Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Tanganing ikkinchi tomoni

«Иккинчи Кариус» бўлма, Кепажон!

Баҳо:
+0; -0

Дунёнинг энг қиммат дарвозабони Кепа Аррисабалага сўнгги турларда Лэмпард томонидан “четга” суриб ташлангани кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Stadion.uzҳам ўз фикрини билдириш учун вазиятга холис баҳо беришга уриниб кўради.

Дарвозабоннинг хатоларини кечириб бўлмайдими?

Агар доимо асосий таркибда майдонга тушсанг, албатта ўйин темпини дарров “илиб” олишинг мумкин. Айниқса, юқори ритм талаб этиладиган чемпионатларда бу яққол кўзга ташланади. Шундай бўлса-да, дарвозабонлар учун бундан-да муҳимроқ омил мавжуд. Бу руҳан “синиб” қолмаслик. Масалан, «Ливерпуль»посбони Лорис Кариус ЕЧЛ финал ўйинидаги хатоларидан сўнг, шунчалар тушкунликка тушиб қолдики, ҳатто Туркия биринчилигида ҳам ўзига келишга қийналмоқда.

Кепага қайтамиз. Ёдингизда бўлса, Кубок учрашуви доирасида “Манчестер Сити”га қарши баҳсда захирага олинишини истамай, Саррининг қарорига қарши чиққан ҳолда майдонни тарк этмаган Кепа кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.“Тамаки шинавандасига” қарши боришга журъат этган дарвозабон руҳий томонлама “синиб” қолмагани рост. Шундай бўлса-да, унинг майдондаги фойдали ҳаракатлари кескин камайгани ҳам бор гап. Айни дамда кипер дарвоза сари йўлланган зарбаларнинг 53 (кучли бешликдаги дарвозабонлар ўртасида 123-ўриндаги натижа) фоизинигина бартараф этган холос. Бу кўрсаткич Алиссонда 85 фоиз эканлигини инобатга оладиган бўлсак, Лэмпардни тушуниш қийин эмас. Ўтган мавсумда қаҳрамонимиз анча ишончлироқ кўринган ва 14 та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бўлса, бу мавсумда атиги 4 та ўйинда “юзи ёруғ” бўлди. Жамоа мураббийи нафақат ўтказиб юборилаётган голлардан, балки Кепанинг ҳимоячиларни бошқара олмаётганидан ҳам ранжимоқда. Футболчилик фаолиятининг катта қисмини ПетрЧехдек юқори савиядаги дарвозабон билан бир жамоада ўтказган Лэмпарднинг дарвозаболарга баҳо бериш мезони юқори эканлиги тушуниш мумкин. Балки Френк Чехдек буюк дарвозабоннинг фонида Кепанинг хатоларини биздан яхшироқ илғаётган бўлиши мумкин. Мураббийи дарвозабонни очиқчасига танқид қилишга ҳам улгурганидан кўриниб турибди-ки, “Челси” устози 80 миллион евролик дарвозабондан тўлиқлича қониқмаяпти.

 

“Челси” янги дарвозабон излаши шартми?

Аррисабалага нафақат Френк, балки Абрамовичнинг ҳам “қора рўйхати”дан жой олиб бўлган. Кубок учрашувининг пенальтилар сериясида майдонни тарк этишни истамаган кипер якунда серияни бой бергани кўпчиликнинг ёдида бўлса, ажаб эмас. Унинг ўша “қилиғи”дан сўнг, жамоа раҳбарлари ким билан иш қилишаётганини дарров англашгани аниқ. Тўғри, Кепа кейинчалик “Айнтрахт” билан учрашув сўнгида “лотерея”ни ютиб бериб жамоани Европа лигаси финалига олиб чиқди, бироқ унинг жамоада қолиши ўша қаҳрамонлик билан боғлиқ эмас. Агарда, “аристократлар”га трансфер таъқиқи қўйилмаганда, катта эҳтимол билан Абрамович биринчи имконият туғилиши билан испанлик дарвозабондан қутилган бўлар эди. Эндиликда, унинг нафақат характери, балки хатолари ҳам кўзга ташланишни бошлади.

 

Лэмпард жамоасида ҳимоя жуда яхши йўлга қўйилган. Жамоа дарвозасига «Ливерпуль”ники сингари кам зарба беришса-да“Челси” барибир жуда кўп гол ўтказиб юбормоқда. Шу омил туфайли жамоаларнинг мусобақа жадвалидаги ўрни ҳам тамомила ўзгача.

 

Лэмпард “Лестер”га қарши учрашув олдидан Кепани захирага олганидан хабарингиз бор. Барча бу вазиятга ўзича баҳо бериши мумкин. Бизнингча, Лэмпард Кабальеро вариантини ҳам синовдан ўтказиш орқали трансферга қўл урмай муаммони ечмоқчи бўлгандек туюлди. Баъзилар, нега унда қишда таъқиқ олиб ташланган бўлсада янги дарвозабон сотиб олинмади деб ўйлашлари мумкин. Ўринли савол. Биласизми, замонавий футболда кучли дарвозабонга эга бўлиш тобора мушкуллашиб бормоқда. Кепа билан боғлиқ вазият эса, янада чигал. Айни дамда унинг трансфер қийматида сезиларли пасайиш кузатилмоқда. Уни сотиб юбориш ёки захирага олиш орқали катта пулларни шамолга учириб юбориш хавфи пайдо бўлади. Юқорида айтилганидек, унинг ўрнини босишга қодир дарвозабон учун камида яна 60 миллиондан воз кечиш керак. Бу суммага Кепани учун кетган 80 миллионни қўшсангиз, “Челси” қанчалар оғир вазиятда эканлигини пайқайсиз. Шунга қарамай, яхши янгиликлар ҳам йўқ эмас.

 

Жамоа скаутлари анйни дамда бир нечта иқтидорли дарвозабонларни ҳам “кўз остига” олиб қўйгани рост. Масалан “Шеффилд” посбони Дин Хендерсонни олайлик. Ёки “Эвертон” дарвозабони Пикфорд ҳам чакки танлов эмас. Анчелотти жамоасидаги тартибсизлик сабабли Пикфорднинг ўйинлари ёрқин эмас, бироқ у Англия терма жамоасининг биринчи рақамли дарвозабони! У ҳам Кепа сингари энди 26 ёшни қарши олади. Бу мавсумда ўйини қовушмаётганга Ник Поуп вариант ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Тўғри, Поуп аввалгидек эмас, бироқ ҳатто Поупнинг ҳам шахсий статистикаси испанияликникидан яхшироқ таассурот қолдирмоқда.

Балки у иккинчиДе Хеадир?


Марк Шварцер ўзининг “Челси”даги сўнгги мавсумида ҳамкасби Кепани яна 15 йил юқори савияда футбол ўйнай олишини башорат қилган эди. Бу башорат амалга ошиши тўлиқлигича Лэмпардга боғлиқ. Ҳа, ҳа,айнан Лэмпардга боғлиқ. Қачонлардир Де Хеа ҳам туманли альбиондаги илк мавсумларида Аррисабалага сингари кескин танқидларга учраган эди. Ўшанда Ферги бобо охиригача Давидга имконият берган ва унинг танлови якунда тўғри бўлиб чиққан эди. Қайсидир маънода Лэмпарднинг дарвозабонга ишонч билдириши келажакда кучли посбонга эга бўлиш имкониятини яратиши мумкин, бироқ бу шунчаки тахмин холос. Cоддароқ қилиб айтганда —таваккал қарор.

Ачинарлиси шундаки, Де Хеадан фарқли ўлароқ ўзини қўлга олиш учун Аррисабалагада имконият жуда кам. Мураббийнинг ундан “кўнгли совиб бўлди”, ички биринчиликда кучли тўртлик учун “болтачопқи” кетяпти ва ЕЧЛда “Бавария”га қарши ўйинлар тобора яқинлашиб келмоқда. Ўзи шундоқ ҳам қизиқувчан инглиз журналистлари томонидан катта босим остида турган Кепага бу ўйинларда икки ҳисса қийинроқ бўлади. Ўзи учун бегона услубда тўп сурувчи биринчиликка тўлиқ мослашмай туриб, катта натижа кўрсатиш жуда мушкул. Боз устига ЕЧЛ фоворитига қарши иккита оғир учрашув ҳам уларни кутиб турибди.

Кепа яна асосий таркибга қайтиши, яна ҳеч нарса бўлмагандек фаолиятини давом эттираверади, бироқ асосий савол очиқлигича қолаверади.Нима учун Испаниядаги иккинчи рақамли дарвозабон учун 80 миллион евро тўланди? У дунё рекордини ўрнатиш учун биринчи рақамли бўлиши керак эмасмиди? Масалан, Буффон учун “Ювентус” трансфер ойнасини “портлатганда” барча бу пуллар ҳавога учиб кетмаслигига амин эди. Иккинчи Облак бўлиши кутилган Кепа учун Облакнинг ўша пайтдаги трансфер суммасини тўлаш якунда барибир нотўғри қарор бўлиб чиқди.

Лэмпард қанчалар тиришқоқ ва ҳаракатчан бўлмасин, иккинчи дарвозабон Вилли билан мусобақаларда ғолиб чиқишнинг иложи йўқлигини билиб турибди. Катта эҳтимолки, мураббийлар испаниялик дарвозабон билан алоҳида машғулотлар ўтказиш орқали муаммодан вақтинча бўлсада чиқиб кетишга уриниб кўришади. Уларда айни дамда бошқа ечим ҳам йўқ.

Лэмпард мураббий сифатида дарвозабоннинг камчилигини дарров пайқагани тахсинга сазовар, бироқ кучли мутахассис муаммоларни пайқаш билан биргаликда бу камчиликларни қандай бартараф этишни ҳам билиши лозим. Гранд клубда фаолият олиб бораётган мураббийларнинг ўртамиёналар устозлари билан ўртадаги фарқи ҳам ана шунда. Истаймизми, йўқми,Кепанинг келажаги қандай кўриниш олиши аввало ўзига, кейин Лэмпард қабул қиладиган сўнгги қарорга боғлиқ. Агар Френк ёзда янги киперни талаб қилса, катта эҳтимол билан Кепанинг фаолиятида кескин бурилиш юз бериши мумкин, бироқ дарвозабонда ҳаммасини ўнглаш учун имконият ҳали-ҳамон сақланиб турибди. Бунинг учун мавсумнинг ҳал қилувчи учрашувларида юқори мотивация ва совуққонлик билан дарвозани қўриқлаш лозим.

Кичик имконият

Қаҳрамонимизга АПЛдаги танаффус қўл келиши мумкин. “Челси” 17 февраль санасига қадар қишки таътилга чиқиб кетган. 14 кундан сўнг, жамоани “Манчестер Юнайтед” билан осон бўлмаган ўйин кутиб турибди. Оралиқда испаниялик дарвозабон хотиржамлик билан мавсумнинг ҳал қилувчи баҳсларига тайёргарлик кўриш имконига эга. Умид қиламизки, Лэмпард ҳам, Кепа ҳам муаммони ўзлари ва жамоа учун ижобий ҳал этишни уддалашади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Киритилган сана: 03.02.2020 15:40. Ўкилди: 2917 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.