Ортда қолган мавсумда Туркия чемпионатининг биринчи лигаси иштирокчиси “Манисаспор” жамоаси сафида тўп сурган ҳамюртимиз Асрор Гафуровнинг фаолиятини эндиликда қайси жамоада давом эттириши ҳали аниқ эмас.
Боиси футболчининг трансфер ҳуқуқи ҳали ҳамон “Манисаспор”га тегишли. Аммо қоидага кўра Туркия иккинчи лигасида легионер футболчи ўйнаши мумкин эмас. Қолаверса, 20 ёшли Асрорнинг ҳам иккинчи лигада тўп суриш нияти йўқ. Бу ҳақда у SPORTS.uz сайтига яқинда берган интервьюсида айтиб ўтганди.
Футболчи билан боғланганимизда, у июл ойида “Маниса” йиғинига бориб қўшилишини, сўнг фаолиятини қаерда давом эттириши аниқ бўлишини таъкидлади. Шуниси аниқки, Асрор янги мавсумда иккинчи лигага тушиб кетган “Манисаспор”да эмас, балки бошқа жамоада ўйнайди. Ҳозирда футболчимиз хизматлари билан бир қатор жамаолар қизиқишмоқда. Айниқса, Туркия биринчи лигасининг яна бир иштирокчиси “Болуспор” футболчимизни келаси мавсумда ўз сафига қўшиб олмоқчи.Асрор Гафуров эса ҳали бир қарорга келишга шошаётгани йўқ.