“Насаф” - “Тракторсозий” (2:1) учрашувида жамоамиз футбол мактаби тарбияланувчиси, 18 ёшли Одил Ҳамробеков 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, стадионга йиғилган минглаб мухлислар олқишига сазовор бўлди. Эътиборли томони у Осиё чемпионлари лигаси мусобақасида дебют ўйинини ўтказаётганига қарамай, майдонда ўта ишончли ҳаракат қилди. Ўйиндан кейинги “Насаф” устози бу футболчининг ҳаракатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳамробеков клуб расмий веб-сайтига ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
— ОЧЛ баҳсларида оддий рақиб бўлмаслигини барча билади. Ўйин олдин рақибимиз иштирокидаги ўйинларни жиддий ўрганиб, мураббий барчамизга керакли кўрсатмаларни берган эди. Очиғи, асосий таркибда тушганимдан жудаям хурсанд бўлдим ва мураббийимиз кўрсатмаларини бекаму кўст бажаришга уриндим. Вазифам – рақиб ҳужумини майдон марказига яқин жойда “бузиш” эди. Тўғри, биринчи бўлимда унчалик ўйинимиз қовушмади. Мавсумнинг биринчи расмий ўйини, қолаверса бир кун олдин ёққан ёғингарчилик туфайли майдоннинг ҳолатиям бизни бироз эҳтиёткорликка ундади. Аммо иккинчи бўлимдаги иккита тезкор гол бизга катта мадад бўлди. Шу боис иккинчи 45 дақиқаликда кўпроқ жамоа ҳужумларига ҳам қатнашиб турдим.
— Рақиблар етакчи ўйинчиси Эрон миллий терма жамоаси аъзоси Адрианик Теймурян билан майдонда бир неча маротаба тўқнаш келдинглар. У ҳақда қандай фикрдасиз?
— Илгари ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида қатнашган бўлсамда, ОЧЛ бу умуман бошқа савиядаги турнир эканлигига бевосита гувоҳ бўлдим. Тўғри, ўйин давомида кўп марта “Тракторсозий” етакчисига қарши кураш олиб бордим. Бу каби тажрибали футболчиларга қарши ўйинлар мен учун мактаб вазифасини ўтаб беради. Бу каби ўйинларда жамоадошларимни қўллаб-қувватлаши мен учун муҳим. Кечаги ўйинда улар бу борада менга катта ёрдам беришди. Бунинг учун барчага раҳмат дейман. Насиб этса кейинги ўйинларда ҳам мураббийимиз ишончини оқлаш учун ҳаракат қиламан.