1992 йилдан буён ўтказилиб келинаётган Чемпионлар лигаси (Чемпионлар кубоги ҳисобга олинмаган)да футболчилар 84 марта "хет-трик"ка эришишган. Шунингдек 9 та "покер" ва 2 та "флеш" ҳам қайд этилган. Бугун биз сизнинг ҳукмингизга энг яхши "хет-трик"лардан тузилган кетма-кетликни тадқим этамиз.
10. Рой Макаай. "Депортиво" – "Бавария" 3:2 (2002-йил)
"Депортиво" ҳужумчиси Роой Макаайнинг киритган учта голи жамоасига Мюнхеннинг "Бавария" клуби устидан чиройли ғалаба келтирган.
9. Гарет Бейл. "Интер" – "Тоттенхем" 4:3 (2010-йил)
Бейлнинг қанотлардан фантастик юришлари "Сан Сиро"га ташриф буюрган мухлисларнинг олқишларига сабаб бўлди. Унинг учта голи жамоасига ҳеч қандай ёрдам бермайди, бироқ Бейлнинг учта бир хил услубдаги голи мухлисларга олам-олам завқ бағишлади.
8. Валтер Пандиани. "Депортиво" – ПСЖ 4:3 (2004-йил)
Макаай, Тристан ва Пандиани каби ҳужумчилар тўп сурган "Депортиво" ХХ асрнинг бошларида ўзининг олтин даврларини ўтказган эди. 2004-йили гуруҳ босқичида Пандианинг учта голи жамоасига ажойиб ғалабани туҳфа этган эди.
7. Фаустино Аспириля. "Нюкасл" – "Барселона" 3:2 (1997-йил)
Колумбиялик ҳужумчи кимсан "Барселона" дарвозасини уч марта ишғол қилди. Ушбу голлар "Нюкасл"га ғалаба учун етарли бўлди. Ўша куни матбуотда Аспириля – "Барселона" 3:2 қабилидаги мақолалар болалаб кетганди.
6. Роналдо. "Манчестер Юнайтед" – "Реал" 4:3 (2004-йил)
Ушбу учрашув "Аср ўйини" дея эътироф этилганди. "Олд Траффорд"да кечган чорак финал жавоб ўйинида Роналдонинг битта ўзи "Қизил иблислар"га қарши ўйинда масалани ҳал қилиб қўйди. Унинг "хет-трик"и жамоасини мағлубиятдан қутқариб қола билмаган бўлса ҳам, икки ўйин натижасига кўра устунликни Мадридликлар томонига оғишини таъминлаб берган эди.
5. Ривалдо. "Барселона" – "Милан" 3:3 (2000-йил)
Ривалдо "Милан"га қарши ўйинда бутун жамоа номидан битта ўзи гол урди. Унинг учта голи жамоага атиги 1 та очкони туҳфа қилди. Бироқ бразилиялик футболчининг кўрсатган фантастик ўйини мухлисларга манзур бўлганди.
4. Тунжай Шонли. "Фенербахче" – "Манчестер Юнайтед" 3:0 (2004-йил)
Ушбу ўйин "Юнайтед" учун ҳеч қандай аҳамият касб этмасди. Бироқ турклар учун бу жуда ҳам муҳим беллашув эди. Ўйин тақдирини "Фенер" ҳужумчиси Тунжай Шонлининг битта ўзи ҳал қилиб қўя қолди. У унглизлар дарвозасига нақ учта тўп жойлаб қўйди ва жамоасига тарихий ғалабани туҳфа қилди.
3. Робин Ван Перси. "Манчестер юнайтед" – "Олимпиакос" 3:0 (2014-йил)
Голландиялик ҳужумчи "Олимпиакос"га қарши нимчорак финалнинг жавоб ўйинида 3 та гол киритди ва "МЮ"ни чорак финалга олиб чиқди. Биринчи ўйинда греклар 2:0 ҳисобида устун келишганди. "Қизил иблислар" устози Мойес ўша ўйиндан сўнг Персига минг марталаб рахмат айтса арзирди.
2. Андрей Шевчено. "Барселона" – "Динамо Киев" 0:4 (1997-йил)
"Динамо"нинг 21 ёшли ҳужумчиси Андрей Шевченко "Камп Ноу"да "Барселона" дарвозасини уч марта ишғол қилди ва бутун Европага ўзини танитиб қўйди. Шу куни Лобановский шогирдлари Кталониядан тарихий ғалаба билан қайтишганди. Шева эса "Барса" посбонинг тушларига кириб чиққан бўлса неажаб.
1. Уэйн Руни. "Манчестер Юнайтед" – "Фенербахче" 6:2 (2004-йил)
Шу куни "қизил иблислар" сафида дебют ўйинини амалга оширган 19 ёшли Руни турклар дарвозасини уч марта ишғол қилиб, фантастик дебют амалга оширди. Ўшандан сўнг Руни инглиз футболи келажаги эканлигига шубха қилувчилар деярли қолмаганди.
Фурқат Юсупов
www.Furkat.uz