Мадриднинг "Реал" клуби бош мураббийи Карло Анчелотти "Шальке-04"га қарши бўладиган Европа чемпионлар лигаси жавоб учрашуви олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
"Бензема, Бэйл ва Роналду бошланғич таркибда қолишади. Мен уларга ишонаман. Жамоадошлари етарлича узатмалар билан таъминламаётгани учун ҳужумчилар сўнгги ўйинларда кам гол уришмоқда. Бильбаодаги ўйиндан кейин мен ўйинчиларга ўз фикримни етказишга ҳаракат қилдим. Улар мени тушунишди. Бизда юзага келган муаммони барчамиз тушуниб турибмиз. Ҳар бир янги ўйин — вазиятни ўнглаш ва ўйинимизни яхшилаш учун ажойиб имконият.
Биз ўйиндан ўйингача ҳаракат қилишимиз керак. Эдегор эртага бошланғич таркибда ўйнамайди. У яхши ишламоқда ва ўсишда давом этмоқда. Хедира ва Модрич қайдномага киритилишади ва бир неча дақиқа ўйнашлари мумкин. Модрич захирада қолди ва иккинчи бўлимда мен унга ярим соат ўйнаш имкониятини бераман. Иккаласи ҳам муҳим ўйинчилар ҳисобланишади. Мавсум сўнгида уларнинг ёрдами бизга тегади. Серхио Рамос эса якшанба куни бўладиган "Леванте"га қарши ўйинда сафга қайтади", - дея Анчелоттининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда УЕФА расмий сайти.