Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Блог

Сафарали Сиддиқов

Футбол — спорт қироли!

ЖЧ-2018. Ғолиблик йўли

Баҳо:
+0; -0

Бу ёруғ дунёда осон нарсанинг ўзи йўқ. Машаққатсиз ҳеч бир орзуга етиб бўлмайди. Масалан, жаҳон чемпиони бўлиш орзуси. Бу орзуга етиш учун неча бир қоқилиш керак, машаққат чекиш керак. "Жаҳон чемпионлигига фаолиятимдаги ҳамма соврин ва унвонларимни алмашардим", — дейди Аргентина терма жамоаси сардори Лео Месси. “Жаҳон кубогини Бразилияга қайтариш вақти келди”, — деганди бразилиялик Неймар. Роналду Эрон дарвозасига белгиланган пенальтини ноаниқ бажарди ва жамоаси Уругвайга рақиб бўлди. Бунинг устига Нани, Эдер, Ренату Саншеш каби ЕВРО-2016 қаҳрамонларининг ЖЧга келмаслиги ҳам «Европа Бразилияси»га панд берди.

Ана шундай қилиб, чемпионатда кучлилар сараланиб, энг охирида 4 та жамоа қолди: Франция, Англия, Бельгия ва Хорватия. Ўйлаб қарасам, ҳаммаси аламзада жамоалар. Олдинги турнирларда омадлари юришмай келаётган, аслида юксак маҳорат эгаларидан таркиб топган, ҳар доим мусобақаларда энг кучли эканлигини исботламоқчи бўладию, энг муҳим паллада қоқиладилар.

Франция терма жамоасидан бошлаймиз. «Учранглилар» Зидан ва Анрилар авлоди фаолиятини тугатгач, барча турнирларда омади юришмай келарди. ЕВРО-2008 ва ЖЧ-2010 мусобақаларида «кўклар» гуруҳдан ҳам чиқа олишмади. Таркибда юксак маҳорат эгалари кўп, лекин уларни бирлаштирадиган маҳоратли мураббий йўқ. Вақти келиб, жамоанинг собиқ футболчиси Дидье Дешам мураббийлик постини эгаллади. Аҳвол яхши томонга ўзгара бошлади. Франция терма жамоаси яна биз соғинган томошабоп футболни кўрсата бошлади. Аммо жамоага озгина характер етишмасди. Ана шу характер етишмаслиги туфайли Франция ЕВРО-2016 финалида Португалияга мағлуб бўлди. Французларнинг янги таркибида, Мбаппе, Канте, Павар, Люка Эрнандес каби янги юлдузларни кўрдик. Улар Месси ва Суарес каби юлдузларни уйларига жўнатишди. Демак, «учранглилар»нинг бу таркиби Платини, Папен, Кантона, Зидан давридагидан қолишмайди. Улар ғолибликка муносиб.

Бельгиянинг айни пайтдаги авлоди ҳақида кўп гапирилди. Чиндан ҳам улар иқтидорли. Де Брюйне, ака-ука Азарлар, Феллайни, Витсел, Куртуа, Лукаку, Мертенс каби футболчилар авлоди чиндан ҳам титулларга муносиб. Аммо бу жамоанинг катта мусобақаларда омади юришмай келади. ЕВРО-2016 чорак финалида Гарет Бэйл етакчилигидаги Уэльс терма жамоаси уларнинг пўстагини қоқди. Натижада жамоа бош мураббийи Марк Вилмотс ишдан бўшатилди. Роберто Мартинес жамоа ўйинини анча шакллантирганини биз ЖЧ-2018 да кўрдик. «Қизил иблислар» мундиалда барча ўйинларни ғалаба билан якунлаган ҳозирча чемпионатдаги ягона жамоа бўлиб туришибди.

Футбол Ватани Англия эканлигини биламиз. Ана шу юрт терма жамоаси ҳисобида бор-йўғи шу пайтгача битта соврин бор. Инглизлар 1966 йил ўз майдонларида ўтган мундиалда ғолиб бўлишди. Шундан бошқа уларнинг ҳисобида ҳеч нарса йўқ. Ўз вақтида Гари Линекер, Девид Бекхемлар ҳам бу юрт термасини ғолиблик сари бошлаб кела олишмади. Шундай экан, биз инглизларни ҳам аламзадалар қаторига қўшамиз. ЕВРО-1996 ярим финалидаги Германияга қарши ўйинда пенальтилар сериясида зарбани ноаниқ бажариб, жамоасини финалдан маҳрум этган Гарет Саутгейт — бугун бош мураббий. У 22 йил олдинги хатосини ювишга бугун уриниб кўради.

Хорватия терма жамоаси алоҳида мавзу. 1992 йилда мустақил бўлган Хорватия таркибида Ален Бокшич, Звонимир Бобан, Давор Шукер, Роберт Ярни ва Роберт Просинечки каби номлар ўз вақтида Югославия терма жамоаси таркибида ҳам донг таратишганди. Улар барча тахмину фаразларни тасдиқлаб, қисқа муддат ичида дунёнинг энг кучли жамоалари сафига қўшилишди. ЖЧ-1998даги бронза медаль Хорватия терма жамоасининг ўша пайтдаги кучини намойиш этиб берди. Шундан сўнг замонлар ўтди. Барча жамоаларда бўлгани сингари хорватларда ҳам авлодлар алмашди. Ана шундай юқори сифатли авлод ЕВРО-2008 да Хорватия терма жамоасида шаклланди. Улар дастлаб Англия терма жамоасини йўлланмасиз қолдиришди. Гуруҳ босқичида Германияни таслим этишди. Аммо чорак финалда Туркия терма жамоасига пенальтилар сериясида ютқазишди. Жамоанинг асосий юлдузлари бўлмиш Модрич ва Ракитич ўшанда хатога йўл қўйишганди.

Бу жамоанинг таркиби ҳамиша иқтидорларга тўла бўлади. Масалан, янги юлдузлар — Марко Пьяцца ва Анте Ребич 2013 йилда Туркияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасига қарши ҳаракат қилишган. Ана шундай ёрқин иқтидорларга эга жамоа ЕВРО-2016да ҳам ёрқин ўйин кўрсатди. Нимчорак финалда Португалияга қарши баҳсда хорватлар яхши ўйнашди, аммо Роналду бошлиқ Португалиянинг ҳимояси бехато ўйнади. Ўшанда аламдан кўз ёш тўккан Лука Модрични клубдаги жамоадоши Криштиану Роналду биринчилардан бўлиб юпатди. Ана шу аламли лаҳзалар учун ҳам бугун Хорватия ярим финалда. Улар бу босқичгача анча машаққатли йўлни босиб ўтишди. Дастлаб Месси бошчилигидаги Аргентинадан гуруҳдаги биринчи ўрин тортиб олинди. Кейин эса Дания ва Россияга қарши 120 дақиқалик драматизм. Буларнинг ҳаммаси машаққатли меҳнатнинг натижаси. Демак, ярим финалда 4 та аламзада жамоаларнинг курашига гувоҳ бўламиз. Улардан қайси биринингдир пешонасига ЧEМПИОНЛИК унвони ёзилгани аниқ. Охиригача кузатишда давом этамиз.

Сафарали СИДДИҚОВ

Киритилган сана: 10.07.2018 16:15. Ўкилди: 11494 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.