Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида темирйўлчилар бош мураббийи Вадим Абрамов ва жамоа сардори Темур Кападзе иштирок этди.
— Эртанги ўйин ҳақида фикрларингиз. Таркиб ва тактик нуқтаи назарда ўзгаришлар бўладими?
— Ўзгаришлар бўлади, аммо кўп эмас. Рақибдан келиб чиқиб таркиб танлаймиз. Биринчи ўйиндан хулоса чиқардик. Умид қиламан, бу бизга эртанги ўйинда самара келтиради. Умуман олганда, эртанги ўйинга тайёрмиз. “Ал-Ҳилол” билан қўлдан келганча ўйнадик, аммо ўйининг бошида 2та тўп ўтказиб юборгандан кейин вазиятни ўнглаш қийин бўлди. Мухлислар билан бизни қўллаб-қувватлаб туришса, ўзимиз барчасини тўғри бажарсак, ғалаба қозонишимиз керак.
— Эртанги ўйинда энг қийин нарса сифатида нимани кўряпсиз?
— Ўз майдонимиздаги биринчи ўйин ҳамиша қийин бўлади. Аксинча, сафарда осонроқ. Биринчи голни уриб олсак, қолгани яхши бўлади. Рақиб ўз уйида ҳам ҳимоявий ўйин кўрсатади. Улар 9-10 киши бўлиб ҳимояланишади. Биз учун энг қийини биринчи голни уриб олиш.
— Дарвозабон борасида бир тўхтамга келдингизми?
— Ҳа, бир қарорга келдим. Аброр Каримов биринчи ўйинда ёмон ўйнамади. Тўғри, биринчи голда тўпга чиқишда хато қилди, аммо бундай ҳолат тажрибали дарвозабонларда ҳам рўй бериши мумкин.
— “Фулад” 9та ўйиндан бери ютқазмаяпти. Уларнинг бундай сериясига барҳам бера оласизми?
— Бундай статистикадан хабарим йўқ эди. Айтиб ўтганимдек, ғалаба учун ўйнаймиз. Биз ҳам ОЧЛда бирор марта ғалаба қозонмаганмиз (кулади).
— Биринчи ўйиндаги хатолар ниманинг эвазига юзага келди?
— Бу бизнинг мавсумдаги илк расмий ўйинимиз эди. Ўйинчилар назорат баҳсларида ўзларини яхши томондан кўрсатганлари билан, уларнинг илк ўйинда ўзини қандай тутишини тахмин қилиш қийин. Чунки ҳаяжон кучли бўлади. Футбол эса жамоавий ўйин, 1-2 футболчининг ўйиндан тушиб қолиши ўйинга ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, омад ҳам керак. “Ал-Ҳилол” дастлабки бурчак тўпидан гол уришга муваффақ бўлди ва кейин бизни қарши ҳужумда жазолади.
— Корян ва Абдухолиқовнинг биринчи учрашувдаги ўйинига қандай баҳо берасиз?
— Уларга эътирозим йўқ. Иккаласини ҳам ўртоқлик ўйинларида кузатиб боргандик ва улар бизга керакли ўйинчилар. Уларнинг ёрдами бизга тегиши керак.
— “Локомотив” футболчиси Фозил Мусаев ҳозир Эрон чемпионатида ўйнамоқда. Рақиб ҳақида қандайдир қўшимча маълумот олиш мақсадида унга қўнғироқ қилдингизми?
— Замонавий коммуникация туфайли рақиб жамоа ҳақида маълумот йиғиш қийин бўлмай қолди. Ўйлайманки, Мусаевдан кўра биз рақибни яхшироқ билсак керак. Фозил “Фулад”да ўйнаганида ҳам бошқа гап эди. Шу боис унга қўнғироқ қилиб ўтирмадим.
— Биринчи ўйин пайтида жамоани тарк этган қайсидир ўйинчи етишмагандек туюлмадими?
— Йўқ, бундай фикр бўлмади. Ҳозирда мен ўзим истаган футболчиларни жамоа йиғдим. Ўтган йилги таркибдан бизга керакли футболчилар сақлаб қолинди. Бизга керак бўлмаган фтуболчилар жамоани тарк этишди. “Локомотив” ўйнашни истамаган футболчини олиб қолмайди. “Локомотив” клуби ҳам, мураббий сифатида мен ҳам илк марта Чемпионлар лигасида иштирок этяпмиз. Бу ҳам ўзига яраша тажриба. Ўртоқлик ўйинлари орқали жамоамизнинг келажаги яхши эканига ишонч ҳосил қилдим. Ҳаммаси жойига тушиб кетиши учун битта ғалаба керак.