Кириш Регистрация
28/03 19:00 Динамо 2-1 Металлург
29/03 19:00 ОКМК - Бунёдкор
29/03 19:15 Қизилқум - Локомотив
30/03 01:00 Лилль - Ланс
30/03 01:00 Кадис - Гранада
30/03 16:30 Наполи - Аталанта
30/03 17:30 Ньюкасл - Вест Хэм
30/03 18:00 Хетафе - Севилья
30/03 19:00 Женоа - Фрозиноне
30/03 19:00 Торино - Монца
30/03 19:00 Андижон - Насаф
30/03 19:00 Пахтакор - Сўғдиёна
30/03 20:00 Ноттингем Форест - Кристал Пэлас
30/03 20:00 Шеффилд Юнайтед - Фулхэм
30/03 20:00 Тоттенхэм - Лутон
30/03 20:00 Борнмут - Эвертон
30/03 20:00 Челси - Бёрнли
30/03 20:15 Альмерия - Осасуна
30/03 21:00 Метц - Монако
30/03 22:00 Лацио - Ювентус
30/03 22:30 Астон Вилла - Вулверхэмптон
30/03 22:30 Валенсия - Мальорка

Жозе Моуриньо: «Жамоа – ҳаммасидан муҳим!»

Баҳо:
+ | -

«Челси» бош мураббийи  навбатдаги чемпионликдан сўнг  ўз уйида ВТ Sport телеканали вакилларини қабул қилди. Қизғин суҳбат табиийки, жорий мавсум якунларига бағишланди.

- Жозе, аввало, самимий табрикларимизни қабул қилгайсиз. АПЛ­даги 3-ғолибликни қўлга киритганингизга атиги 2 соат бўлди. Мана, уйдасиз. Ҳозир қандай ҳиссиётлар қуршовидасиз?

- Раҳмат, ўзимни жуда ҳорғин ҳис этяпман (кулади). Шубҳа йўқки, жуда бахтиёрман, шогирдларим билан фарх­ланаман. Айни пайт жамоам тамоман янгиланган, кўплаб футболчиларимиз чемпионлик сурурини илк марта ҳис этишмоқда. Сўнгги 10 йил ичида «Челси» муваффақиятларини белгилаб беришган Эшли Коул, Фрэнк Лэмпард, Майлк Эссьен каби  йигитлар энди сафимизда йўқ. Янги шогирдларим билан 2 йил ичида катта ҳажмда иш олиб бордик. Ғалабани нақд қилган кун дарҳол уйга қайтишимни айтгандим. Мана, шу ваъдани бажардим.

- Тушунарли. Олдин кўплаб чемпионатларда зафар қучгансиз. Бу жамоанинг тайёргарлик жараёни аввалгиларидан фарқ қилдими?

- Жамоам мавсум давомида ўзини анча эркин ҳис этди. Албатта, кучли босим ҳам сезилди. Айниқса, ўз майдонимиздаги учрашувларда. Ахир мухлисларимизга чиройли ғалабаларни тақдим этишимиз шарт эди-да. Бу - ўта мушкул вазифа. Ана шу масъулият шогирдларимнинг эркин ҳаракат қилишларига имкон бермасди. Боз устига, «Кристал Пэлас» ажойиб ўйин намойиш этди. Бошқа чемпионатларда бундай ўйин 5:0 ҳисобида тугарди, эҳтимол. «Пэлас»га ҳеч нарса керак бўлмасада, худди ғалаба қозонмаса лигадан тушиб кетадигандек тириш­қоқлик билан тўп сурди. Ға­лабага интилиш, мағлубиятни ёқтирмаслик  - бу АПЛга хос жиҳат.

- Кескин  рақобат шароитида ғолиб чиқишнинг нашъаси ҳам кучлироқ, шундайми?

- Мутлақо ҳақсиз! Бошқа чемпионатлардаги жамоалар имкониятларини турнир жадвалига кўра, чамалаётган кишиларни кўрсам, кулиб қўяман. Ўша мусобақаларда ишлаганим учун ўзимни бунга ҳақли ҳисоблайман. Германия, Испания ёки Италияда йирик ҳисобли ўйинлар ҳеч кимни ажаблантирмайди - грандларнинг бошқа жамоалардан яққол устун эканликлари аниқ. Англияда эса ундай эмас, ҳар қандай беллашувда астойдил тер тўкиш лозим. Тўғри, ишлар сиз ўйлаган сценарий асосида кечганида, ишончли ғалабалар ҳам қайд этилади. Лекин асосан 1:0, 2:1, 0:0 натижалари кузатилади. Шу боис ҳам, шогирдларим билан фархланаман. Ёдингиздами, янги йилни «Тоттенхэм»дан мағлубиятга учраган тарзда бошлагандик. Ўшанда очколаримиз «Манчестер Сити»ники билан тенг эди. Шундан кейин умуман ютқазмадик, тобора илгарилаб бордик. Ваҳоланки, февраль-апрель оралиғида жиддий муаммоларга дуч келдик. Фабрегас ва Костанинг жароҳати, Ремининг сафдан чиққани, Матичнинг дисквалификцияси - муаммолар уммон! Бизга эса, натижа керак. Шундай вазиятда ҳам ғалаба йўлини топдик. Буни санъатга қиёслаш мумкин. Муваффақиятни таъминлаш учун кучли, интизомли ва меҳнатсевар жамоага эга бўлиш талаб этилади.

- Дарҳақиқат, Англияда финишга 3 тур қолганида чемпионликни нақд қилиш осон иш эмас. Айтинг­чи, барча учрашувларни асабий тарзда ўтказасизми?

- Ҳа, ахир масъулият ҳеч қачон тинчлик бермайди.

- Бугун яхши ухладингизми?

- Доимо мириқиб ухлайман. Тўғри, баъзан ўйинлардан кейин уйқуга кетиш қийин кечади. Ҳафта давомида футболчиларни хотиржамликка чақириб, одатий беллашувда тўп суришларига ишонтирмоқчи бўлдим. Лекин улар ҳаммасини яхши тушуниб турардилар. Чемпионликни нишонлашимизни мухлислар сабрсизлик билан кутишгани эркин ўйнашимизга халал берарди. Ҳа, бугун бўлмаса, эртага ёки келаси ҳафта олтин медални нақд қилишимиз аниқ эди. Аммо муддатидан аввал чўққини забт этиб, енгил тин олишнинг гашти ўзгача. Табиийки, машаққати ҳам шунга яраша.

- Чунки у тўлиқ хотиржамлик ҳадя этади. Қизиқ, сиз ҳозир шундай хотиржаммисиз?

- Албатта! 100 фоиз!

- Одатда камдан-кам ҳолатда хотиржам бўласиз - доимо янги марралар, тўсиқлар, жиддий синовлар ҳақида ўйлайсиз. Демак, энди 9 соат бемалол ухлашингиз мумкин эканда...

- О-о, йўқ. Ҳозир оила аъзоларим билан ресторанга йўл оламан. Улар ҳам ғоят бахтиёрлар, чунки учрашувни стадионда бевосита томоша қилишди. Одатда фақат ўғлим борарди. Лекин бугунги баҳснинг муҳимлигини тушунган бошқа яқинларим ҳам унга ҳамроҳ бўлишди. Чунончи, «Челси»га қайтиш билан жиддий таваккалга қўл ургандим. 50 йилдан кейин илк марта қўлга киритилган чемпионликни мухлислар яхши эслашади, мен ҳам. Аслида ҳам «Челси»га қайтишни орзу қилгандим. Энди бутун оила аъзоларимиз билан жуда бахтиёрмиз!

- Маълумки, сиз учун оилангиз илҳом манбаи ҳисобланади. Мавсум давомида оила ва футбол уй­ғунлигини қандай таъминлайсиз?

- Уларни бир-биридан ажратишга ҳаракат қиламан. Чунки яқинларим кайфияти, ҳаёт қувончлари менинг муваффақиятларим ва омадсизликларимга боғлиқ бўлишини истамайман.

- Бироқ уларга газета ўқиш, ТВ янгиликларидан хабардор бўлишни тақиқлаб қўёлмайсиз-ку

- Улар газета ўқимайдилар, ТВ ҳам кўрмайдилар. Ҳаммасини мени кўриб ўқийдилар. Кечинмаларимни яққол ҳис этадилар, Айтайлик, мағлубиятдан дарғазаб ҳолда уйга қайт­ганимда, ўзларини ҳеч нарса бўлмагандек тутадилар. Ҳолбуки, уларга етарлича совринларга эришиб улгурганим, қандайдир омадсизликлар ҳаётимизга таъсир ўтказолмаслигини кўп марта уқтирганман.

- Чемпионликни финал ҳуштаги янграган заҳоти яқинларингиз билан баҳам кўришнинг завқи ўзгачадир...

- Албатта. Бундай имконият фақат Англияда мавжуд. Фақат шу ерда оила аъзоларим захира ўриндиғининг ортидан жой олишлари мумкин. Мадридда ҳам, Миланда ҳам, Портуда ҳам бундай шароит йўқ эди. Ҳар қайси уй учрашувида ёлғиз ўғлим ўтирарди, «Пэлас»га қарши ўйинни эса барча яқинларим кузатишди. Кевин Френднинг ҳуштагидан кейин беихтиёр улар томон чопдим.

- Энди янги мавсум режалари билан бандмисиз?

- Йўқ, кейинги учрашувлар ҳақида бош қотиряпман. Ишонинг, жиддий гапиряпман. Ҳа, чўққи забт этилгани боис, шогирдларим 2 кун футболни унутишлари мумкин. Аммо мен янада кучлироқ масъу­лият остидаман - «Манчес­тер Сити»дек ажойиб жамоадан унвонни тортиб олдик, энди чемпионга хос ўйин кўрсатишимиз шарт. Гарчи мен шу пайтгача асосан захирада ўтирган йигитларга имконият беришни режалаштирган бўлсамда, моҳият барибир, ўзгармайди.

- Дарвоқе, «Сити» хусусида. Жамоа чемпионликни «МЮ»дан тортиб олганди, «қизил иблислар» эса ўз навбатида, «шаҳарликлар»дан ўзиб кетишганди. Демоқчимизки, Англияда чемпион анчадан буён ўз унвонини ҳимоя қилолмаяпти.

- Нимага шаъма қилаётганингизни тушундим. Мавсум бошида раҳбариятга етакчи тўртликдан жой олиш учун чемпионликни кўзлаб ҳаракат қилиш кераклигини айтгандим. Чиндан ҳам, кучли квартетга кириш ҳозир жуда мушкул. Ўтган йили «МЮ» ЕЧЛдан четда қолганди. Энди яна у ёки «Ливерпуль» йўлланмасиз қолади. Демак, навбат бизга келиб қолиши ҳеч гап эмас, агарда бор куч-маҳоратимизни ишга солмасак.

- Сиз бунгача чемпионликни сақлаб қолишга муваффақ бўлгансиз...

- Ҳа, лекин АПЛ ҳозирда кучли мусобақа даражасида. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, чемпионлик мақомини ҳимоя қилишга уринамиз.

- «Челси»нинг 2006 йилги таркиби билан ҳозиргиси ўзаро куч синашса, қай бири ғалаба қозонади?

- Бу жамоаларнинг кимнинг бош­қарувида майдонга тушишига боғлиқ (кулади).

- Энди чемпионликка эришган шогирдларингиз хусусида гаплашсак. Масалан, Жон Терри. 2 йил аввал унинг фаолияти якунлангандек туюлганди.

- Тўғри, Жон ўшанда айрим муаммоларга дуч келганди. Мураббийлар ҳам унга етарлича ишонч билдирмай қўйишганди. Бироқ Тьерри ўтган мавсум ўзини тиклаб олди, бу йил эса умуман фантастик ўйин кўрсатди. У ва Иванович бундан кейин ҳам «Челси» учун  ўйнашга тайёр эканликларини маълум қилишди - уларни алмаштиришга зарурат йўқ.

- Чемпионлик учрашувини минимал ҳисобдаги ғалаба билан якунладингиз. Сўнгги дақиқаларда қаттиқ асабийлашгандирсиз...

- Мураббийлик ўриндиғида асабийлашишга вақт йўқ. Мен ўйин моҳиятини тушунишга ҳаракат қилдим. Танаффусда шогирдларимни огоҳлантирдим: «Рақиб ҳозиргача қарши ҳужумларга асосланиб тўп сурди. Иккинчи бўлимда эса ўз услубига ўтади». Тахминим тўғри чиқди. Мюррей ва Саногонинг бош билан яхши ўйнашларини ҳисобга олиб, Зумани майдонга туширдим. Шу билан ўйин тақдири ҳал этилди.

- Шундай тушунтиряпсизки, ҳаммаси оддийдек туюлади...

- Аслида ундай эмас. Шунчаки, жамоам мавсумдаги барча саволларга жавоб топиб қўйганди. Гол уриш керак бўлганида - урдик, ҳимояланиш талаб этилганида - ҳимоя­ландик. Иғвогарлар нима дейишса, деяверишсин. Факт шуки, шогирдларим 200 кундан кўпроқ вақт  етакчиликни қўлдан бермай келишди.

- Бу - янги рекорд!

- Ие, шунақами? Унда яна яхши.

- Жорий мавсумдаги энг ёрқин ўйин ёки гол...

- Мавсумнинг илк учрашувида «Бернли» дарвозасига Шюррле томонидан урилган  иккинчи гол. 20та тўп оширишдан ке­йин Фабрегаснинг узатмаси, Шюррленинг фантас­тик финиши ва гол... Ана шу лавҳа «Челси»нинг мавсумдаги асосий услубини ифодалаб берди.

- Жозе, мана, 3-чемпионликни қўлга киритдингиз. Боб Пейсли 57 ёшида биринчи совринни нишонлаганди. Алекс Фергюсон эса 13та олтин медалининг дастлабкисига сизнинг ёшингизда эга чиққанди.

- Ҳа, менда ҳали вақт етарли. Лекин сэр Алекснинг қувиб етишга кўзим етмайди.

- Қўйсангизчи!

- Йўқ, АПЛда 13 марта чемпион бўлиш - иложсиз вазифа. Алексга барча чемпионлик унвонларим сони бўйича етиб олсам ҳам, катта гап!

- Ҳозир 8та унвонга эгасиз. Қолган 5тасини Англияда қўлга киритиш ниятингиз борми?

- Аввал билдирган фикримни такрорлайман: Лондонга келгач, ихтиёримни мистер Абрамовичга топширдим. Бу ерда оилам билан бахтиёрман. Шундай экан, мени Англиядан олиб кетадиган куч йўқ. Яъни тақдирим Роман Абрамовичга боғлиқ. У қолишимни истаса, қоламан. Қачонки, хизматимга ортиқ эҳтиёж сезмасагина бошқа жойга йўл оламан.

 

Жозе Моуриньо Европанинг кучли клублари ўртасида катта фарқ йўқлигини алоҳида таъкидлади. Мураббийнинг айтишича, ягона фарқ - бу ҳар бир жамоа­да Лионель Месси йўқлигида, холос. «Агарда Месси «Манчестер Сити»да ўйнаганида, бу жамоа ЕЧЛни ютишига шубҳа қилармидингиз? Ёки «Арсенал», «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»да ўйнаганидачи? Шахсан мен шубҳа қилмасдим. Мессиси бор клуб ва Мессиси йўқ клуб - буткул бошқа-бошқа. У Гвардиола билан ЕЧЛ финалида ўйнаганди, бу йил Луис Энрике қўл остида ўйнайди. Агарда Месси айтайлик, Энтонининг жамоасида ўйнаганида, у билан ҳам финалга чиқарди. Ҳар сафар Мессига қарши ўйинимиз олдидан уни ўрганиш ва тўхтатиш учун бир неча соатлаб вақт сарфлардим. Баъзан бу ишни уддаласак, баъзан омадсизликка йўлиқардик. Масалан, «Интер» билан Мессини зарарсизлантиришни 2 марта уддалаганмиз. Энг яхшиси - уни алоҳида қўриқлаш. Бутун бошли жамоани овора қилгандан, шуниси маъқул. Аммо Леони қўриқлашнинг ўзи катта вазифа. Ҳар сафар уни қўриқлаш эмас, балки ишини анча оғирлаштириш учун ҳаракат қилардик. Менимча, Лео ҳеч қачон «Барселона»дан кетмаса керак. Бу жуда улкан ва кучли клуб. Каталонияликлар шундай футболчини йўқота олмайдилар. Месси шу жамоа, шу халқ­қа тегишли», деди Моуриньо.

"ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 17:55, 18.05.2015.
Ўқилди: 3700 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.