Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Tanganing ikkinchi tomoni

«Манчестер Сити» нега АПЛни «Ливерпуль»га бой бермоқда?

Баҳо:
+0; -0

Stadion.uz “Манчестер Сити”даги асл муаммо нимада эканлиги борасида фикр алмашади.

 

Лапорт жуда муҳим

«Ливерпуль» жамоасининг ғалабали юришлари Виржил ван Дейкнинг трансферидан сўнг бошланди. Айнан Голландия терма жамоаси сардори “қизиллар” сафига келиб қўшилгач, жамоа камроқ гол ўтказиб юборишни бошлади. Бундан ташқари, айнан Виржил замонавий «Ливерпуль»нинг ҳужумларини бошлаб берувчи футболчига айланиб олди. Англиянинг бошқа бир гранд жамоаси – “Манчестер Сити” эса, «Ливерпуль»дан анча аввалроқ Виржил сингари кучли марказий ҳимоячи излашни бошлаган эди. Тан олиш лозим, Лапорт якунда “шаҳарликлар” излаган марказий ҳимоячи бўлиб чиқди, бироқ унинг бу мавсумдаги жароҳати барчасини катта хавфда қолдирмоқда.

 

Лапорт нима учун шунчалар муҳим?

Барчаси жуда оддий. Француз айни дамда “Сити” сафида 90 дақиқа ўз позициясини алмаштирмай ўйнашга қодир ягона футболчи ва энг ишончли сўнгги ҳимоячи. Қолган марказий ҳимоячилар эса унинг олдида масхарабозларга ўхшаб қолади. Масалан, Жон Стоунзнинг “Youtube”да 8 дақиқалик кулгули хатоларидан иборат видеороликни кўришингиз мумкин. Ҳа айтганча, айнан Жон 2016-йилда дунёнинг энг қиммат ҳимоячиси мақомида “Манчестер Сити” таркибига келиб қўшилган эди.

 

Қолган ҳимоячилар билан солиштирганда, Лапортнинг статистикаси (ҳар бир ўйинда ўртача 2 бор тўп учун курашда ғолиб чиқиш, 3 бор ҳимоядан ҳужум бошлаб бериш,1 бор яккама-якка курашда ғолиб чиқиш) анча яхшироқ. Эмерик тўлиқ иштирок этган мавсумда “шаҳарликлар” атиги 23 бор тўп ўтказиб юборишган холос. Айни дамда клуб 25 та гол ўтказиб бўлди. Ваҳоланки, АПЛ мусобақаси якунланишиа яна 11 тур мавжуд.

 

Франциялик ҳимоячининг йўқлиги ҳимоядан кўра ҳужумга ўз салбий таъсирини кўпроқ ўтказаётгани ҳам бор гап. Биринчи узатмаларни (ўтган мавсумда Лапорт ижро этган биринчи пасларнинг 92,3 фоизи аниқ манзилига етиб борган) моҳирлик билан амалга ошираётган Лапортнинг йўқлиги “шаҳарликлар”нинг позицион ҳужумга ўтишини секинлашитириб юбормоқда. Айнан ҳимоячиларнинг ўз зоналаридан майдон марказигача келишлари плеймейкерларнинг марказроқ сурилишларига кўмак бериши кўзлаб қилинган иш аслида.

 

Ушбу суратда Лапорт таркибда бўлган учрашувда ҳимоячилар майдони босиб ўтган нуқталари ва узатмаларнинг қаергача етиб боргани акс этган. Франциялик ҳимоячи даврида “Манчестер Сити” ҳар бир ўйинда амалга оширган пасларнинг 36,7 фоизи ҳимоячиларга тегишли эди. Айни дамда бу кўрсатгич 26 фоизга тушиб кетди. Энг ачинарлиси шундаки, чап марказий ҳимоячиси сифатида ҳаракат қиладиган Лапортнинг ўрнини “ёпиб” кетадиган футболчи бу мавсум “Сити”да топилмади.

 

Лапортнинг жароҳатидан сўнг нима ўзгарди?

Қаҳрамонимиз сафдан чиққач, Гвардиола қўл остидаги футболчилардан турли тандемларни қўллаб кўрди. Масалан, Стоунз – Отаменди, Стоунз – Фернандиньо, Отаменди – Фернандиньо… Ҳатто ёш Эрик Гарсия ҳам синовдан ўтказилди. Мураббий ҳужумкор марказий ҳимоячи излаш билан деярли ярим мавсумни ўтказиб юборди. Қанчалар ғалати туюлмасин, ушбу тандемдаги йигитларга нисбатан Фернандиньода яратувчанлик анча кўпроқ. Шу сабабли мавсумнинг катта қисмини Отаменди ва Фернандиньодан(аслида бразилиялик футболчи ярим ҳимоячи) ташкил топган тандем ўтказди. Фернандиньо қанчалар ҳаракат қилмасин, ҳужумкорликда барибир жароҳат олган ҳимоячидан яхшироқ ҳаракат қила олмади. Мисол учун Лапорт ҳар бир ўйинда ўртача 85та(ушбу пасларнин 84 фоизи олдинга узатилган) пасни амалга оширган. Ушбу узатмаларнинг 5 таси манзилга аниқ етиб борган кросслар бўлса, 0,5 таси голли вазият яратган. Ушбу узатмаларнинг 91,9(!) фоизи аниқ эканлигини инобатга олсак, Лапорт нафақат “Сити” балки бутун АПЛдаги энг муҳим фигуралардан бири эканлигини кўзга яққол ташланади.

 

Энди унинг ўрнини эгаллашга уринган Фернандиньонинг статистикасига эътибор қаратинг. Ҳар бир ўйинда ўртача 71та узатма. 89 фоиз аниқликда ва уларнинг ичида бирорта голли вазият яратгани ҳали учраганича йўқ. Шу ўринда бразилиялик футболчи Лапортнинг ўрнини боса олмаслигининг сабаби ҳам мавуд. Фернандиньо чапақай марказий ҳимоячининг ўрнини тўлдириш учун ўнг оёқда қанчалар ҳаракат қилмасин, бундан айтарли ҳеч нарса чиқмаяпти. Ҳужумларни тезкорлик билан ҳимоядан бошлайдиган “Сити” айнан Фернандиньонинг ортиқча тўпга тегиниши сабабли бир неча сонияларни бой бермоқда. Бу эса, рақиб уюштирадиган прессингнинг эффектини ошириб юбормоқда. Статистик маълумотларга қараганда, Фернандиньо ҳар бир учрашувда ўртача 1,3 та омадсиз тўпга тегинишни амалга оширмоқда. Бу кўрсаткич Лапортда ҳар 5 та учрашувда бир маротаба кўзга ташланар эди. Айнан Лапортнинг йўқлиги боис, ярим ҳимоячилар ҳужум темпи тушиб кетмаслиги учун ҳужумдан кўра ҳимояга яқинроқ ўйнашга мажбур бўлмоқда. Шу сабабли, “Сити” ўзининг ҳимоядан бошланувчи ҳужумларини ва энг муҳими ўйиндаги мобилликни намойиш эта олмаяпти. АПЛдаги рақиблар ҳам айнан шу камчиликлардан ўзлари учун очко ишлаб олишга муваффақ бўлишмоқда.

 

“Манчестер Сити” марказий ҳимоячилар учун керагидан ортиқ пул сарфлаб юборди

Тан олиш лозим, “Сити” ўз Виржил ван Дейкини жуда кўп излади. Клуб 2014-йилдан бошлаб ҳужукор марказий ҳимоячини қўлга киритиш учун нақд 210 миллион евродан воз кечишгача борди. Эляким Мангала 45 миллион, Жон Стоунз 55,6 миллион, Николас Отаменди 44,5 миллион ва Эмерик Лапорт учун 65 миллион евро сарфланди. Ҳа айтганча, 45 миллионлик ҳимоячилардан бири – Мангала аллақачон жамоа сафини эркин эгент сифатида тарк этишга ҳам улгурди. Клуб селекция ишларини жуда маромида олиб боряпти дейиш бироз ўринсизроқ.

 

Бежизга айнан “шаҳарликлар”да молиявий фэйр-плей билан муаммо пайдо бўлмади. Ўйлаб ўтирмасдан янги футболчилар учун миллионлар сарфланмоқда. Ачинарлиси,уларнинг аксарияти жамоани арзимаган пуллар ёки эркин эгент сифатида тарк этишмоқда. Омадсиз трансферлар ва футболчиларнинг маошлари қўшиб ҳисобланса, клуб бюджети ҳар йили жуда катта зарар кўраётгани маълум бўлади. Ҳа айтганча, Европа нашрларнинг маълум қилишича, айни дамда “Сити” сифатли марказий ҳимоячи излаётган экан. Бундан кўриниб турибдики, жамоани ҳимоя марказидаги бўш ўйин ортга тортмоқда.

 

Вазият «Ливерпуль»да қандай?

Клоппнинг жамоасида ҳозир барчаси кўнгилдагидек кетмоқда. Жамоа сафида замонавий ҳимоячилардан талаб қилинадиган барча омилларга эга Виржил, иқтидорли Жо Гомес ва ўсиб бораётган Жоэл Матиплар “жавлон урмоқда”. Бугунги кунга келиб, «Ливерпуль» Англиянинг энг кам гол ўтказиб юборган жамоаси бўлиб тургани ҳам бежиз эмас.

 

Бугунги кунда кўплаб топ жамоалар сингари «Ливерпуль» ҳам ҳужумни дарвозабон ва марказий ҳимоячилар орқали бошлашни йўлга қўйиб олди. Клопп ўз ҳимоячиларига юклатилган вазифаларни (тўпни ҳимояда узоқ олиб қолмаслик, қанотлардаги ҳимоячиларнинг майдон бўйлабҳаракати, керак паллада ҳимоя чизиғи майдон марказига тортилиши) тўлиқ бажарилмоқда. Шунингдек, Виржил стандарт вазиятларда ҳам бу мавсум планини(айни дамда унинг ҳисобида 4 та гол мавжуд) тўлиқ бажариб келмоқда. Клопп яратган машина марказий ҳимоядаги мустаҳкам ўйин сабабли якдиллик касб этмоқда. Бу эса, бир бутун механизм сифатида ҳаракатланиш учун энг муҳим фактор саналади.

Тўғри, қайсидир маънода Эмерик Лапортнинг жароҳати сабабли “Сити” “пойгадан” чиқиб кетди дейиш нотўғридир, бироқ ушбу йўқотиш “шаҳарликлар”га катта талафот етказгани рост. «Ливерпуль» марказий ҳимояда алтернатив вариантларга эга бўлгани учун мавсумни бир текис ўтказиб келмоқда. Кучли ҳимоя ва чаққон ҳужумчилар уйғунлиги тобора чемпионлик сари яқинлашиб келмоқда. “Манчестер Сити” эса, келаси йили (агар АПЛда қолса) кадрлар билан юзага келган муаммоларни бартараф этса, ортиқча қийинчиликсиз яна “пойга”нинг асосий фоворитларига айланишга қодир клуб.

Яхёхўжа Улуғхўжайев

Киритилган сана: 25.02.2020 23:52. Ўкилди: 2748 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.