Лондоннинг "Арсенал" жамоаси мавсумни соврин билан якунлайдиган бўлди. Арсен Венгер шогирдлари Англия кубогининг финал баҳсида "Астон Вилла"га ҳеч қандай имконият қолдирмади.
"Канонирлар" бутун ўйин давомида ажойиб ўйин кўрсатиб, рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Биринчи бўлимда яратилган имкониятлардан биттасини "Арсенал" голга айлантирди. Монреалнинг узатмасини Санчес бош билан Уолкоттга қолдирди ва Тео кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлимда эса Алексис 25 метрлардан кучли зарба йўллади. Тўп тўсинга тегиб, тўрга бориб тушди. Амалда мазкур гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Ўйиннинг қолган дақиқаларида "Арсенал" майдонда ҳукмронлик қилишди. Натижада бурчак тўпини Мертезакер бош билан дарвозага жойлаб, ҳисобни йириклаштирди. Тўғри, "Астон Вилла" вазиятни ўнглашга уринди. Бош ҳакам иккита вазиятда "Арсенал" дарвозасига пенальти белгилаши мумкин эди, аммо бу кеча "Астон Вилла"га пенальти тепиш ҳам насиб қилмаган экан. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар тугаш арафасида захирадан тушган Оливье Жиру жамоасининг тўртинчи голи муаллифига айланди.
Шу тариқа, "Арсенал" кетма-кет иккинчи марта Англия кубогида ғолиб чиқди ва ўз тарихида 12-марта мазкур совринни қўлга киритди ҳамда бу борада яққол етакчига айланди. "Манчестер Юнайтед" ҳисобида 11та Англия кубоги бор. "Арсенал" кубокда ғалаба қозонгани учун "Саутгемптон" Англия кубогида иштирок этадиган бўлди.
Англия кубоги, финал
Арсенал – Астон Вилла 4:0 (1:0, 3:0)
Голлар: 1:0 – 40 Уолкотт, 2:0 – 50 Санчес, 3:0 – 62 Мертесакер, 4:0 – 90 Жиру.
Арсенал – Шченсни, Косьельни, Бельерин, Мертесакер, Монреаль, Ўзил (Уилшер, 77), Коклен, Рэмзи, Касорла, Уолкотт (Жиру, 77), Санчес (Окслейд-Чемберлен, 90).
Астон Вилла – Гивен, Хаттон, Влар, Окоре, Ричардсон (Бакуна, 68), Грилиш, Вествуд (Санчес, 71), Клеверли, Делф, Нзогбия (Агбонлахор, 53), Бентеке.
Огоҳлантиришлар: Клеверли (14), Хаттон (33), Делф (37), Вествуд (52), Агбонлахор (83).