Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Топ 7: жазирама ёзда рўй бериши кутилаётган қайноқ харидлар

Баҳо:
+ | -

Ушбу ёзда бир йўла бир неча йирик трансферлар амалга ошиши мумкин. Айрим топ-клублар ўз таркибини сезиларли кучайтириб олиш учун катта харидларга қўл уриш  тараддудида. Албатта, гап бу ерда биринчи навбатда юлдуз ўйинчилар ҳақида боради. Euro-football.ru сайтида эълон қилинган мақола эҳтимолий буюк кўчишлар ҳақида.

Гарет Бэйл

Қаердан: "Реал" (Испания).
Қаерга: "Манчестер Юнайтед", "Челси" (иккиси - Англия), "Бавария" (Германия).
Ёши: 25 ёш.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 80 млн. евро.

Айни вақт фақат дангаса инсонларгина Гарет Бэйлни танқид қилишмаяпти. Мавсумдаги барча муҳим ўйинларда уэльслик футболчининг майдонда борлиги деярли сезилмади. Унинг харид қилиниши ўтган йилда "Реал" учун тўғри қарордек кўринганди, аммо ҳозир бу фикрга қўшилмайдиганлар сони фавқулодда ортиб кетган. Афтидан Карло Анчелотти Бейлни мавсумнинг иккинчи қисмида фақат трансфер қиймати баланд бўлгани учунгина майдонга туширди. Ахир Флорентино Перес уэльслик футболчини қўлга киритиш учун озмунча куч ва маблағ сарфладими? Шу боисдан энди уни шунчаки заҳира ўриндиғига михлаб қўйиш осон бўлмайди.

Бэйл туфайли Хамес Родригес ва Иско азият чекмоқда. Сабаби Анчелотти ушбу жуфтликдан фақат бирини танлашга мажбур. Ваҳоланки, уэльслик футболчидан кўра айнан Хамес ва Иско Қироллик клубига кўпроқ фойда келтиряпти. Ушбу вазиятдан чиқишнинг ягона ечими эса бу Бэйлни сотиш. Гаретнинг айнан ҳозир Мадридни тарк этиши клубга у қадар жиддий зарар етказмаса керак. 

Миш-мишларга кўра, Бейл "Бавария" либосини кийиши мумкин. Сабаби мюнхенликлар  Роббен ва Рибери учун муносиб номзод излаш билан овора. Аммо бу борада "Бавария" анча тежамкор вариантни танлаб Ясин Браими ("Порту") ёки Фелипе Андерсон ("Лацио")га эътибор қаратиш эҳтимоли йўқ эмас. 

Балки Бэйл премьер-лигага қайтар? "Манчестер Юнайтед" ёзда янги футболчиларга анча маблағ сарфлашга рози. Уэльслик йигит "қизил иблислар" асосий трансфер мақсадларидан бири бўлиб турибди. Қолаверса, Бэйл Давид де Хеанинг “Реал”га трансфер қилинишида хариднинг бир қисмига айланиши ҳам мумкин. 

Поль Погба

Қаердан: "Ювентус" (Италия).
Қаерга: "Реал", "Барселона" (иккиси - Испания), "Манчестер Сити", "Челси", "Манчестер Юнайтед" (барчаси - Англия), "Пари Сен-Жермен" (Франция).
Ёши: 22 ёш.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 50 млн. евро.

Поль Погба ёзги трансфер бозорида энг "талаш" ўйинчига айланади десак янглишмасак керак. Франциялик хавбек охирги икки йил ичида "Ювентус"да жаҳон даражасидаги юлдузга айланди. Ҳозирги "Юве"ни Погбасиз тасаввур қилишнинг ўзи қийин. 

У бир йилдан кейин Европа Чемпионатига мезбонлик қилувчи Франция терма жамоасининг ҳам аллақачон юрагига айланиб улгурди. "МЮ"дагилар ана шундай ноёб иқтидор эгасини қўлдан чиқарганларидан афсус чекаётган бўлишса ажаб эмас. 

Погба "Ювентус"да – суперюлдуз. Аммо француз бундан кейин ҳам футболчи сифатида ўсиши зарур. "Кекса синьоралар" ва А Серияга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, хавбекнинг маҳорати Италия чемпионати савиясидан аллақачон ўзиб кетган.

Погба Апеннин ярим оролида қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринга эришиб бўлди. Унинг ҳозирги истаги – Чемпионлар Лигаси. У жорий мавсумда жамоаси билан Кўҳна қитъанинг энг нуфузли турнири финалига йўл олди. Аммо ҳозирча "Юве" ҳар йили ЕЧЛ ғолиблигини ўз олдига мақсад қилиб қўювчи барқарор жамоа эмас. 

Погбани ўз таркибида кўришни истовчилар кўп, аммо реал харидорлар бармоқ билан санарли. Чунки французни қўлга киритиш учун унча-мунча клубнинг молиявий қудрати етмайди. "ПСЖ" Погбани Францияга қайтаришни истамоқда, аммо бундай йўл футболчининг ўзига маъқул эмас. Талабгорлар рўйхатида яна "Реал", "Манчестер Сити", "Челси", ҳамда Погбанинг собиқ жамоаси "Манчестер Юнайтед" ҳам тилга олиняпти.

Кўп нарса барибир "Ювентус"га боғлиқ. Погбанинг амалдаги келишуви 2019 йилгача мўлжалланган, демак, француз футболчисини ҳозир сотиб юборишга зарурият йўқ. 

Эҳтимол, туринликлар футболчини яна бир йилга таркибда ушлаб қолиб, ЕЧдан сўнг уни қимматроққа пуллашни ихтиёр этишар. Тўғри, бу таваккал, ахир Погбанинг ўйини пасайиб кетиши, натижада футболчининг трансфер нархи ҳам тушиб кетиши ҳеч гап эмас-да.

Эдинсон Кавани

Қаердан: "Пари Сен-Жермен" (Франция).
Қаерга: "Манчестер Юнайтед", "Арсенал", "Манчестер Сити", "Челси", "Ливерпуль" (барчаси - Англия), "Валенсия", "Атлетико" Мадрид, "Реал" (барчаси - Испания), "Ювентус", "Милан" (иккиси - Италия).
Ёши: 28 ёш.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 50 млн. евро.

Эдинсон Кавани афтидан барибир клубини ўзгартирадиган кўринади. Боиси Златан Ибрагимовичнинг соясида юриш уругвайлик йигитнинг сабр косасини тўлдирди. Бундан ташқари форвард Франция чемпионлигидан кўра анча жиддий ва салмоқли соврин ютишни хоҳламоқда. Унинг бахтига вариантлар ҳам оз эмас. 

Деярли барча АПЛ клублари ўзига янги қотил-ҳужумчи изламоқда. Аммо Каванининг "Манчестер Сити" ёки "Челси"га йўл олиши қийин. Чунки иккала жамоада ҳам кучайтириш зарур бўлган бошқа чизиқлар бор. Демакки, ҳужумчи учун 50 миллион евро сарфлаш улар учун анча исрофгарчилик бўлади. 

Чемпионлар Лигасисиз қолган "Ливерпуль" Каванини қизиқтирмаса керак. "Манчестер Юнайтед" ва "Арсенал" вариантлар эса уругвайлик футболчига мос. Иккала жамоада ҳам Кавани учун асосий форвард вазифаси деярли нақд қилинган. 

Эҳтимол уругвайлик форвард ўз омадини Испаниядан излаб кўрар? Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у ҳақида ҳатто "Реал" ҳам бош қотирмоқда. Аммо бунга ишониш бироз қийин. "Атлетико" кучли учликдаги ўрнини сақлаб қолиш истагида, "Валенсия" эса кучлилар сафига ўрнашиб олмоқчи. Молиявий томондан ушбу иккала клуб ҳам Каванини харид қилиш имконига эгалар. 

Форварднинг йўлига кўз тикаётганлар орасида "Ювентус" ҳам бор. Аммо бу воқеа фақатгина Погбанинг Франция пойтахтига кўчиб ўтган тақдирида рўй бериши мумкин.

Матс Хуммельс

Қаердан: "Боруссия" (Германия).
Қаерга: "Манчестер Юнайтед", "Челси", "Арсенал", "Манчестер Сити" (барчаси - Англия), "Ювентус" (Италия), "Барселона" (Испания).
Ёши: 26 ёш.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 35 млн. евро.

"Боруссия" раҳбариятининг ўжарлигигина ушбу ёзда Матс Хуммельсни Дортмундда сақлаб қолиши мумкин. “Арилар” мавсум оралиғида фақат бир нафар етакчисига жавоб бериб юборишни режалаштирмоқда. Катта эҳтимол билан бу Илкай Гюндоган бўлади. Хабарингиз бор, хавбекнинг амалдаги келишуви 2016 йилда якунига етади, аммо футболчи шартномани узайтиришдан бош тортган. Шу сабабли дортмундликлар маблағ ишлаб олиш мақсадида Гюндоганни сотишга мажбурлар.

Аммо энди Матс Хуммельс билан ҳам хайрлашишнинг фурсати етган кўринади. Бундеслиганинг ашаддий мухлислари ушбу мавсум футболчининг ўйинида анча пасайиш кузатилаётганидан хабардор бўлишса керак. Хуммельс даражасидаги олий тоифадаги ҳимоячи ўз дарвозасига гол олиб келган кўплаб хатоларга йўл қўйди. Унинг ўйинидаги инқироз бир тарафдан жароҳат асорати, бошқа томондан иштиёқнинг йўқолгани билан изоҳланмоқда. Тажрибали ҳимоячини йўқотиш дортмундликларга у қадар қимматга тушмаслиги мумкин. Сабаби "Боруссия" келаси мавсум ЕЧЛда иштирок этмайди.

Хуммельс учун асосий даъвогар сифатида Чемпионлар Лигаси арафасида мудофаа чизиғини кучайтиришни ўйлаётган "Манчестер Юнайтед" тилга олинмоқда. Шунингдек, "Барселона", "Манчестер Сити", "Челси", "Арсенал" ва "Ювентус" жамоалари ҳам маҳоратли ҳимоячига бефарқ эмаслар. 

Кевин де Брюйне

Қаердан: "Вольфсбург" (Германия).
Қаерга: "Челси", "Манчестер Сити", "Манчестер Юнайтед", "Арсенал" (барчаси - Англия), "Ювентус" (Италия), "Бавария" (Германия), "Пари Сен-Жермен" (Франция), "Барселона" (Испания), "Зенит" (Россия).
Ёши: 23 года.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 35 млн. евро.

Кевин де Брюйне Германияда ажойиб футбол мавсумини ўтказмоқда. Айнан бельгиялик футболчининг фаол ҳаракатлари ва самарали тўп узатишлари натижасида "Вольфсбург" келаси мавсум Европа Чемпионлар Лигасида қатнашади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, “бўрилар”нинг ўз етакчисини таркибда сақлаб қолиш осон бўлмайди. Агарки, де Брюйненинг ўзи клубдан кетишга қарор қилмаса. "Вольфсбург" айни вақт молиявий жиҳатдан анча барқарор ҳолатда. Хавбекни сотиб юбориш эса клубнинг ҳозирги режаларига кирмайди.  

Бельгиялик футболчининг трансферида бир ҳолатни эътибордан қочирмаслик зарур. Яъни "Челси" ўйинчини сотиб олиш ҳуқуқига эга. “Аристократлар” де Брюйнени "Вольфсбург"га қўйиб юбораётганларида келишувга шундай бандни қўшиб қўйгандилар. Демакки, "Челси" истаган вақти ўзининг собиқ ярим ҳимоячиси тақдирига таъсир ўтказиши мумкин. 

Матбуотда "Манчестер Сити" ва "Пари Сен-Жермен" асосий даъвогар сифатида тилга олинмоқда. Иккала клуб ҳам иқтидорли бельгиялик йигитни қўлга киритиш учун етарлича маблағ сарфлашга тайёр. Аммо "Бавария"ни эрта ҳисобдан чиқариб юбориш адолатдан бўлмайди. Мюнхенлкилар ўз анъанасига содиқ ҳолда ҳар доим Бундеслиганинг энг кучли футболчиларини сотиб олишни хуш кўришади. Айниқса, клуб Франк Рибери ва Арьен Робен учун муносиб номзод қидираётган вақтда де Брюйне "Бавария"га ортиқчалик қилмайди. 

Жексон Мартинес

Қаердан: "Порту" (Португалия).
Қаерга: "Арсенал", "Эвертон", "Тоттенхэм", "Манчестер Юнайтед" (барчаси - Англия), "Ювентус", "Милан" (барчаси - Италия), "Реал" (Испания).
Ёши: 28 ёш.
Нархи (transfermarkt.de таҳминига кўра): 32 млн. евро.

Жексон Мартинес "Порту"да анча ушланиб қолди. Колумбиялик форвард аллақачон 28ни қоралаб улгурди. Агар "аждарлар" у орқали муайян миқдорда пул ишлаб олишни истаса, 

жорий ёз футболчини сотиб юборишнинг айни мавриди. Мартинес ушбу мавсум Чемпионлар Лигаси 8 учрашувида 7та тўп киритиб, ўзининг ҳамон юқори савиядаги ҳужумчи эканини барчага исботлади.

Колумбиялик форвард ҳар ҳолда бирор бир топ-клуб билан шартнома имзоламаса керак. Чунки 28 ёш футболда жиддий ёш ҳисобланади. Эҳтимол, "Манчестер Юнайтед" ва "Реал" Мартинесдан “Б плани” сифатида фойдаланиб кўрар. Аммо колумбияликнинг "Арсенал"га ўтиши анча ҳақиқатга яқиндек таассурот уйғотмоқда. "Ювентус"ни даъвогарлар рўйхатидан чиқариб ташласа ҳам бўлаверади, чунки Турин клуби Пауло Дибала билан шартнома имзолашга жуда ва жуда яқин турибди.

Шунингдек, қолган клублар орасида "Тоттенхэм"нинг имконият юқори. Чунки “шпорлар” анча вақтдан бери Жексоннинг хизматларига қизиқиш билдирмоқда. 

Давид де Хеа

Қаердан: "Манчестер Юнайтед" (Англия).
Қаерга: "Реал" (Испания).
Ёши: 24 ёш.
Нархи(transfermarkt.de таҳминига кўра): 25 млн. евро.

Давид де Хеанинг вазияти эса жуда оддий. Бу ерда ҳаммаси фақатгина дарвозабонниг шахсий қарорига боғлиқ. Испан киперининг амалдаги шартномаси 2016 йил ёзида якунига етади. "Манчестер Юнайтед" де Хеани таркибда сақлаб қолиш учун барча ишни амалга оширмоқда. Аммо ҳозирча футболчининг ўзи янги битимни имзолашга шошилмаяпти. Агар де Хеа шартномани узайтиришдан бош тортса, "Юнайтед" маблағ ишлаб олиш учун уни ушбу ёзда сотиб юборишга мажбур бўлади.  

Де Хеа яна Мадридга қайтиши мумкин. Аммо бу сафар қадрдон "Атлетико"га эмас, балки "Реал"га. Қироллик клуби ўзига ҳамон янги дарвозабон қидирмоқда. Икер Касильяс энди аввалги Касильяс эмас, буни ҳамма кўриб турибди. "Реал" ўтган ёзда нима учундир Диего Лопесни қўйиб юборди. Унинг ўрнига таклиф қилинган Кейлор Навас эса заҳира ўриндигининг доимий "иштирокчиси"га айланди. Миш-мишларга қараганда, Касильяс барибир ёзда "қаймоқранглилар" сафини тарк этармиш.

"Реал"нинг ўзи хоҳлаган футболчини сотиб олиши аллақачон одат тусига айланган. Аммо ҳар доим ҳам Переснинг нияти ўзи истаган вақтда амалга ошавермайди. Катта эҳтимол билан қачонлардир де Хеа албатта Қироллик клуби либосини кияди. Аммо бу воқеа ушбу ёзда рўй берадими ёки кейинроқ бу ҳозирча жавоби йўқ савол бўлиб қолмоқда.

Маҳмуджон АЗИМОВ
таржимаси

Манба: arena.uz
Киритилди: 23:00, 19.05.2015.
Ўқилди: 12033 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.