"Барселона" Испаниядаги иккинчи совринни ҳам ўзиники қилиб олди. Испания қироли кубоги финалида каталонияликлар "Атлетик Бильбао" устидан ишончли ғалабани қўлга киритишди.
Ўйиннинг бошиданоқ "кўк-анорранглилар" бирин-кетин басклар дарвозасига ҳужумлар ёмғирини ёғдиришди. Бильбаоликлар уларни бир амаллаб қайтариб туришди. Аммо биргина Мессини тўхтатишнинг уддасидан чиқа олишмади. Ўйиннинг 20-дақиқасида Лео ўнг қанотда 4 нафар рақиб футболчисини даҳшатли тарзда алдаб ўтди ва кучли зарба билан дарвозани ишғол қилди!
Орадан 15 дақиқа ўтиб Месси-Ракитич-Суарес-Неймар комбинацияси бразилиялик ҳужумчининг бўш дарвозани ишғол қилиши билан якунланди.
Иккинчи бўлимда эса "Атлетик" вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилган бўлса, каталонияликлар ўйиннинг боришини хотиржам назорат қилишди. Алвеснинг кутилмаганда олдинга ўтиб, дарвоза яқинига берган узатмасини ҳимоячилардан кўпроқ тезроқ ҳаракат қилган Месси дарвозага жойлади. Орадан беш дақиқа ўтиб басклар Уильямснинг голи эвазига битта жавоб тўпи киритишга муваффақ бўлди.
Шу тариқа "Барселона" мавсумдаги иккинчи совринни ютиб олди. Улар энди бир ҳафтадан кейин "Ювентус"га қарши ўйинда Европа чемпионлар лигаси соврини ҳам "Камп Ноу"га олиб келишга уринишади.
Испания кубоги, финал
Атлетик – Барселона 1:3 (0:2)
Голлар: 0:1 – 20 Месси, 0:2 – 36 Неймар, 0:3 – 74 Месси, 1:3 – 79 Уильямс.
Атлетик – Эррерин, Эчейта, Сан Хосе, Лапорт, Ираола (Сусаета, 58), Беньят (Гомес, 75), Рико (Итурраспе, 74), Бустинса, Баленсиага, Уильямс, Адурис.
Барселона – тер Стеген, Дани Алвес, Бускетс, Пике, Альба (Матье, 77), Иньеста (Хави, 56), Маскерано, Ракитич, Неймар, Месси, Суарес (Педро, 78).
Огоҳлантиришлар: Пике (42), Ираола (43), Баленсиага (58), Уильямс (67), Адурис (87), Неймар (88), Бускетс (90).