Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Корея майдонида дуранг натижа қайд этиб, мухлисларни қувонтирди. Нафақат ҳисоб, балки ўйин борасида ҳам жамоамиз яхши ҳаракат қилди. Ўзбекистон ўз тарихида илк марта Кореяда ютқазмади.
Ўйиннинг 15-дақиқасидан бурчакдан етказилган узатмани Ку Жа Чол бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди. 31-дақиқада эса ҳисоб тенглашди. Чиройли комбинация натижасида Жепаровнинг узатмасидан кейин Рашидов бирга бир вазиятга чиқиб кетди. У дарвозабонни алдади ва ўткир бурчак остида дарвоза яқинига узатма берди. Қўзибоев тиззаси билан муваффақиятли зарба бера олмади. Аммо тўп ҳимоячининг оёғига теккан ҳолда астагина чизиқни кесиб ўтди! Ҳакам тўпнинг чизиқни кесиб ўтганини кўра олди. Шу тариқа, "Машъал" ҳужумчиси терма жамоадаги дебют ўйинда гол уришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимнинг катта қисми терма жамоамизнинг устунлиги остида ўтди. Футболчиларимиз мезбонларни ҳимояланишга мажбур этишди. Жамоамиз олис масофадан кўплаб зарбалар йўллашди. Айрим зарбаларга аниқлик етишмади, рекошет орқали майдонни тарк этган зарбалар бўлди. Санжар Турсуновнинг зарбасини эса корейс дарвозабони қийинчилик билан бартараф этди.
Ўйиннинг 73-дақиқасида Одил Аҳмедовнинг жарима майдончаси олдида ёш боллаларча хатосидан сўнг кореяликлар дарвозани ишғол қилишди. Бахтимизга, тўп узатилаётанда ҳужумчи офсайдда қолган экан.
Ўртоқлик ўйини натижаси ФИФА рейтингидан бошқа нарсага таъсир кўрсатмаса-да, мазкур учрашув футболчиларимизда ўзига бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилиши керак. Терма жамоамиз 31 март куни Японияга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ўйинда ҳам футболчиларимиздан мана шундай ишончли ўйин кутиб қоламиз.
Ўртоқлик ўйини
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - ЎЗБЕКИСТОН - 1:1 (онлайн трансляция)
Голлар: Ку Жа Чол (15) — Зоҳир Қўзибоев (31)
Огоҳлантиришлар: Ким Бо Кюнг (88) — Шавкат Муллажонов (19)
Жанубий Корея: 23.Ким Сенг Гю, 20.Жеонг Донг Хо, 5.Квак Тэ Хви, 15.Ким Ки Хи, 21.Юн Сук Йонг, 7.Сон Хеунг Мин, 11.Ким Бо Кюнг, 14.Хан Ку Кйонг, 13.Ку Жа Чол, 17.Ла Жэ Сунг, 18.Ли Жонг Хёп
Ўзбекистон: 1.Элдор Суюнов, 5.Анзур Исмоилов, 3.Шавкат Муллажонов (Артём Филипосян 46), 2.Акмал Шораҳмедов, 22.Фаррух Сайфиев, 7.Азиз Ҳайдаров, 9.Одил Аҳмедов (Лутфулла Тўраев 78), 8.Сервер Жепаров (Шаҳзод Нурматов 87), 10.Сардор Рашидов (Сардор Мирзаев 75), 23.Шавкат Саломов (Санжар Турсунов 46), 19.Зоҳир Қўзибоев (Воҳид Шодиев 72)