Олий Лига 7-турига келиб Самарқанднинг «Динамо» жамоаси мавсумдаги дастлабки ғалабасига эришди. Ўз майдонида Бекободнинг «Металлург» клубини қабул қилган кўҳна шаҳарликлар Азиз Ибрагимовнинг ягона голи эвазига муваффақият қозонишди. Куни кеча тажрибали футболчи клуб расмий сайтига интервью берди.
- Азиз, авваламбор дастлабки ғалаба билан табриклаймиз. Илк ғалабанинг узоқ кутилишига нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Ниҳоят мухлисларимизни қувонтиришга эришганлигимиздан ўзимиз ҳам хурсандмиз. Тўғрисини айтсам, бошқа жамоадошларим сингари мен ҳам ғалабани бунча узоқ кутамиз деб ўйламагандим. Чунки жамоамизда тажрибали мураббий ва маҳоратли футболчилар жамланган. Аммо дастлабки турлардаги омадсизлик ва айрим ҳакамларнинг хатолари ғалабамизни 7-турга келиб нишонлашимизга сабаб бўлди. Чунки, 1-турда «Қўқон-1912» дарвозасига киритган голим инобатга олинмади, 2-турда Бухорода ғалаба қозона туриб, тушунарсиз гол туфайли дуранг қайд этдик. 3-турда эса «Қизилқум»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этаётган бир пайтда четлатиш, қўшимча дақиқаларда эса ҳакам пенальти белгилади ва якунда 2:2 ҳисоби билан ғалабани қўлдан чиқардик. Умид қиламанки, мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлашда давом этишса, ғалабаларимиз бардавом бўлади.
- «Динамо»га ўтиш варианти қачон пайдо бўлди?
- Ҳали «Андижон» жамоасига ўтмасимдан олдин ҳам бир қатор клублар орасида «Динамо»га ўтиш варианти ҳам бор эди. Аммо бу пайтда мен «Андижон» жамоасига ўтишга ваъдалашгандим. Ваъдамга мувофиқ Андижонда тўп суриб, мухлисларни қувонтириш учун бор куч ва имкониятларимни сарфладим. Янги мавсум олдидан эса Тачмурод Шамакович менга ишониб, «Динамо»га таклиф этди. Бу мутахассисни жуда ҳурмат қилишим боис «Динамо» билан шартнома имзоладим. У менга ишонди, мен эса унга.
- Тачмурод Агамуродов «Динамо»га ўтишга ваъдалашганингиз боис «Локомотив» таклифини рад этганлигингизни айтганди…
- Худди шундай, Шамаковичга қўл бериб келишганимиздан сўнг, «Локомотив»дан ҳам таклиф олдим. «Локомотив» ОЧЛда ўйнаши боис таркибини кучайтиарётган эди. Аммо мен ҳар қандай ҳолатда ҳам бир сўзли футболчи эканлигимни тушунтириб, «Локомотив» таклифини рад этгандим.
- Энди бу қарорингиздан афсусланмаяпсизми?
- Йўқ, мен ўтган кунга қараб афсусланадиган футболчи эмасман. Асосийси ваъдамни устидан чиққаним. «Локомотив»ни эмас, «Динамо»ни танлаганимдан умуман афсусланмайман.
- Ҳар ҳолда «Локомотив» ва «Динамо» ўртасидаги тафовут, молиявий имкониятлар ўртасида фарқ бор…
- Тўғри, моддий жиҳат муҳим, аммо энг асосийси бу эмас. «Локомотив»да тўп суриб, яхши даромадга эга бўлиб юришим мумкин эди, аммо мунтазам майдонда бўлмаслигим ҳам мумкин эди. Бу билан рақобатдан чўчиб, Тошкент клубига рад жавобини бердим, демоқчи эмасман. Шунчаки, мен ваъда бердимми, унга жиддий амал қиладиган футболчилар тоифасиданман. Тўғри, бошқа жамоаларда бўлгани каби бизда ҳам муаммолар бор, аммо энг асосийси биз камчиликларга эътибор қаратмай, имконқадар яхши ўйин кўрсатишга интилаяпмиз. Шахсан мен Агамуродов сингари тажрибали ва кучли мураббий қўл остида ўйинимда ўсиш бўлаётганлигини сезаяпман.
- Европадаги фаолиятингиздан сўнг Самарқандга кўникиб кетдингизми?
- Албатта. Бу ерда рафиқам билан бирга яшаймиз. Самарқанд - энг қадимий ва чиройли шаҳар. Мен каби рафиқам ҳам бу ерда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Самарқандда ўзимни уйимдагидек ҳис қилаяпман. Қадимий ва навқирон шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини айланиб чиқишга улгурдик.
- Азиз, навбатдаги 8-турда «Динамо» Фарғонада «Нефтчи»га қарши саф тортади. Водий клуби эса жорий йилги Олий Лигада зафар қучишдан тўхтамаяпти…
- Ҳақиқатда Олий Лига ўйинлари анча қизиқарли ўтмоқда. Мисол учун, «Нефтчи»нинг Тошкентда «Бунёдкор»ни мағлуб этишини кўпчилик кутмаганди. Футболда олдиндан ҳеч нарсани аниқ айтиб бўлмайди. Шундай экан, «Нефтчи» ғалабали сериясини тўхтатмаётган бўлсада, Фарғонадан очко олиб қайтишга интиламиз.
Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.