Кириш Регистрация

Ғалати тайинловлар

Баҳо:
+ | -

Бир неча кун олдин Рафаэль Бенитес Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийлигига тайинланди. Тўғриси, испаниялик мутахассиснинг «Қироллик клуби»ни қабул қилиб олиши кўпчиликни ажаблантирди. Аммо замонавий футболда айни турдаги ажабланарли тайинловлар кўп бўлган. Қуйида шулар билан танишасиз.

Рафаэль Бенитес, «Наполи» — «Реал»

Шубҳасиз, мавзуни ушбу мутахассисдан бошлаймиз. Тўғриси, Бенитес қобилиятсиз мутахассис эмас. Ҳар ким ҳам Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқавермайди. Боз устига, унчалик ҳам кучли таркибга эга бўлмаган жамоа билан. «Ливерпул»нинг «Милан»га қарши ўйини эсингиздан чиқмаган бўлса керак. Умуман олганда, Рафаэлдан кўп нарсани ўрганса бўлади.

Бироқ Бенитес «Интер», «Челси» «Наполи» клублари билан айтарли натижаларни қўлга киритолмади. Тўғри лондонликлар билан УЕФА кубогини, «Наполи» билан Италия кубоги ва суперкубогини қўлга киритди. «Интер унинг бошчилигида клублар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Аммо Рафани бунинг учун таклиф қилишмаганди.

Ўтган мавсумда эса «Наполи» билан омадсизликка учради. Жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга кирита олмади. Неаполликлар турнир жадвалида таркиб жиҳатидан кучсиз бўлган «Лацио»ни олдинга ўтказиб юборишди. Европа Лигасининг ярим финалида эса «Днепр»га имконият бой берилди. Шундай мавсумдан кейин Рафани «Реал»га таклиф қилишди. Балки олдинги хизматларини инобатга олишгандир. Лекин барибир, кутилмаган танлов.

Массимилиано Аллегри, «Милан» — «Ювентус»

Албатта, «кекса синьора»нинг Аллегри қўл остида ишончли тарзда Италия чемпиони бўлгани, кутилмаганда Чемпионлар Лигасининг финалига чиққанини биламиз. Лекин гап бунда эмас. Уни бош мураббий этиб тайинлашгани ҳақида. Ҳозир барча Массимилианони мақташи ва «Уни шундай натижаларни қайд этишини билардим» дейиши мумкин. Аммо 2014 йилнинг июлида барча «Ювентус»нинг қароридан кулганди. Тўғри, «Милан» билан 2011 йили соврин эгаси бўлган. Шунга қарамай, жамоани «барбод» қилганди. Шу боис ҳам «Ювентус»нинг бунчалик муваффақиятли ўйнашини ҳеч ким кутмаганди.

Мутахассислар уёқда турсин, айрим мухлислар йиллик абонемент учун берган пулларини қайтариб беришларини сўрашган. Лекин Аллегрига умидсизлик билан қараганлар ҳозир афсус чекаётган бўлсалар ажабмас.

Андре Виллаш-Боаш, «Тоттенхэм» — «Зенит»

Яна янги клуби билан муваффақиятли иш олиб борган мутахассис. Шунга қарамай, португалияликнинг Англиядаги муваффақиятсизликларини бот-бот эслаб туришади. Андре эса бунга Россия чемпионатининг олтин медалини кўрсатиб, жим туриши мумкин.

Албатта, питерликлар уни Англиядаги омадсизлиги учун эмас, «Порту» билан қайд этган натижалари учун таклиф этишган. «Порту» билан юқори чўққиларни забт этган АВБни «Челси»га таклиф қилишди. Ундан сўнг «Тоттенхэм»да ишлади.

Виллаш-Боаш Лондонни тарк этаётиб, вазиятни ўзгартириш лозимлигини айтганди.

Леонид Кучук, «Локомотив» — «Кубань»

Беларуслик мутахассис узоқ йиллардан сўнг «Локомотив»га омад келтирганди. Россия чемпионатидаги учинчи ўриндан сўнг жамоанинг «топ»лар қаторига қайтишини тахмин қила бошлашди. Бироқ кейинги мавсумда Кучукнинг омади шунчалик юришмадики, ҳаттоки Баковкадаги базага ҳам боролмай, «Локо»дан ҳайдалди.

Можароли кетиш Кучук учун одатий ҳол. 2012-2013 йиллар мавсуми олдидан у «Кубань» билан шартнома имзолаганди. Краснодарликлар бу ҳақда эълон қилишга ҳам улгуришганди. Аммо беларуслик мутахассис кутилмаганда йўқолиб қолди. Қўнғироқларга жавоб бермади ва алоқага чиқмади.

Умуман олганда, Кучук «Кубан»ни алдаганди. Энди Краснодар клуби яна уни бош мураббий лавозимига таклиф қилди. Тўғриси, «Кубан»нинг бу қарорини тушуниш қийин.

Миодраг Божович, «Ростов» — «Локомотив»

Ольга Смородская «Локо» учун мос мураббийни қидиришни канда қилмаяпти. Яқинда у россиялик журналистларга Божовичга ишонганини айтиб ўтди. «Божовични тайинлаб таваккал қилдик дея олмайман. Россия чемпионатини яхши биладиган кучли мутахассис. Унда муваффақият қозониш учун имкониятлар етарли», деди Смородская.

Бироқ Россия футбол аҳли бошқача фикрда. Биринчидан, Божович Россиянинг топ клуби билан бир марта ишлаган, холос. «Динамо»да ҳам омади келмаган. Иккинчидан, «Ростов»ни тарк этаётганида жамоа 14-ўринда эди. Шунга қарамай, «Локомотив»га таклиф қилишди. Натижада Божович ишонч­ни оқлай олмади.

Умуман олганда, Миодраг ҳар доим ишсиз қолиб кетмаган. Москвадан сўнг у Сербиянинг етакчи клубларидан бири «Црвена Звезда» билан шартнома имзолади.

Карлуш Кейруш, «МЮ» — «Реал»

«Қироллик клуби» футбол аҳлини ҳайрон қолдиришга ўрганиб қолган. Сэр Алекс Фергюсон ёрдамчиси айтарли бош мураббий вазифасини бажармаганди. Лекин Мадриддагилар дебютини «Реал»да ўтказишига имкон яратиб беришди. Шубҳасиз, португалиялик мутахассис бу таклифни рад эта олмасди. Жаҳон матбуотида унинг омадсизлиги ёритилиши билан нима иши бор?

Шундай ҳам бўлиб чиқди. «Реал» мавсумни жуда ёмон ўтказди ва тўртинчи ўрин билан кифояланди. Аксига олиб, мураббийнинг футболчилар олдида ҳурмати қолмаганди. Якунда Кейруш истеъфога чиқарилди. Ўшанда Фернандо Йерро «Бундан ёмон «Реал»ни ҳеч қачон кўрмагандим»,-деганди. Карлуш яна «МЮ» ёрдамчи мураббийи бўлиб ишлади. Кейинчалик Португалия терма жамоасини бошқарди. Айни пайтда эса Эрон терма жамоаси бош мураббийидир.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 09:32, 10.07.2015.
Ўқилди: 4544 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.