Ўтган гал бир қатор номдор жамоаларнинг бошқа мамлакатлардаги номдошлари ҳақида гаплашган эдик.
“Арсенал” номи остида фаолият олиб борадиган жамоалар, “Реал”нинг бошқа мамлакатлардаги “адашлар”и, Эквадордаги “Барселона”нинг қандай шов-шув кўтаргани кўплаб мухлислар орасида муҳокамага сабаб бўлди. Шуни инобатга олган ҳолда ўша мавзунинг мантиқий давомини эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Машҳур жамоаларнинг кўрсатадиган ажойиб ўйинлари бутун дунёдаги футбол иҳлосмандларига манзур бўлади. Натижада янгидан асос солинаётган ёш жамоаларнинг баъзилари ўша номдор грандларнинг номини ёки эмблемасини шунчаки “ўзлаштириб” қўя қолади.
Қуйида клуб логотипи қайсидир гранд жамоаникига “ТАСОДИФАН” ўхшаб қолган жамоалар ҳақида сўз юритамиз.
“Жава Лэйн”, Шри - Ланка
Мўжаз Шри - Ланка мамлакатида “Жава Лэйн” номли клуб фаолият юритади. Ушбу жамоанинг эмблемасига диққат билан разм солган киши ҳаёлига негадир Англиянинг “Ливерпуль” клуби келади. Бунга етарлича асос бор, албатта. Зеро “Ливерпуль”га ҳавас қилган Шри-Ланкаликлар ўз жамоаларининг ҳам худди инглиз клуби каби муваффақиятли клубга айланишини мақсад қилган ҳолда унинг логосини андоза қилиб олишган бўлса, не ажаб…
“Арсенал” Берекум, Гана
Кеча “тўпчилар” номи остида фаолият олиб борадиган бир қатор жамоалар ҳақида маълумот берган эдик. Бу гал энди навбат Лондоннинг “Арсенал” жамоасининг логотипини ҳам “ўзлаштириб” олишга улгурган клубларга тўхталамиз. Улар орасида, айниқса, Гананинг Берекум шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “Арсенал Берекум” клуби ажралиб туради. Мазкур жамоанинг эмблемаси сизга қайсидир бошқа жамоани эсга солмаяптими, мабодо…
“Севилья” Хункес, Пуэрто–Рико
“Севилья” номли жамоа фақат Испанияда бор, деб ўйлайсизми?! Қаттиқ адашасиз! Узоқ Пуэрто–Рикода ҳам худди шу ном остидаги жамоа мавжуд. Қизиқ жиҳати шундан иборатки, Хункеснинг “Севилья”си логотипи ҳам худди испан жамоасиникига ўхшайди. Балким, бу тасодифдир… Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.
“Сантос” Жоржтаун, Гайяна
Биласизми, эмблема “ўғри”лари нафақат Европа жамоалари логоларини кўчиришади, балки Жанубий Америкада ҳам бу холни кузатиш мумкин. Бразилиянинг байроқдор жамоаларидан бири “Сантос”нинг шинавандалари Гайянада ҳам топилар экан. Улар ўз жамоаларига “Сантос Жоржтаун” дея ном қўйиш билан биргаликда бразилияликларнинг логотипларини ҳам андоза қилиб олишган экан. Кўринг, қайси жамоанинг эмблемаси оригинал эканини ажратишга қийналмасмикансиз…
“Челси”, Гана
“Челси” – дунёдаги энг кўп мухлисларга эга жамоалар сирасига киради, буни биласиз. Диққатга сазовор жиҳати, Лондон супер клубининг ишқибозлари Ганада шу номдаги футбол клубига асос солишга қарор қилишган экан. Лекин улар ўз жамоалари логотипига “аристократлар”нинг ҳозирги эмас, балки эски эмблемасини андоза сифатида олишган экан. Кўриб, бир баҳо беринг..!
“Порту де Макао”, Макао
Португалиянинг “Порту” жамоаси Хитой ҳудудида жуда кўплаб шинавандаларга эга. Макаоликлар ҳам португал жамоасини жуда севишади. Буни ушбу кичик мамлакатда асос солинган “Порту де Макао” клуби номи ҳам кўрсатиб турибди. Ушбу жамоанинг логоси ҳақиқий “Порту”дан деярли фарқ қилмайди. Нима дедингиз…
“Реал” Потоси, Боливия
Мадриднинг “Реал” клуби жаҳон бўйлаб юзлаб жамоаларнинг номланишида ижобий маънода ўзининг “таъсир”ини ўтказган. Ўтган гал хабар берганимиздек, бутун дунёда “Реал” номли тахминан 100 та клуб мавжуд. Қизиқ жиҳати, мазкур жамоаларнинг кўпчилиги ўз логоларини айнан “Реал Мадрид”никига ўхшган ҳолда тайёрлашган. Масалан, Боливиянинг Потоси шаҳри жамоаси саналадиган “Реал”нинг логотипи “қироллик клуби” эмблемасига ўхшаш ва ўхшамайдиган жиҳатларга эга. Бунга ўзингиз баҳо бериш имконига эгасиз…
“Сент Катаринс Рома Вулвз”, Канада
“Рома” клуби логотипини ҳам “бузилган” ҳолда кузатиш мумкин. Канаданинг “Сент Катаринс Рома Вулвз” жамоаси логотипини кўрган заҳоти Римнинг “бўрилари” ёдга тушади. Киши эътиборини ўзига тортадиган жиҳати шундан иборатки, Канада жамоаси логотипида бироз ўзгартириш киритилган.
“Аякс де Уэнзе” Браззавиль, Конго
Конго пойтахти Браззавиль шаҳрида “Аякс де Уэнзе” номли жамоа мавжуд. Ушбу клуб ташкил этилаётган пайти унинг асосчилари Голландиянинг “Аякс”ига ҳавас қилишгани тайин. Зеро ҳар икки жамоанинг логоларини солиштирганда, деярли катта тафовут кузатилмайди. Бундан ташқари Амстердамнинг дунёга машҳур жамоасининг номи билан фаолият юритадиган яна бир жамоа мавжуд. Ушбу клуб Эстониянинг Ласнамяэ шаҳрининг “Аякс” жамоасидир. Лекин шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, эстон “Аякс”ининг логотипи голланд жамоасиникидан анча фарқ қилади. Бироқ сезгир мухлис унда ҳам қандайдир ўхшаш ва мужассам жиҳатни топа олади…
“Барселона” Гуаякиль, Эквадор
Каталониянинг “Барселона” жамоаси ҳам жаҳондаги бир қатор жамоаларга ном ва эмблема танлашда “илҳом” берган, десак адашмаймиз. Зеро Лотин Америкасидаги бир нечта мамлакатда “Барселона” номи остидаги клублар фаолият юритишади. Белизнинг “Белиз Сити” жамоаси, Доминикан Республикасидаги “Барселона” (Санто - Доминго), Венесуэладаги “Монагас” жамоалари логотипига разм солган киши, беихтиёр Каталон супер клубининг логоси ҳақида ўйлайди. Бунга етарлича асос бор. Зеро юқоридаги жамоаларнинг барчаси испан клуби логосидан андоза олган ҳолда ўз эмблемаларини ишлаб чиқишган. Уларнинг баъзилари ҳақиқий логога бирозгина ўзгариш киритишган бўлса, баъзилари уни шундайлигича олиб қўя қолишган.
“Уш Травадореш” Прая, Кабо – Верде
Кабо – Верденинг “Уш Травадореш” жамоасини Португалияда жуда яхши билишади. Бунга эса қуйидагича сабаб бор: Прая шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган мазкур жамоанинг логотипи Лиссабоннинг “Бенфика” клуби логосига жуда-жуда ўхшайди. Лекин яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, “Уш Травадореш”дан ташқари яна бир қатор бошқа жамоаларнинг логотиплари ҳам португал грандиникига ўхшайди. Масалан, “Бенфика” Луанда (Ангола), “Каса Бенфика” Андорра-ла-Велья (Андорра), “Рапид Мансфелдия Хамм Бенфика” Люксембург (Люксембург) жамоалари эмблемалари Лиссабон шаҳри жамоаси логотипига
ўхшашдир. Буни зийрак мухлис бир қарашдаёқ сезиб олади.
“Ювентус” Бухарест, Руминия
Руминия пойтахти Бухарестда “Ювентус” номли жамоа бор, десак ишонасизми… Ҳа, ҳақиқатдан ҳам румин заминида Турин супер клубига ҳавас қилган ҳолда ўз номини “Ювентус” дея қўйган жамоа фаолият юритади. Диққатга сазовор жиҳати, ушбу клубнинг логотипи ҳам италян жамоаси логоси асосида ишлаб чиқилган. Фақат ундаги асосий ранг “оқ – қора” эмас, балки “оқ-кўк”дир. Қолагн жиҳатлар билан ушбу логотип аслидан унча фарқ қилмайди. Қолаверса, Ливиядаги “Ал Мадина” жамоаси ҳамда Жазоирнинг “Антант Спортиф Сетиф” жамоалари эмблемасидан ҳам Туриннинг “Ювентус” клуби логоси билан умумийлик жиҳатларини топиш мумкин.