«Андорра» дарвозабони Хесус Овоно «Тенерифе» футболчиси Хесус де Мигелнинг ўлими билан якунланган фожиали воқеани оғир қабул қилмоқда.
Сегунданинг 12-туридаги учрашувда Овоно қўшиб берилган вақтнинг 7-дақиқасида майдон марказида де Мигель билан тўқнашиб, қизил карточка олган эди. Ҳушини йўқотган футболчи тез ёрдам машинасида шифохонага етказилган, бироқ 3 ноябрь тонгида вафот этган.
AS нашрининг хабар беришича, Овоно ўйиндан кейин кийиниш хонасида йиғлаб, дуо қилган.
«У ғамхўр ва жуда меҳрибон инсон. Унда ҳеч қандай ёвузлик йўқ», — дейишган дарвозабоннинг яқинлари. Улар Овоно рақибига қасддан зарар етказишни истамаганини таъкидлашган.
Фожиадан кейин Экваториал Гвинея вакили ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳақоратларга учраган ва саҳифаларини ёпишга мажбур бўлган.
Маълум бўлишича, де Мигелнинг вафоти ҳақидаги хабар тарқалишидан аввал Овоно футболчи ва унинг оиласи билан боғланиб, кечирим сўраш ҳамда ёрдам таклиф қилишни режалаштирган.













