Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Терма жамоамиз учун бир йиллик режа

Баҳо:
+ | -

Сўнгги 2-3 йилда Ўзбекистон миллий жамоасининг ўртоқлик ўйинлари нисбатан кўпайиб қолди. Ҳар ҳолда, мамлакатимиз бош жамоаси ФИФА томонидан белгиланган 12-13та алоҳида сананинг камида 9-10тасида расмий ёки ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмоқда. Бу ёқимли ҳолат, албатта. Бугун шу мавзуга чуқурроқ ёндашиб, терма жамоамизнинг йиллик режасига назар ташлашга қарор қилдик.

2015 йил энди бошланган бўлса-да, терма жамоамиз март ойига белгиланган навбатдаги 2та ФИФА куни учун ўртоқлик ўйинларини нақд қилиб қўйди. Бунда таклиф кимдан чиққанининг аҳамияти йўқ. Муҳими, бош жамоамиз 27 ва 31 март саналари Жанубий Корея ва Япония миллий термаларига қарши 2та муҳим учрашув ўтказади. Ушбу баҳслар июнь ойида бошланадиган ЖЧ-2018 ва Осиё кубоги-2019нинг қўшма саралаш босқичи илк ўйинлари учун тайёргарлик вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон термаси учун янги цикл, яъни 4 йиллик давр бошланмоқда. Демак, таркиб ҳам нисбатан янгиланиши, бошқатдан шакллантирилиши бор гап.

Ўзбекистон футбол федерацияси Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов яқинда 2та нарсани таъкидлаб ўтди:

1) Терма жамоамиз 2015 йили Тошкентда 4та расмий ўйин ўтказади;

2) 2015 йилдаги қолган ФИФА кунлари учун саралаш босқичига қуръа ташланганидан кейин спарринг-рақиб танланади.

Асқар Толибжонов ушбу фикрларини таъкидлаб туриб, хатога йўл қўйганини таъкидлашимиз лозим. Зеро, жамоамиз жорий йили Тошкентда 4та эмас, 2та расмий ўйинда майдонга тушади, холос. Наҳотки, ТЖМ раҳбари саралаш босқичининг тақвим ло­йиҳасидан бехабар бўлса? Ўзбекистон термаси қуръа жараёнида биринчи саватчадан жой олади. Ушбу саватчада жами 8та жамоа бўлади. Тўғри, ФИФАнинг навбатдаги рейтинги 12 февраль куни эълон қилинади, аммо www.football-rankings.info сайти жадвалнинг тахминий вариантини эълон қилиб улгурди. Унда жамоамиз ОФК бўйича 6-ўринни эгаллаган. Умуман, термамиз катта эҳтимол билан март ва апрель ойидаги рейтингларда ҳам кучли саккизликдан тушиб кетмайди. Демак, 17 апрель куни ташланадиган қуръада биринчи саватчадан жой олиши аниқроқ. Тақвимга кўра, 1-саватчадан ўрин олган жамоалар эса 3 сентябрь ва 12 ноябрь кунлари ўз майдонларида рақибларни қабул қилишади. Бу — биринчиси.

Иккинчидан, ФИФАнинг қолган кунларига рақиб танлаш учун 17 апрелдаги қуръа жараёнини кутиш шарт эмас. Негалигини қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Келинг, аввало ЖЧ-2018 ва ОК-2019 қўшма саралашининг дастлабки гуруҳ босқичи тақвими лойиҳасига назар ташлайлик.

1-тур. 11 июнь. «3» — «2»; «5» — «4» («1» дам олади)

2-тур. 16 июнь. «4» — «1»; «5» — «3» («2» дам олади)

3-тур. 3 сентябрь. «1» — «5»; «2» — «4» («3» дам олади)

4-тур. 8 сентябрь. «2» — «5»; «3» — «1» («4» дам олади)

5-тур. 8 октябрь. «4» — «3»; «2» — «1» («5» дам олади)

6-тур. 13 октябрь. «2» — «3»; «4» — «5» («1» дам олади)

7-тур. 12 ноябрь. «1» — «4»; «3» — «5» («2» дам олади)

8-тур. 17 ноябрь. «5» — «1»; «4» — «2» («3» дам олади)

9-тур. 2016 йил 24 март. «5» — «2»; «1» — «3» («4» дам олади)

10-тур. 2016 йил 29 март «3» — «4»; «1» — «2» («5» дам олади)

Бу ерда «1», «2», «3», «4», «5» — тегишли саватчадаги жамоалар. Энди www.football-rankings.info келтирган ФИФАнинг янги рейтинги асосида Осиё жамоаларини саватчаларга ажратиб чиқамиз.

1-саватча (1-8-ўринлар): Эрон, Жанубий Корея, Япония, Австралия, БАА,Ўзбекистон, Хитой, Уммон;

2-саватча (9-16-ўринлар): Ироқ, Иордания, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Ливан, Фаластин, Қувайт;

3-саватча (17-24-ўринлар): Филиппин, Вьетнам, Мальдив ороллари, Тожикистон, Мьянма, Афғонистон, Таиланд, Туркманистон;

4-саватча (25-32-ўринлар): Сурия, Қирғизистон, КХДР, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Гонконг, Лаос;

5-саватча: Гуам, Бангладеш ва 1-босқичдан ўтадиган 6та жамоа.

Ўйлаймизки, кўп нарса ойдинлашди. Шунга қарамай, бир бошдан кўриб чиқамиз.

Июнь. Бу ойда 8-16-саналар ФИФА кунлари сифатида ажратилган. Саралаш ўйинларининг дастлабки 2та тур ўйинлари эса 11 ва 16 июнь кунларига белгиланган. Терма жамоамиз 1-саватча вакили сифатида дастлабки турда дам олади. Ке­йинги турда эса жамоамиз 4-саватча жамоаси меҳмони бўлади. Бу — мазкур саватчанинг энг кучли жамоаси Сурия, бизга сўнгги пайтлар кўп рўбарў келаётган Гонконг, қўшнимиз Қирғизистон ёки бошқа терма бўлиши мумкин. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар, ушбу ўйиндан олдин Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказганимиз маъқул. Имкони топилса — 2та! Боиси, юқорида айтилганидек, ФИФА кунлари 8 июндан бошланади, расмий ўйинимиз эса 16-санада. Айтайлик, 8 ва 12 июнь кунлари Тошкентда 2та ўйин ўтказиб, сўнгра сафардаги учрашувга учиб кетишимизга ҳеч нарса халақит бермайди.

Шу жойда Терма жамоалар марказига битта «олтин» қоидани эслатиб ўтамиз. Ушбу тақвимнинг шундай қулай томони борки, биз дам олган турда 1-саватчанинг қолган жамоалари ҳам бўш бўлишади. Демак, ўша кунлар учун Осиёнинг кучли жамоаларига ўртоқлик учрашуви хусусида бемалол таклиф юбориш мумкин! Ҳа, Жанубий Корея ва Япония термалари билан март ойида ўйнаймиз. Лекин 1-саватчада Эрон, Авс-тралия, БАА, Хитой ва Уммон каби жамоалар ҳам бор-ку. Янада аниқроқ режа тузиладиган бўлса, 16 июнь куни Қирғизистонга келадиган жамоа (агарда қуръага кўра, қўшнимиз бизнинг гуруҳга тушмаса)ни 11-12 июнь кунлари Тошкентга таклиф қилсак, у буни бажонидил қабул қилса керак. 7-8 июнь кунларига эса Европадан бирор жамоани юртимизга чақириш мумкин.

Сентябрь. Бу ойдаги ФИФА кунларида 2та расмий ўйин ўтказамиз. 3 сентябрь куни 5-саватча жамоаси билан уйда, 8 сентябрда эса 3-саватча вакили билан сафарда куч синашамиз. Дастлаб энг кучсиз жамоани уйда қабул қилишимизни инобатга олсак, бу ўйин 8 сентябрга белгиланган сафар учрашуви учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Октябрь. Кузнинг иккинчи ойига белгиланган ФИФА кунларида битта расмий ўйин ўтказамиз, аммо шу биргина баҳс катта аҳамият касб этади. Айниқроқ айтсак, 8 октябрь куни 2-саватча жамоаси майдонига сафар уюштирсак, 13 октябрь кунги ФИФА санасида дам оламиз. Гуруҳда 1-ўринни олишимиз шартлигини инобатга олсак, шу ўйинга жиддий ёндашиш катта аҳамиятга эга. Бунда 2-саватчанинг барча жамоалари араблар (Ироқ, Иордания, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Ливан, Фаластин, Қувайт) эканини эътибордан қочирмаслик зарур. Хуллас, ушбу ўйиндан олдин (ФИФА куни бўлмасада) сафарда битта ўртоқлик учрашуви ташкиллаш мақсадга мувофиқ. ПФЛ ва ТЖМ мутасаддилари 2015 йилги тақвимни тузиш жараёнида мана шу ҳолатга жиддий эътибор қаратишлари лозим. 13 октябрь куни учун эса ўша «олтин» қоида: 1-саватча вакили (иложи бўлса, араб жамоаси, масалан — БАА) билан ўйин ўтказиб қайтиш имкони бор.

Ноябрь. Бу ойдаги расмий ўйинлар нисбатан кучсизроқ рақибларга қарши кечади. 12 ноябрь куни 4-саватча жамоасини қабул қилиб, 17 санада 5-саватча вакили меҳмони бўламиз. Умид қиламиз, бу ўйинларда терма жамоамиз 6 очко олишда айтарли муаммога дуч келмайди.

2016 йил. Келаси йил март ойида 2та ҳал қилувчи ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. 24 ва 29 март кунлари тегишлича 3 ва 2-саватча жамоаларини ўз майдонимизда қабул қиламиз. 2016 йилги ОЧЛ тақвими ҳозирча тасдиқланмаганлиги боис, терма жамоамизга келаси мавсумдаги ўртоқлик ўйинлари бўйича таклиф бериш мураккаброқ иш. Лекин сўнгги 2та ўйинни ўз уйимизда ўтказишимиз бизга анча қулайлик яратади.

Якунда алоҳида таъкидлаш жоиз, шу йилнинг март ойида Жанубий Корея ва Япония термаларига қарши ўйинларда имкон қадар ютқазмаслигимиз керак. Акс ҳолда, ФИФА рейтингида пастлаб, қуръа олдидан 2-саватчага тушиб кетишимиз ҳам ҳеч гап эмас.

Ҳозирча мана шулар. Ҳаммаси терма жамоанинг бир йиллик режасини тузишда билиш ва аҳамият қаратиш шарт бўлган оддий қоидалар. Барчаси тўғри режалаштирилса, термамиз учун зарур шароитлар яратилса, ФИФА кунларидан унумли фойдалансак, гуруҳда 1-ўринни олиб, ҳал қилувчи босқичга осонликча чиқишимиз мумкин. Ҳозирда сўнгги босқич режасини тузиш эса бироз қи-йинроқ, сабаби, унда «дам олиш» кунлари бўлмайди. Умуман, ортиқча бўш куннинг ўзи йўқ. Хуллас, муҳим баҳсларда ўртоқлик ўйинларисиз иштирок этишимизга тўғри келади. Бу ҳақда эса вақти келганида алоҳида тўхталамиз.

Манба: interfutol.uz
Киритилди: 10:21, 15.02.2015.
Ўқилди: 10585 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.