Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Александр Меленчук: «Дарвозабонлик осон эмас»

Баҳо:
+ | -

Мана, ҳаш-паш дегунча XXIV миллий чемпионатимизнинг биринчи давра  баҳслари ҳам ўз ниҳоясига етди. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби мавсум экваторига 9-ўринда етиб келди. «Лочинлар»нинг муваффақиятларига молдовалик дарвозабон Александр Меленчук ҳам муносиб улуш қўшди.  Жумладан, у кўплаб учрашувларда ўз маҳоратини намойиш этиб, жамоа­сини муқаррар голлардан сақлаб қолди. Афсуски, 13-тур доирасидаги Навоийда «Қизилқум»га қарши кечган баҳснинг 12-дақиқасида Меленчук жиддий жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Айни пайтда жароҳатини даволатаётган Александр билан ўзимизни қизиқтирган бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Александр, суҳбатимизни «Нав­баҳор»нинг биринчи даврада қайд этган натижалари билан бошласак. Клубингиз сизнингча, мавсумнинг биринчи ярмини қониқарли тарзда ўтказдими?

- Очиғини айтсам, жамоамизнинг биринчи даврада қайд этган натижалари хусусида нима дейишгаям ҳайронман. Ижобий десам, хато бўлади зеро ўз майдонимизда айрим ўртамиёна жамоаларга қарши кечган ўйинларда очко йўқотдик. Салбий десам, баъзи кучли клублар билан бўлган учрашувларда очко олдик. Умуман олганда, унчалик қониқарли бўлмаса-да, ҳар ҳолда, жамоамизнинг мавсум экваторигача қайд этган натижасини ўртача баҳолаш мумкин.

Кези келганида таъкидлаш жоиз, жорий мавсумнинг ўз майдонимиздаги дастлабки 2 баҳсида муваффақиятга эришолмадик ва «Машъал»дан мағлубиятга учраб (1-тур, 0:2), «Металлург» билан дурангга имзо чекдик (2-тур, 2:2). Албатта, чемпионатнинг бундай бошланиши биз - футболчиларнинг руҳиятимизга салбий таъсир ўтказди ва илк ғалабани фақат тўртинчи турга келибгина нишонлаб, «Сўғдиёна»ни мағлубиятга учратдик (1:0). Хайрият, шундан кейин ҳаммаси ўз изига тушди.     

- Кўпроқ сафар ўйинларида очко йўқотдинглар ва ўзга майдонлардаги учрашувда фақат «Қўқон-1912» клуби устидан зафар қучдинглар, холос. Қолган  ўйинларда эса мағлубиятга учрадинглар. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Ўзингизга маълум, ҳар бир жамоа ўз майдонида ва мухлислари олдида яхши ўйин намойиш этиб, ғалаба қозонишга интилади. Табиийки, бундай ҳолатда, меҳмонларга қийин бўлади. Қолаверса, ўз уйингда «деворлар ҳам ёрдам беради». Сафардаги баҳсларда ҳам мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишга интилдик. Аммо юқоридаги омиллар билан бирга юзага келган хавфли вазиятлардан фойдалана олмаслик, омадсизлик ҳам жамоамизга панд берди. Шунинг ҳисобига сафардаги ўйинларда очко йиғишнинг уддасидан чиқа олмадик. Энди иккинчи давра баҳсларида сафар учрашувларида ҳам ижобий натижаларни қайд этишга интиламиз.

- Сизни «Навбаҳор»га ким таклиф этди?

- Жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов. У менинг «Сўғдиёна»даги ўйин­ларимни кузатиб юрган экан. Ҳаракатларим маъқул келган шекилли, «Нав­баҳор»га чорлади. Таклифни қабул қилиб, жамоа билан бир йиллик шартнома имзоладим.

- «Навбаҳор»га келгунингизча «Сўғдиёна»да тўп сургансиз. Ушбу икки клуб нимаси билан фарқланади?

- Тўғрисини айтсам, мазкур жамоалар орасида унчалик катта фарқ йўқ. Менимча, шаҳарлар ва мухлислар ўртасида тафовут сезилади. Наманган Жиззахга қараганда каттароқ ва чиройли шаҳар. Бундан ташқари, наманганликлар футболни севишади. Кўча-кўйда юрсам, мени таниб, турли саволлар беришади. Менимча, фар­қи шунда.

- Собиқ клубингиз «Сўғдиёна»нинг биринчи даврадаги ўйинларини кузатганингизга шубҳамиз йўқ. Жиззахликларнинг биринчи даврадаги натижалари хусусида нима дея оласиз?

- Ўзбекистонда тўп сурган илк жамоам «Сўғдиёна» бўлганлиги боис, ушбу клубга бефарқ эмасман. Гарчи жиззахликлар иштирокидаги учрашувларни тўлиқ кузатишга имконият тополмаган бўлсам-да, интернет орқали ва собиқ жамоадошларим билан қўнғироқлашиб, клубнинг натижаларидан хабардор бўлиб турдим. Тўғри, жиззахликлар биринчи давра баҳсларини унчалик омадли ўтказа олишмади. Бунинг эса ўзига яраша сабаблари бор. Жумладан, жамоа 14-тургача, яъни янги стадион ишга тушгунича Жиззахда бўлиб ўтиши белгиланган ўйинларни ҳали Зомин, ҳали Янгиерда ўтказди. Албатта, бу ҳам клуб футболчиларига салбий таъсир ўтказди. 26 июнь куни реконструкция қилинган янги ўйингоҳда илк учрашувини ўтказган «Сўғдиёна» қўқонликлар устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Умуман олганда, янги стадион Даврон Файзиев шогирдларига омад олиб келди. Жиззахликларга иккинчи давра баҳс­ларида ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламан.

- «Навбаҳор» устози Бахтиёр Ашурматов борасида нима дея оласиз?

- У собиқ футболчи бўлганлиги учун футболчиларнинг руҳиятини яхши тушунади. Рости, Бахтиёр Аъзамович келажаги порлоқ мутахассис. Айни пайтда биз - дарвозабонлар билан Хислат Чилматов ишлаяпти. Унинг бир пайтлари Ўзбекистоннинг кучли клубларидан бири «Нефтчи»да фаолият юритганлигини кўпчилик мухлислар жуда яхши билишади. 

- «Навбаҳор»да сиздан ташқари, Хуршид Хўжаев ва Нодир Ашурматов сингари дарвозабонлар бор. Ушбу амплуадошларингиз борасидаги фикрингиз қандай? Улар сизга муносиб рақобатчими?

- Хўжаев ва Ашурматовни ўзимга рақобатчи санамайман. Боиси, учаламиз бир мақсад йўлида бирлашиб, учрашувлар давомида бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Уларнинг иккиси ҳам маҳоратли дарвозабон. Ёшим улуғ бўлганлиги учун уларга ўз маслаҳатларимни бериб, йўл-йўриқ кўрсатаман. Нодир Ашурматов «Шўртан» билан бўлган баҳсда олий лигадаги дебютини ўтказиб, ҳар ҳолда, ёмон таассурот қолдирмади. Умуман олганда, икки ҳамкасбим борасидаги фикрим ижобий.

- Легионер маҳаллий футболчилардан бир поғона юқори бўлиши керак. Мазкур жиҳат сизга ортиқча босим юклаб, қийинчилик туғдирмайдими?

- Билмадим, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Мен ҳар бир ўйинда ўз маҳоратимни намойиш этиб, дарвозам дахлсизлигини сақлашга интиламан. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир учрашувда ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

- Олий лигамизда кўплаб ватандошларингиз тўп суришади. Улар билан кўришиб, гаплашиб турасизми?

- Дарҳақиқат Ўзбекистонда бир қатор ҳамюртларим тўп суришади. Улар билан клубларимиз ўзаро тўқнаш келганида, ўйиндан кейин кўришиб, суҳбатлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб тураман. Шунингдек, айрим пайтларда қўнғироқлашиб тураман. Ахир, барчамизни Ўзбекистонда фақат бир нарса - футбол бирлаштириб турибди. Шунинг учун ватандошларим билан муносабатим жуда аъло даражада.

- «Навбаҳор»да-чи? Ким билан муносабатларингиз ижобий? Ҳамюртингиз Георгий Георгиев биланми?

- Георгий билан муносабатим аъло даражада бўлиши табиий. Чунки иккимиз ҳам ҳамюртмиз ва битта хонада истиқомат қиламиз. Шунингдек, бошқа жамоадошларим билан ҳам яхши чиқишаман. Жамоамиз аҳил-иноқ. Бизда ҳеч қандай гуруҳбозлик йўқ. Барчамиз бир мақсад йўлида бирлашганмиз.

- Футболдан бўш вақтингизда нима билан шуғулланасиз?

- Телевизор кўраман, Наманган шаҳрини сайр қиламан.

- Футболдан ташқари, яна қайси спорт турига қизиқасиз?

- (кулиб). Фақат миллионлар ўйинига меҳрим баланд. Очиғини айтсам, телевизор орқали асосан, футбол учрашувларини томоша қиламан. Қолган спорт турларини кузатишга вақтим ҳам, қизиқишим ҳам йўқ.

- Футболчи бўлганингиздан ҳеч афсусланганмисиз?

- Албатта футболчилик фаолиятим давомида бундай ҳолатлар юз берган. Айниқса, ўзингизга маълум, футболдаги позициялар ичида энг қийини дарвозабонлик. Боиси, 90 дақиқалик ўйин давомида кўплаб зарбаларни бартараф этиб, сўнгги сонияларда ўз дарвозангиздан тўп олиб чиқиб, жамоангиз мағлубиятга учраса, ўйиннинг антиқаҳрамонига айланасиз. Шу сабабли бўлса керак, дарвозабон - ярим жамоа дейишади.  Ҳужумчи эса бутун учрашув давомида кўплаб вазиятларни ҳавога совуриб, сўнгги дақиқаларда ғалаба тўпини киритса, қаҳрамонга айланади. Клубимиз мағлубиятга учраган пайтда шу касбни танлаганим, айниқса, голкиперликни танлаганимдан афсусланган пайтларим ҳам бўлган.

Футболчилик фаолиятингизни хорижда ўтказсангиз, ота-онангиз, оилангиз, яқинларингиздан узоқда бўлишингизга тўғри келади, яъни футболчилик касбининг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо нимаям қилардим, бу тақдир. Шу касбни танлаган эканман, энди унинг қийин­чиликларига ҳам чидаш керак.

- Футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?

- Тўғриси, бу ҳақда умуман ўйлаб кўрмаган эканман. Очиғи, ўзимни бошқа касбда тасаввур қилолмайман.

- Футболга қандай кириб келгансиз?

- Миллионлар ўйинига болалигимдан қизиққанман. Мендаги бу қизиқишни пайқаган дадам қўлимдан етаклаб, шаҳримиздаги футбол мактабига олиб борганлар ва футболчи бўлишимга шароит яратиб берганлар. Кейин эса «Тирасполь» клубининг футбол мактабида таҳсил олдим. Катта футболдаги фаолиятимни ҳам ушбу жамоада бошладим.

- Болалигингизда кумирингиз ким бўлган?

- «Бавария» клуби ва Германия терма жамоаси дарвозабони Оливер Кан. Ёшлигимда унинг ўйинларидан завқ олардим.

- Замонавий футболдаги киперлардан қайсиларининг ўйинлари сизга кўпроқ ёқади?

- Жаҳон футболидаги дарвозабонларнинг ўйинларини кузатиб тураман, албатта. Замонавий киперлар орасида маҳоратлилари жудаям кўп. Бундайлар сирасига Петр Чех, Жанлуижи Буффон, Икерь Касильс, Мануэль Нойерларни киритиш мумкин. Ушбу посбонларнинг ўйинларидан завқ оламан.

- Сизнингча, замонавий дарвозабон қандай хислатларга эга бўлиши лозим?

- Дарвозабон рақиб томонидан бериладиган зарбани бартараф этишга доимо тайёр туриши, эпчил ва чаққон, ҳар дақиқа ҳушёр бўлиши шарт. Шундагина у замонавий дарвозабон талабларига жавоб бера олади.

- Киперга одатда ҳимоячилар ёрдам беришади. Бунда ҳимоячиларнинг тажрибаси ҳам муҳим роль ўйнайдими?

- Бўлмасам-чи! Ҳимоячи тажрибали ва ишончли бўлса, сиз ўзингизни анча хотиржам ҳис этасиз. Футбол - бу жамоавий ўйин. Биз - дарвозабонлар ҳимоячилар билан бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад йўлида курашамиз. «Навбаҳор»нинг ҳимоячилари ҳам маҳоратли ва улар ҳақида фикрим ижобий. 

- Ўзбекистон ва Молдова чемпионатлари савиясини  солиштира оласизми?

- Ватанимизда анчадан буён бўлмадим ва ички биринчилик ўйинларини  кузатолмаяпман. Шу боис, ушбу саволингизга жавоб беришим мушкул.

Фақат шуни таъкидлашим мумкинки, Молдова чемпионатида чемпионлик учун 2-3та клуб кураш олиб борса, Ўзбекистонда кучли клублар сони бироз кўпроқ. Аммо чемпионатларнинг савия­сини солиштира олмайман. Лекин шуни таъкидлашим жоизки, Ўзбекистон олий лигасининг савияси МДҲда юқори ўринлардан бирида туради.

- Қачон жароҳатингиздан фориғ бўлиб, майдонга қайтасиз?

- Шифокорларнинг таъкидлашларича, иккинчи давра баҳслари бошлангунча жароҳатимдан қутуларканман. Ҳал қилувчи босқич ўйинларида жамоамиз мухлисларини ўз ғалабаларимиз билан хурсанд қиламиз, деган умиддаман.  

- Орзунгиз...

- Тўғрисини айтсам, орзу қилиш ёшидан ўтганман. Шундай экан, асосий мақсадим, «Навбаҳор» таркибида яхши ўйин намойиш этиб, совриндорлар сафидан жой олиш. 

- Жорий мавсумда «Навбаҳор»нинг олдига қандай вазифа қўйилган?

- Ўтган йилгидан яхшироқ натижани қайд этиш. Буни амалга ошириш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз.

Александр Меленчук

Туғилган санаси ва манзили: 1979 йил 20 март, Молдова, Бендера шаҳри

Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган

Биринчи мураббийи: Виктор Васильевич Мураховский

Амплуаси: дарвозабон

Ўйнаган жамоалари: «Шериф» (Тирасполь) - 1996 - 2000, 2007-2011; «Тирасполь» (Тирасполь) - 2001-2006; «Сўғдиёна» (Жиззах) - 2012-2014; 2015 йилдан «Навбаҳор»да

Оилали, 3 фарзанднинг отаси

Мухлислик қиладиган клуби: «Реал»

Ёқтирган футболчилари: Икерь Касильяс, Жанлуижи Буффон

Молдова миллий терма жамоаси таркибида 14та учрашувда майдонга тушган.       

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:26, 08.07.2015.
Ўқилди: 4833 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.