиғинини 2014 йилнинг 15 декабрида Наманганда бошладик. Икки ҳафталик машғулотлардан сўнг, янги йил байрами муносабати билан қисқа муддатли таътилга чиқдик. Кейинги йиғин 4 январдан яна Наманганда давом эттирилди. Машғулотлар кунига 2 маҳалдан «Навбаҳор» ва «Динамо» стадионлари, шунингдек, тренажёр залида олиб борилди. Ушбу йиғин доирасида биринчи лига вакили «Косонсой» (4:1) ва кўп йиллик танаффусдан кейин яна элитага қайтган «Қўқон-1912» (3:0) клубларига қарши назорат учрашувлари ўтказиб, ҳар икки баҳсда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Ўша ўйинларда биттадан тўп киритдим.

Намангандаги йиғин 16 январда ўз ниҳоясига етди. Кейинги ўқув-машғулот йиғинимиз 19 январдан Тошкентда давом эттирилмоқда.

- «Навбаҳор» таркибида қандай ўзгаришлар бор?

- Жамоа таркибини Мансур Саидов ва Бахтиёр Ёқубов тарк этишди. Шунингдек, дарвозабон Петар Денчев ва ҳужумчи Руслан Качурларнинг ҳам бу йил клубимиз шарафини ҳимоя қилмасликлари деярли аниқ бўлиб улгурди.  Машғулотларимизда эса янги футболчилардан «Машъал» ҳужумчиси Мўйдин Мамазулунов, сербиялик форвард Александар Лепосавич, шунингдек, Сардор Сотволдиев («Косонсой») ва ёш ўйинчи Ислом Исмоилов иштирок этишяпти. Тез кунлар ичида таркибга бир қатор янги футболчиларнинг қўшилишлари кутилмоқда. Беларуслик ҳимоячи Юрий Рижко ҳам жамоамиз ихтиёрига етиб келди.  

- Ўтган йили «Навбаҳор» 7-поғонани банд этди. Клубнинг ушбу натижаси ва ўз ўйинингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

- Ўтган йили олдимизга раҳбарият томонидан 6-ўринни эгаллаш вазифаси қўйилганди. Буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Сўнгги тургача жамоа­мизнинг қайси поғонани банд этиши маълум бўлмаганди.

26-турда ўз майдонимизда кечган баҳсда «Динамо»ни мағлубиятга учратсак, бу мақсадимизга етардик. Афсуски, ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда самарқандликлар тўп киритиб, ҳисобни тенглаштиришди (2:2). Натижада, Қаршида «Насаф» билан дурангга эришган «Олмалиқ» (2:2) 6-ўринни эгаллади ва биз 7-поғона билан чекланишга мажбур бўлдик. Футболда шундай кутилмаган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Лекин ҳар ҳолда, 7-ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Аммо наманганлик мухлислар талабчанлар ва уларни бу ўрин қониқтирмаганлиги табиий.    

Ўйиним борасида тўхталадиган бўлсам, XXIII миллий чемпионатимиз тўпурарлигини қўлга киритганимда, ўйинимдан қониқиш ҳосил қилардим. Аммо бунинг учун 4та гол етишмади. Менимча, ҳеч қайси футболчи ўз ўйинидан қониқмаса керак. Чунки, ҳар бир футболчи юқорига қараб интилиши керак. Шунда ҳаммаси яхши бўлади.

- Голларингиздан 6 тасини «Сўғдиёна»га урдингиз. Умуман олганда, ўтган йили жиззахликларга қарши кечган ҳар 2 учрашувда ҳам (Наманганда 4:2, Зоминда 4:5) «хет-трик»ка эришдингиз. Интернет сайтларида ўша ўйинларнинг, айниқса, Зоминдаги «хоккейча ҳисоб»да якунланган учрашувнинг келишилганлиги хусусида хабарлар тарқалди. Ушбу миш-мишлар хусусида нима дея оласиз?

- Мен ҳам бу ҳақда турли интернет сайтларида ўқидим. Лекин ўша ўйинларнинг келишилганлигидан умуман хабарим йўқ. Бу борада виждоним тоза. Худога шукур, фаолиятим давомида келишилган учрашувларда қатнашмаганман ва бундан кейин ҳам иштирок этмайман. «Сўғдиёна» дарвозасига 6та тўп киритганлигим эса шунчаки тасодиф. Жиззахликлар дарвозабони Александр Меленчук тажрибали посбон. Аммо унинг ожиз томонларини яхши ўзлаштириб олганлигим, шунингдек,  ўша баҳсларда омадим келганлиги менга ёрдам берди.

Кези келганида таъкидлаш жоизки, «Сўғдиёна» мен учун қадрдон клуб. Боиси, ушбу жамоада отам (Фурқат Эсонбоев - муал.) кўп йиллар давомида фаолият олиб борганлар, ўзим ҳам 2 йил ўйнаганман. Демак, бу борадаги барча гап-сўзлар шунчаки миш-миш, холос.

- Тез кунларда мамлакатимизнинг 2014 йилги энг яхши мураббийи ва футболчиси номи аниқланади. Сизнинг­ча, бу номга кимлар муносиб?

- Мутахассислардан бу номга «Пахтакор» устози Самвел Бабаян муносиб. Боиси, Самвел Вячеславович жамоа бошқарувини олган йилиёқ, «шерлар»ни чемпион қилди. Шунингдек, «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушаннинг ҳам ўтган йили яхши иш олиб борганлигини қайд этиш жоиз. У ўз эътиборини кўпроқ ёшларга қаратиб, уларни қўрқмасдан майдонга туширди.

Футболчилардан эса Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов ўтган мавсумда ўз клублари ва миллий терма жамоамизда барқарор ўйин кўрсатишди.

Миллий чемпионатимизда Кахи Махарадзе, Жамшид Искандеров ва Сардор Рашидовлар ўзларининг энг яхши жиҳатларини намоён эта олишди.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 18:20, 29.01.2015.
Ўқилди: 9661 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.