Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Голливудча ўйин ва Болливудча якун

Баҳо:
+ | -

Янги Зеландияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини бирор нарсага қиёслаш зарурияти туғилса, албаттаки, Голливуд ишлайдиган жангари фильмлардан бирига ўхшатган бўлардик. Ҳалиги, бош қаҳрамони обдон калтак «еб» олганидан сўнг охирида қаҳри келиб, рақибини бир мушт билан қулатадиган фильмлар бор-ку, худди ўшанақасига. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоамиз бизга шундай триллер намойиш этиб бермоқдаки, охири йўқдек. Ўзингиз ўйланг, бирваракайига икки марта мағлубиятга учраган жамоанинг охирги турдаги биттагина ўйинда рақибини енгиб, гуруҳдан чиққанини яна қаерда кўргансиз? Шунақа, бизнинг футболчилар охиригача юрак ўйнатишни жуда яхши уддалайдилар...

Аммо келинг, ҳаммасини бошидан бошлайлик. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ЖЧдаги дастлабки ўйинда гондурасликлардан енгилиб (3:4), гуруҳдан чиқиш масаласини каттакон сўроқ остида қолдирганди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари ўтган ҳафта яна 2та ўйин ўтказишди ва бирида шармандалик сари қанчалик яқин борган бўлсалар, иккинчисида амаллаб вазиятни ўнгладилар.

ГЕРМАНИЯ «ЖАНГИ»

Ўзбекистон ёшлар жамоаси стартда Гондурас термасига ютқазгач, 2-турда Германия билан лоақал дуранг ўйнаш талаб қилинганди. Чунки гуруҳдан чиқиш учун айнан шу жамоаларга қарши кураш олиб боришимиз кутилганди. Аммо гап бизнинг футболчилар ҳақида кетар экан, «валидол»сиз ўйин кўролмаслигимиз яна бир бор ўз исботини топди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари немисларга қарши ҳеч нарса қилолмадилар ва йирик ҳисобда мағлубиятга учрадилар. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас.

Ёмон томони - ўйин бошидан охирига қадар рақиб ташаббуси остида ўтди. Бизникилар эса яккаш ҳимояда банд бўлдилар. Германияликлар биринчи голни стандарт вазиятдан уришди. Иккинчисини эса ўйиндан. Ўхшаш жиҳати шундаки, гарчи бу голлар турли вазиятларда юзага келган бўлсада, ҳар иккиси дарвозабоннинг қўпол хатоси билан ёдда қолди. Ўзбек футболи доимо яхши дарвозабонларга эга бўлиб келган. Аммо Равшан Ҳайдаров жамоаси ҳақида гапирганда, истисно қилишга тўғри келади, шекилли.

Фақат иккинчи гол қўйиб юборилганидан сўнг ўзбекистонлик ёшлар ҳам ҳужумга ўта бошладилар. Бу кимнинг кўрсатмаси бўлганини аниқлаш эса, қийин. Чунки мураббийнинг ўйин бошидан ҳимоявий тактикага катта эътибор қаратгани сезилиб турганди. Жамоа­миз вакиллари иккинчи бўлимнинг охирги қисмида ҳужумга ўтиб кета бошладилар. Афтидан, мураббийнинг кўрсатмасига амал қилиш ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келавермайди, шекилли. А, лаббай... Фақат шуниси борки, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумга жуда кеч ўтди. Бу вақтга келиб, Германия термаси ташаббусни батамом ўзиники қилиб улгурган ва бирор нарсани ўзгартириш катта мушкулотга айланганди. Оқибатда немислар учинчи голни ҳам урдилар. Бунисида ҳам бемалол яна ҳимоячилар ва дарвозабонни айблаш мумкин. Умуман, жаҳон чемпионатидаги дастлабки 2 тур Ўзбекистон термаси ҳимояси ва дарвозаси қай даражада заиф эканини бор бўйи билан кўрсатиб берди.

Шу тариқа Германия терма жамоаси муддатидан олдин нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди, ҳисоб. Биз эса ҳар доимгидек, яна охирги турга қараб қолдик. Гуруҳдаги охирги ўйин Фижи термасига қарши кечишини инобатга олсак, бу умид анча ҳаётбахш кўринаётганди. Аммо ҳамма гап шундаки, бу турда барчаси ўзимизга боғлиқ эмасди. Энди ўша - бизни шармандаларча мағлуб этган германияликларга қараб қолгандик. Немислар Гондурас термасини ютиб беришмаса, аҳволимиз ниҳоятда танг бўларди...

Германияга қарши ўйин борасида яна шуни айтиш мумкинки, терма жамоамиз бундай ланж ва суст ҳаракати билан жаҳон чемпионатида нима қилиб юргани кишини ҳайрон қолдирди. Футбол футбол бўлиб, бунақа бемаза ўйинни кўп ҳам кўрмаган бўлса керак...

 

БИРИНЧИ ЎЙИН ҲАҚИДА

Йирик ҳисобли мағлубиятдан сўнг Равшан Ҳайдаровнинг нима дейиши ҳаммани қизиқтириши турган гап эди. Мураббийдан ўйинда қандай хатога йўл қўйилганини изоҳлаб беришини кутгандик. Аммо Равшан Акмалович фақат умумий гаплар билан чекланди ва ҳаттоки, ...бироз мақтанишга ҳам жазм этди. Бундай ўйинда ютқазган жамоа нимаси билан мақтаниши мумкин, дерсиз? Равшан Ҳайдаров бунинг уддасидан чиқди - «у шогирдларининг ҳаракатларини салбий баҳоламади» ва аксинча, ҳаммасида омадни айблади! Мураббийнинг айтишича, ёшларимиз биринчи бўлимда немисларга деярли (!) имкон беришмабди ва фақат омадсизлик туфайли гол қўйиб юборилибди. Ажабо, илгари фақат омадсизлик туфайли гол уролмас эдик, энди тўп ўтказиб юборишда ҳам яна ўша нарса панд бераётган экан. Қизиқ ҳолат, шундай эмасми?

- Биринчи булимда битта гол қўйиб юборилди. Иккинчисида футболчиларга нима бўлди?

- Иккинчи бўлимни мағлуб ҳолда бошладик ва албатта, ҳужум қилишга уриндик. Умуман, хатосиз ўйнашимиз лозим эди, афсуски, иккинчи голни ҳам қўйиб юбордик. Шундай бўлса-да, футболчиларнинг ҳаракатларини салбий баҳоламоқчи эмасман. Биринчи бўлимда немисларга деярли имкон бермадик. Рақибнинг кучли эканидан келиб чиқиб, бугун қарши ҳужум тактикасида ўйнадик. Бўлмади. Қайтараман, биринчи бўлимда Германияда айтарли имконият юзага келмади. Бироқ омадимиз чопмади ва жарима зарбасидан гол қабул қилдик. Иккинчи бўлимда эса ҳимояда кичик хатога йўл қўйдик ва яна гол...

- Икки ўйин - шунча мағлубият. Гуруҳдан чиқиш вазифаси оғирлашдими ёки бошқача фикрдасиз?

- Озгина имконият борми, охиригача курашамиз. Фижи билан ўйинда боримизни берамиз. Аммо бу фақат бизга боғлиқ эмас. Гуруҳдаги вазият ҳозир шундайки, Фижининг ғалабаси барчасини ўзгартириб юборди. Ҳар қандай ҳолатда охиригача курашишда давом этамиз.

 

БИРИНЧИ ЎЙИН ЯКУНИ

Шунақа. Ўзбекистон термаси Голливуднинг энг шонли қаҳрамонлари сингари барчасини сўнгги сонияларга қолдирди ва бор эътиборни фижиликларга қарши кечадиган ўйинга қаратишга мажбур эдик. Илгари бундай давлат ҳақида кўп ҳам эшитмаганимиз эса, бошқа масала. Чунки Фижи термаси 2-турда Гондурасни - ўша биз билган ва жамоамиз дарвозасига оз эмас, кўп эмас, нақ 4та гол урган Гондурасни йирик ҳисобда мағлуб этди. Ўша вақтдаги хавотирларимизни тавсифлаш учун сўз бойлигимиз етмаса керак. Яшириб нима қилдик, жаҳон чемпионатига қўл силтаб қўйганлар ҳам орамизда етарлича топиларди. Бахтимизга Ўзбекистон  U-20 термаси сўнгги сонияларда ўзига келишни уддалади...

 

ФИЖИ - ТАНИШГАНИМИЗДАН ХУРСАНДМИЗ!

Ўзбекистон ёшлар термасининг гуруҳдан чиқиши учун 3-турда Фижини мағлубиятга учратиши (учратганда ҳам, камида 2та тўп фарқи билан) талаб қилинарди. Аммо бу ҳам ҳаммаси эмас. Ёмон томони, шу билан бирга гуруҳдаги нариги ўйин натижасига ҳам «мўралаб» туришга мажбур эдик. Агарда гондурасликлар Германия билан дуранг ўйнаган тақдирларида, шунча қилинган «меҳнат» барбод бўлиши турган гап эди.

Биз Ўзбекистон терма жамоалари сўнгги сонияларга қадар курашиши ва бу кураш натижаси кўп ҳолларда гуруҳдаги бошқа ўйин натижасига боғлиқ бўлишига кўникиб қолганмиз. Бу сафар ҳам анъана бузилмади. Хайриятки, бахтимизга ҳаммаси биз ўйлагандек ривожланди ва Германия ёшлар терма жамоаси Гондурасни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу-ку, яхши. Аммо сал бўлмаса, ўзимиз ишнинг пачавасини чиқариб қўйишимиз мумкин эди. Чунки ёшларимиз Фижи термаси дарвозасига роппа-роса бир соат давомида йўл тополмадилар. Бу табиийки, анча-мунча асаббузарликка олиб келди. Ахир Ўзбекистон терма жамоаси ўйнаганида, бошқача бўлиши мумкинми?

Тўғри, ўйин давомида ёшларимиз ташаббусни қўлдан чиқармадилар. Аммо ҳамма гап шундаки, футболчиларимиз доимгидек, бу устунликни голга айлантиролмадилар. Фижиликлар эса қарши ҳужумга таяниб ўйнашди. Бундай қарши ҳужумларда қанчалаб гол қўйиб юборганимизни яхши биламиз. Шу сабабли, ўйинни юрак ҳовучлаб кузатдик. Ҳайтовур, бахтимизга Фижи дарвозабонининг асаблари дош беролмади. Нима, 62-дақиқада Элдор Шомуродовнинг бош билан берган зарбаси шунчалик кучли эди, деб ўйлайсизми? Ўша гол учун дарвозабон Найрубега катта раҳмат. У бизнинг ишимизни анча осонлаштириб берди. Бу гол Ўзбекистон ёшлари учун росмана кутилмаган совға бўлди. Энди Равшан Ҳайдаров шогирдлари сал дадилроқ ўйнай бошладилар ва орадан 1 дақиқа ўтиб, яна битта гол урдилар. Бу сафар Забиҳилло Ўринбоев аниқ зарба берди. Бироқ бунисида энди Найрубени айблаш ноўрин. Шунингдек, қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггиси ўтиб бораётганида, Миржамол Қосимов урган голда ҳам уни айблаб бўлмайди. Миржамол жарима майдончаси ичидан аниқ зарба йўллаб, якуний ҳисобни ўрнатди - 3:0!

 

КЕЙИНГИ ЎЙИН

Шу тариқа Ўзбекистон ёшлар термаси ўз гуруҳида 2-ўринни эгаллади ва нимчорак финалга чиқди. Эътиборли томони, бизни биринчи турда 4:3 ҳисобида енгган Гондурас термаси гуруҳда қолган 2та ўйинда 8та гол қўйиб юборди ва кейинги босқичдан четда қолди. «Яхши от кейин чопади», дейишармиди? Биз Равшан Ҳайдаров шогирдларини «яхши от»га менгзаш фикридан йироқмиз-ку, аммо гондурасликлар оти бизникидан ҳам ёмонроқ чиқиб қолишини ким ўйлабди, дейсиз?

Табиийки, ижобий натижадан сўнг жамоамиз бош мураббийи шунга яраша далилроқ гапирди: «Бу биз учун сўнгги имконият эди. Биринчи бўлимда кўплаб имкониятларга эга бўлдик, аммо... Иккинчи 45 дақиқаликда эса, футболчиларимиз ўз маҳоратларини кўрсатишди. Биринчи ғалабамиздан ғоят хурсандмиз ва бу сўнггиси бўлмайди, деб умид қиламан. Ўйинда тактик ҳаракатлар тўғри бажарилди, аммо биринчи бўлимда мақсадимизга эришолмадик.

Кейинги рақиб Австрия термасига келсак, анча кучли жамоа. Тўғри, авс­трияликлар ҳақида кўп маълумотга эга эмасмиз. Аввало, футболчиларга дам олиш учун вақт бериб, кейин ўйинга тайёргарликни бошлаймиз.

Ҳа, ёшларимиз энди 11 июнь куни австриялик тенгқурларига қарши баҳс олиб боришади. Бу жамоа «В» гуруҳида 5 очко билан 2-ўринни эгаллади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:11, 10.06.2015.
Ўқилди: 10426 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.