Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Вадим Абрамов: «Бундай шармандалик учун мухлислардан кечирим сўрайман»

Баҳо:
+ | -

Доҳа, 17 март — "Ас-Садд" ва "Локомотив" ўртасида кечган, аянчли ўйин ўз ниҳоясига етгач, Вадим Абрамов матбуот анжуманига тушкун кайфиятда кириб келди. Ўйин ҳақидаги таассуротлар борасида сўралганда, "бундай ҳунук ўйин бўйича тафсилотим йўқ, бевосита саволларга ўтсак бўлади", — дея жавоб қайтарди Абрамов.

— Жамоангиз билан нима содир бўлди, учрашувни анча тетик бошлаган эдингиз, — дея савол билан юзланди "beIN Sports" мухбири.
— Ўйин бундай тус олишини тушимда ҳам кўрмагандим. Аввалламбор, "Ал-Cадд"ни ғалаба билан табриклайман. Бизнинг ўйинга келсак, йигитларимиз худдики биринчи бор майдонга тушгандай ўзини ёш болалардек тутишди. Керакмас жойда пенальти ишланди, шундан сўнг ўйин тизгини қўлдан кетди. Бу вазиятни ҳали чуқур ўрганишга тўғри келади. Шармандаларча ютқаздик, уялганимдан юзим шувуд бўлди. Мухлислардан бундай аламни бошларидан кечирганлари учун кечирим сўрайман. Ўзимни ва жамоамни оқлаш учун, ҳеч қандай сабаб йўқ", — дейди Абрамов.

— Нима сабабдан, Муллажоновни (учинчи рақамдаги ўйинчини), марказий ҳимоячини олиб ташлаб, ўрнига ярим ҳимоячини туширдингиз?
— Ўйинчи унга қўйилган вазифани амалга бажармагач, майдонни тарк этиши керак. Бироқ, Рахматуллаев ҳам ҳимоя чизиғига ёрдам бериб, тезроқ ҳужумга киришиш учун қўйилди. Ҳужумкор ўйин намойиш қилиб, олдинга чиқиб олишимиз керак эди. Шунинг учун бу қарорга келгандим, аммо бу футбол, ҳар доим ҳам биз ўйлагандай бўлмайди.

— Ҳакамлик ҳақида фикрингиз?
— Ҳакамларни баҳолаш учун инспектор бор, бу унинг иши. Бироқ, ОФК ҳакамларни танлаганида уларнинг профессионаллигига кўпроқ эътибор берса яхши бўларди. Уқувсиз ва эътиборсиз ҳакам бутун ўйинни синдириши мумкин.

— Гуруҳдан чиқиш учун имкониятингизни қандай баҳолайсиз, ҳали ҳам умид борми?
— Умид ҳамиша бор, бироқ мен кейинги ўйинлар ҳақида эмас, айнан шу ўйин бўйича жавоб бериш учун келдим. Нима ҳам дердим, омад юз ўгирди, ўйинимиз ўхшамади. Уят.

Матбуот анжуманини тугатиб, стадиондан чиқиб кетаётган Абрамовни унинг касбдоши, Бора Милутинович кутиб олди. Ҳозирги кунда Милутинович, Ироқ терма жамоасига мураббийлик қилиб, Доҳада яшаб келмоқда. Милутинович стадионга ўйинни томоша қилгани келган экан. Вадим Абрамовга далда бўлар экан, Бора "йигитларинг нималар қиляпти ўзи Вадим", — дея киноя билан гапирди.

Икки касбдош 10 дақиқа давомида илиқ гаплашиб, бир бирларига омад тилаб, тарқалишди. Биз Бора Милутиновичдан вазиятдан фойдаланиб, блиц интервью олишга муваффақ бўлдик.

Манба: lokomotiv.uz
Киритилди: 12:27, 18.03.2015.
Ўқилди: 5054 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.