Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

ЎФФ Ижроия Қўмитаси терма жамоа мутасаддиларига охирги хайфсан эълон қилди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Ижроия Қўмитаси мажлиси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг охирги ўйинлари ва жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини мағлубият билан бошлагани, шунингдек, олимпия терма жамоасининг 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш ўйинларини ўта муваффақиятсиз ўтказганлиги тўғрисидаги масалаларга бағишланди.

Мажлисга Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов раислик қилди. Усмонов кун тартибидаги масалалар ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда ҳукумат яратиб бераётган шароитларда унумли фойдаланиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

“Бугун футбол Ўзбекистонда нафақат стадионда, балки мамлакатимизнинг ҳар бир чеккасида мавжуд. Ёшлар футбол ўйнаяпти. Янги футбол мактаблари қурилмоқда. Унда янги истеъдодлар кашф қилиняпти. Бир сўз билан айтганда, футболда олий мақсадларни кўзлаш учун бугун энг яхши шароит ва қулайликлар тайёрлаб берилди, - дея гапирди Мираброр Усмонов.

Федерация президентининг сўзларига кўра, шароитлар яратиб берилдими, уларнинг мевасини ҳам талаб қилиш вақти аллақачон етганлигини ҳам алоҳида урғулади.

“Минг афсуски, яратиб берилган шароитларга яраша натижалар бўлмаяпти. Биринчидан, олимпия терма жамоасини олайлик. Уларнинг Осиё чемпионатига зўрға чиққанлигини биз фақат ва фақат омадга йўйишимиз керак. Биз кучимиз билан чиқмадик, бизга фақат омад кулиб боқди. Шармандагарчиликдан қандай қутулиб қолганимизни бутун Осиё кўрди. Бунда федерациядаги ҳамма айбдор!” деди Усмонов.

“Миллий терма жамоанинг охирги ўйинлари биз нотўғри йўлдан кетаётганимизни, тўғри ишламаётганлигимизни амалда кўрсатиб берди. Осиё чемпионатида Саудия Арабистонини омадимиз келиб ютдик ва шунинг эвазига гуруҳдан чиқдик. Кейинги ўйинларда ғалаба қозона олмадик. Охиргиси, айниқса, 2:4 ҳисобидаги Шимолий Кореяга учралган мағлубият ўтиб тушди. Атрофимдаги аксарият “мутахассислар” бу ўйиндаги мағлубиятга турли сабабларни келтиришяпти, сунъий қопламали майдон, фалончи ва ҳоказо. Булар ҳақида сиз барчангиз мағлубиятгача жуда яхши билардингиз”, - деди Усмонов.

Федерация президенти кейинги босқич учун йўлланмани қўлга киритишда асосий рақобатчи ҳисобланган Шимолий Корея, қолаверса, Филиппин терма жамоасининг 6 очкога олдинга ўтиб кетганлиги ҳақида гапираркан жумладан, шундай деди: “Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган жамоалар кейинги босқичга чиқади. Иккинчи ўриндан чиқиш учун энг яхши кўрсаткични қайд этган 4 жамоадан бири бўлиш керак. Миллий терма жамоада эса ҳозир тўплар нисбати минус икки. Пешқадамларда аллақачон 6 очко, бизда эса 0. Яна менга айтишадики, ҳали 6 та ўйин бор, ваҳима қилманг. Нима эртага яна ютқизсак, яна 5 та ўйин бор деб гапирасизми?”

Мираброр Усмонов миллий терма жамоага хорижлик мутахассис жалб этилиши нега бир йил давомида ижобий ҳал қилиб келмаганлигини тилга олиб ўтиб, терма жамоалар мутасаддиларини сўроққа тутди: “Мен бир йилдан бери миллий терма жамоага хорижий мутахассисни жалб қилиш бўйича сизларга таклиф ва мулоҳаза киритинг дейман, нега индамайсизлар? Қани таклиф? Ҳар қандай маблағ эвазига, ҳар қандай мутахассисни жалб этишга тайёр эканлигимни ҳар мажлисда такрорласам ҳам ҳеч бирингиз индамайсиз! Нега Терма жамоалар маркази бу масалани ижобий ҳал қилмай, бир йилдан бери чўзиб юрипти. Бу масалани шахсий назоратим остига оламан ва мухлат бераман. Навбатдаги ўйинга тайёргарлик бошлангунча, терма жамоада хорижлик маслаҳатчи мураббий иш бошлаши керак. Тамом!”

Мажлисда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, Ўзбекистон Профессионал Футбол лигасининг бош директори Фарҳод Магаметов, Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаевларга хайфсан эълон қилинди. Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов, Ўзбекистон терма жамоаларининг техник директори Рустам Акрамовлар эса Усмоновдан ва Ижроқўм аъзоларидан охирги хайфсан олишди. Миллий терма ва олимпия терма жамоаларининг олдига қўйилган вазифа бажарилмаган тақдирда Асқар Толибжонов ва Рустам Акрамов ўз вазифасидан озод этилиши маълумот сифатида қабул қилинди.

Шу билан бирга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2015 йилдаги расмий ўйинлардаги, шунингдек, Осиё чемпионати ҳамда Жаҳон чемпионатининг бирлашган саралаш турниридаги иштироки ўта қониқарсиз деб баҳоланди. Миржалол Қосимов ўз аризасига кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи вазифасидан озод этилди. Ҳозиргача “Пахтакор” футбол клубида бош мураббий сифатида ишлаб келган Самвел Бабаян “Пахтакор” жамоасидаги вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Яқин-яқингача Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида бош мураббий сифатида ишлаб келган Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг катта мураббийи этиб тайинланди.

Янги мураббийлар штаби қўлга олган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий вазифаси 2018 йилги жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритиш қилиб белгиланди ва бунинг учун Самвел Бабаян жавобгар эканлиги белгилаб қўйилди. Миллий терма жамоа бош мураббийи шу билан бирга Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг фаолиятини бевосита назорат остига олиб, унинг натижалари учун жавобгар эканлиги ҳам ЎФФ Ижроқўми қарори билан белгилаб қўйилди.

Мажлис Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралашидаги иштирокини ҳам ўта қониқарсиз деб баҳоланди. Натижада Бахтиёр Ашурматов ўз аризасига кўра, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнини “Пахтакор” футбол клубида турли лавозимларда ишлаб келган Виктор Жалилов эгаллади. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини Осиё чемпиони қилган Дилшод Нуралиев Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг катта мураббийи этиб тайинланди. Жалилов ва Нуралиев ЎФФ билан шартнома имзоланиши билан “Пахтакор” жамоасидаги вазифасидан озод этилади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг асосий вазифаси 2016 йилги Олимпиада ўйинларининг йўлланмасини қўлга киритиш қилиб белгиланди. Бабаян ва Жалилов янги кўринишдаги мураббийлар штабини 1 ҳафта муддат ичида тасдиқлаш учун ЎФФ раҳбариятига топширади.

Мажлис якунида терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов ва техник директор Рустам Акрамов иш шу даражада давом этиб, терма жамоалар олдига қўйилган вазифалар бажарилмаса, футболдан бутун умрга четлатилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда сўнгги йилда спортни, шу жумладан, миллионлар ўйини бўлмиш футболни янада ривожлантириш бўйича шундай катта ишлар амалга оширилдики, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида, ҳеч бир ерида ҳукумат соғлом авлодни тарбиялаш бўйича спортга, соғлом турмуш тарзига Ўзбекистончалик аҳамият бермайди. Бу энг аввало Ўзбекистонга келиб, бу ерда сония сайин юз бераётган ўзгаришларни кўраётган чет эллик экспертлар, юқори лавозимли инсонлар тан олишяпти. Қолаверса, ўзимиз, футбол мухлислари ҳам кўриб турибди.

Терма жамоаларимиз авваллари қандай мақомга эга эди, ҳозир қандай. Ҳа, 1:8 ҳисобида ютқазган кунларимиз бўлган. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалар жаҳон чемпионати тугул, Осиё чемпионатига чиқиши байрамдек қарши олинар эди. Ҳозир эса, бутунлай бошқача. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалар жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчиси ва энди биз ана шу мусобақаларда маррани яна узоқроқ қўймоқдамиз. Мана шундай маррани энди миллий терма жамоа олдига қўйиш ҳам мумкин.

ЎФФ Ижроқўми навбатдаги жаҳон чемпионатини янги мураббийлар штабига ишониб топширди. Федерация ҳам ишқибозлар, ўзбек халқи жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш вақти келганлигини жуда яхши тушуниб турибди. Ўтган сафар жуда-жуда аламли равишда битта голни деб бу имкониятдан маҳрум бўлдик. Энди эса, хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки, йўлланмага халқнинг ишончи, халқнинг далдаси тикилган.

ЎФФ Матбуот хизмати

Манба: the-uff.com
Киритилди: 15:07, 25.06.2015.
Ўқилди: 9054 марта.
Фикрлар: 53 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.